Хабарингиз бор, 2016 йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди.
Амнистияга оид қарорнинг қўлланилишида ошкоралик тамойилига тўлиқ амал қилинишига эътибор қаратилди. Хусусан, қарорни татбиқ қилиш борасидаги тадбирлар, уни қўллаш ҳақидаги илтимосномаларнинг судлар томонидан кўрилишида сенаторлар, вилоят, шаҳар ва туман кенгаши депутатлари ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилди.
Мазкур қарор вилоятимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган 2470 нафар маҳкумга нисбатан татбиқ этилди. Уларнинг 2 нафари вояга етмаган, 14 нафари 60 ёшдан ошган, 36 нафари чет эл фуқароси ҳамда 15 нафари фуқаролиги бўлмаган шахслардир.
Шунингдек, амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1-бандига асосан 3 нафар, 2-бандига асосан 23 нафар, 3-бандига асосан 293 нафар, 4-бандига асосан 78 нафар, жами 397 нафар маҳкум жазо муддатининг ўталмай қолган қисмидан озод этилди ва оиласи бағрига қайтарилди.
Қарорнинг 6-банди “а” кичик бандига кўра 1420 нафар, “б” кичик бандига кўра 653 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазо муддати белгиланган тартибда қисқартирилди.
Яна бир жиҳати, амнистияга мувофиқ жазодан озод этилган фуқаролар ўз ҳолига ташлаб қўйилмади. Бунда ҳам қонунларимизда акс этган инсонпарварлик тамойили намоён бўлади. Шу тахлит улар ҳар томонлама – ижтимоий, маънавий ҳимояга олинди. Бу борада вилоят ҳокимлиги ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликда қатор тадбирлар амалга оширилганини алоҳида қайд этиш ўринли.
Жумладан, республиканинг турли муассасаларида жазо муддатини ўтаган 197 нафар воҳадошимиз амнистия актига кўра жазодан озод этилди. Табиийки, уларнинг бирданига жамиятда ўз ўрнини топиб, ўз ҳаётини ўнглаб олиши осон кечмайди. Бунинг учун, албатта, уларга кўмак кўрсатиш зарур. Ишга жойлашиб олгунига қадар эҳтиёжини қоплаши учун ушбу фуқароларнинг ҳар бирига ўртача 877 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам тақдим этилди. Бу юртимизда ҳеч бир инсон тақдирига бефарқ бўлишга йўл қўйилмаслиги, унга ғамхўрлик кўрсатиш асосий эътиборда эканига ишорадир.
Таъкидлаш жоизки, меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган тегишли чора-тадбирлар доирасида жазодан озод этилган шахслар дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этишга амалий ёрдам бериш ҳам белгиланган. Шу мақсадда уларни қийнаётган масалалар ўрганилди. Натижада жазодан озод этилган шахсларнинг 134 нафарида биометрик паспорт олиш эҳтиёжи аниқланиб, уларнинг 123 нафарига янги биометрик паспорт олиб берилди. Қолган 11 нафар шахсга паспорт олишда кўмаклашиш учун тегишли электрон маълумотлар шакллантирилди ва белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига юборилди.
Бундан ташқари, жазодан озод этилган 197 нафар фуқаронинг барчаси туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида малакали мутахассислар томонидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада бир нафар фуқарога сил касаллиги ташхиси қўйилиб, шифохонага ётқизилган бўлса, ОИТС касаллиги аниқланган бир нафар фуқарони даволаш чоралари кўрилди. Яна турли касалликлардан азият чекаётган 27 нафар фуқаро амбулатор ва стационар шароитларда соғломлаштирилди.
Амнистияга асосан жазодан озод этилган фуқароларнинг қайтиб эгри йўлларга кирмаслиги учун уларнинг бандлигини таъминлаш энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Рўйхатга олинган фуқароларнинг 182 нафари меҳнатга лаёқатли экани инобатга олиниб, айни дамга қадар уларнинг 173 нафари ишга жойлаштирилди. Қолганлари эса касаллиги туфайли вақтинча ишсиздир.
Шунингдек, 4 нафар нафақадаги, 4 нафар 2-гуруҳ ногирони, 2 нафар вояга етмаган шахснинг ҳам ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ чора-тадбирлар кўрилди.
Бу каби ишларнинг замирида билиб-билмай жиноят содир этган фуқароларни шунчаки жазодан озод этиш эмас, балки ҳаётда тўғри йўлни топиши учун барча имкониятларни яратиб беришдек юксак инсонпарварлик сиёсати мужассам. Шундай экан, жазодан озод бўлган фуқароларимиз ўз ҳаётини озодликда, оиласи бағрида шод-хуррамликда ўтказса, қилмишидан тегишли хулоса чиқариб, юртга, жамиятга, оиласига нафи тегадиган ишнинг бошини тутса, айни муддао бўлади.
Фарҳод ОМОНОВ,
Қарши махсус прокурори, адлия маслаҳатчиси