Жаҳон адабиёти буюк намояндалари қаламига мансуб ҳикоялар жозибадор сеҳридан ютоқиб қонганинг он беихтиёр шундай хулосага келасан киши. Айниқса, бу борада Лотин Америкаси мамлакатларининг Борхес, Онетти, Маркес, Бенедетти, Фуэнтос сингари ўнлаб фавқулодда буюк адиблари яратган мактаблар жаҳоний адабиётни янгича руҳ, ўзгача мазмун ва шакл билан бойитди. Қайсидир адабиёт ихлосмандини Габриэль Гарсиа Маркеснинг фусункор реализми ўзига ром этса, кимдир бутун ижоди давомида адабиётдаги аксар йўналишларни рад этган Хорхе Луис Борхеснинг афсоналарга мойил, атиги 5-6 бетлик мўъжизавий ҳикоялари мухлиси.
Ўтган аср интиҳосида Лотин Америкаси ёзувчиларининг катта тўлқин билан кўтарилиши, ижодий парвозини жаҳоннинг йирик адабиётшунослари бежиз “Американинг иккинчи бор кашф қилиниши” деб баҳолашмаганди. Мана шундай улкан эътироф сабабчиларидан бири аргентиналик буюк адиб Хулио Кортасар умри давомида баракали ижод қилди. Унинг қаламига мансуб “Роуэла”, “Ютуқ”, “62. Тўплам учун андоза”, “Имтиҳон”, “Мануэлнинг китоби” сингари романлар, “Кун теварагида айланаётган 80 минг олам” роман-коллажи жаҳон адабиёти ноёб дурдоналари сафидан муносиб ўрин олди. Кортасар айниқса ҳикоя жанрида унумли ижод қилди. Афсуски, ўзбек китобхони адиб ижоди билан етарли даражада таниш эмас. Адашмасам, “Жаҳон адабиёти” журналининг шу йил июль сонида эълон қилинган “Онамнинг мактублари” унинг ўзбек тилига ўгирилган ўн биринчи ҳикояси. Аммо шугина танишувнинг ўзиёқ атоқли ёзувчи сеҳрли реализм оқимининг етакчи намояндаларидан бири эканлиги ҳақида етарли тасаввур ҳосил қилишимизга кифоя қилади.
Умрининг катта қисмини Европада ўтказган Кортасар ижоди муқаддимасида уругвайлик Орасио Кирога ҳамда ватандоши Хорхе Луис Борхесни маънавий устози деб биларди. У “Қисқа ҳикоя ва унинг ҳудудида” деб номланган мақоласида Кироганинг ҳикоя ёзиш санъати сирлари ҳақида қуйидаги маслаҳатини алоҳида эътироф этади: “Шундай ҳикоя қилгинки, гўё бу ҳикоя ўзинг яратган адабий персонажларингнинг мўъжазгина давраси учун қизиқарли бўлсин. Бу персонажлардан бири ўзинг бўлишинг ҳам мумкин. Фақат шундагина ҳикоянг ҳаётий чиқади”.
Дарҳақиқат, ижоди давомида бу ўгитга амал қилган Кортасар ҳикояларининг катта қисми биринчи шахс номидан баён этилади, аммо ёзувчи сира қаҳрамонлари устидан ҳукмфармолик ўрнатмайди, ортиқча изоҳларга ўрин бермайди, воқеалар оқимига аралашмайди, битиклар тили ва тузилиши қанчалик мураккаб, оддий китобхон учун тушуниш қийин бўлмасин, равон ўқилади. Бир қарашда Кортасар ҳикояларида фантастикага мойиллик бордек туюлади. Ҳар бир ҳикоя ўзига хос олам, қизиғи шундаки, уларнинг ҳаммасида мўъжиза рўй беради, биз кутмаган ҳориқулодда ҳодисалар қаҳрамонлар ҳаётини алғов-далғов қилиб ташлайди. Мисол сифатида шапалоқдек китобчага жойланса, нари борса бир бетни эгаллаши мумкин бўлган “Ўтаётган боғлар” (Шарифжон Аҳмедов таржимаси) ҳикоясини олайлик. Номи ҳикояда аксини топмаган сармоядор ишлари кўпайиб кетгани туфайли илгарироқ ўқий бошлаган китобини сафардан поездда чорбоғига қайтар экан тағин қўлга олади. “Асар қаҳрамонларининг қиёфалари ва воқеалар ривожи уни тобора ўзига тортиб борарди. Чорбоғда адвокатига мактубни ёзиб тамомлагач, иш бошқарувчиси билан ижара жиҳатларини фикрлашгунича кеч кирди. Бугуннинг мажбуриятлари адоғига етганидан мамнун тарзда ойналари эманзор боққа қараган хос бўлмасида яна ўша китобга тутинди. Уни баайни ўзига чорлаётган ва шу қадар кўникилган оромкурсига қулайроқ ўрнашар экан, ўриндиқнинг зангор барқутини алланечук меҳр билан силади.
Эшикка терс қўйилган курсининг бу ҳолати исталган меҳмон хаёлида унинг ташрифи аслида бемаврид экани ҳақидаги ноқулай фикрлар уйғотишини ўйлаб, мийиғида кулиб қўйди. Сўнгги боб саҳифалари ортда қолар экан, қаҳрамонлар феъл-атвори ва исмларини осонгина эслаб қоларди, зум ўтмай воқеаларнинг маккор гирдобида оқа бошлади. Китоб домига тортилиб, ўзи қўним топган мана шу уйнинг, ойналар ортидаги мана шу боғнинг одатий қуршовидан алланечук носоғлом бир мароқ билан олислаб борарди, аммо айни пайтда бугуннинг ташвишларидан толиққан вужуди оромкурсига қулай ўрнашиб олгани, тамакидони шундоққина қўли остида экани, ойна ортида – эманлар аро эса бу оқшомнинг мусаффо эпкинлари эсмоқда эканини ҳам яққол сезиб турарди”.
Сармоядор томонидан мутолаа қилинаётган китоб воқеалари тобора юқори нуқтасига кўтарилиб боради. Унда айтилишича, тоғ бағридаги кулбада аёл жазмани билан ким нечанчи бор учрашади. Аммо бу гал улар ҳар доимгидек эҳтирослар оғушига тушиш мақсадида эмас, пинҳона суиқасд режасини тузишга келишган ва бу режа тузилади. Воқеалар ривожи шундай кўриниш олади: “Режага кўра, қўриқчи итлар сукут сақлаши лозим эди – улар чиндан жим эди.
Уй бошқарувчи ҳам бу маҳал оёқ остидан чиқмаслиги лозим эди – атрофда ундан чиндан нишон йўқ эди. Жазман уч бўлмали зинадан айвонга кўтарилиб, уй ичкарисига қадам қўйди. Юраги ҳаприқиб ура бошлади, аёлнинг унга неча бор уқтирган сўзлари оғриқ кирган қулоғи остида жаранглаб эшитилди: аввалига мовийранг меҳмонхона, ундан сўнг даҳлизга ўтилади, даҳлиз сўнгида эса гилам тўшалган пиллапоя. Пиллапоя адоғида икки эшик. Биринчи хонада ҳеч кимса йўқ эди, кейингиси ҳам бўм-бўш. Мана, ниҳоят хос бўлма эшиги, қўлда эса ҳамлага шай ханжар, ойналарда оҳиста аксланаётган фонус шуъласи ва… ва зангор барқут қопланган, эшикка терс қўйилган баланд оромкурсида қулай ўрнашиб олганча аллақандай китобни берилиб мутолаа қилаётган бир одам…”
Ҳикоя айнан шу сўзлар билан ниҳоясига етади. Энди юқорида келтирилган икки парчада тасвирланган хос бўлма, зангор барқут қопланган, эшикка терс қўйилган баланд оромкурсида қулай ўрнашиб олганча китоб мутолаа қилаётган бир одам... Ҳа-ҳа, ҳайратингиз ўринли, бу одам бутун борлиқни унутиб, китобхўрликка берилган ўша сармоядорнинг ўзгинаси эмасми? Воажаб, дейсан беихтиёр, ёзувчи фантазияси ўқувчини шу даражада шок ҳолатига тушириб қўядики, унга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай қоласан. Энди воқеалар ривожини ўзингиз хоҳлаган ўзанга буриб юбораверинг. Кортасарнинг буюклиги ҳам шунда, у ўз асарларини шунчаки китобхонлар учун эмас, мулоҳазакор, фикр юритишга мойил ўқувчи учун ёзади ва уни ҳам ўзи билан бирга ижод қилишга чорлайди.
“Бири кам дунё” (Олим Отахон таржимаси) ҳикояси қаҳрамони эса радиотеатрда аксар салбий қаҳрамонларга овоз берувчи актёр. Театр режиссёри Лемос таъбири билан айтганда унинг ғаройиб овози бор, одамларга ёмон кўриниш учун кимгадир хиёнат қилиши ёки қадрдон дўстини заҳарлаб ўлдириши шарт эмас, товушини эшитган заҳоти ярим Аргентина гўрига ғишт қалайди. Бошқа – ижобий ролларни ижро этувчи актёрлар кунига бир сават ишқий мактублар олишса, уни биронта мухлис номига бўлсин эсламайди. Шундай кунларнинг бирида у Лусиана деган мухлисадан мактуб олади. Лусиана унинг бошқалар разилона деб атайдиган овозини севади. Қизнинг фикрича, у ижро этаётган роллар тингловчини чалғитади. Пировард натижада тингловчи асар салбий қаҳрамони бир четда қолиб, ролни ижро этган актёрни, яъни – уни ёмон кўради.
Лусиананинг иккинчи мактубидан сўнг улар Алмагро кўчасидаги қандолат дўкони ёнида учрашишади. Ровий (асар биринчи шахс номидан ҳикоя қилинган) учрашувдан олдин қизни ўзи тенги (қаҳрамон ўттиз бешга кирган), нозик, нигоҳлари сокин боқувчи жувон, қиз эса уни баланд бўйли, сочлари жингалак, қўйқўзли йигит сифатида тасаввур этишади. Илк учрашув уларнинг ҳар иккаласи тасаввурлари хато эканлигини кўрсатади. Лусиана ёйилган тимқора сочлари ҳуснини очиб турган, кўзлари чақноқ қиз, йигит эса сочлари силлиқ, ушоққина гавдали бўлиб чиқади. Шундай бўлса-да, илк турмушлари бузилган икки тақдирдош бирга яшай бошлашади. Вақт ўтгани сайин уларнинг ҳаёти зерикарли тус олиб боради. Ҳикоя ниҳоясида иш тартиби ўзгариб, чошгоҳга яқин шаҳар марказига борган йигит олисдан Лусианани, яъни турмуш ўртоғини кўриб қолади. У меҳмонхона эшигидан бир йигит билан қўлтиқлашганича чиқиб келар, ёнидаги норғул йигит эгилганида жингалак сочлари қизнинг жигарранг сочларига чирмашиб кетарди. Дарвоқе, Лусиана биргаликда яшай бошлаганларининг илк кунларида чиройли қора сочини унинг талаби билан шу рангга бўятганди...
Икки ҳикоя мухтасар баёни орқали Кортасарнинг “кичик жанр”даги битиклари фавқулодда якуни билан ўқувчини ўзига ром этишига ишонч ҳосил этган бўлсангиз ажаб эмас. Негаки, Кортасар асарларида баён этилган хаёлий воқелик, бизни қуршаб турган реал ҳаётни инкишоф этиш учун хизмат қилади. Гўёки у яратган асарлар ўзига хос бир чаманзор, бу чаманзорга ташриф буюрган киши ўзининг адабиётга муносабати, тушуниш ва фикрлашлари доирасида баҳраманд бўлади, кимдир бу боғ гулларидан ўзи учун гўзал ва фусункор гулдаста теришга эришса, бошқа киши англами қийин бу даргоҳни қувваи хафизаси бўм-бўш ҳолда тезроқ тарк этишга шошилади. Зеро, буюк адибни нафақат “Аргентинанинг биринчи рақамли ёзувчиси” сифатида улуғлашади, балки у ҳали ҳаёт вақтидаёқ “Адабиёт оламидаги Колумб”, “Анъаналар кушандаси”, “Буюк кашфиётчи” каби турфа сифатлашларга сазовор бўлганди.
Абдунаби АБДИЕВ,
Миришкор туманидаги 22-мактаб директори