Инсон ва қонун
Асли яккабоғлик Назокат Ғаппоровада шундай бўлди. У 1982 йилдан 2003 йилга қадар Миришкор туманидаги собиқ 24-совхоз ва тумандаги “Тулиев Ҳусан” фермер хўжаликларида ишлаган. Пенсия ёшига етганлиги сабабли бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Миришкор тумани бўлимига мурожаат қилганида, бўлимнинг 2019 йил 30 августдаги қарори билан унга 20 йил 9 ой 20 кун стаж билан 2019 йил 24 июлдан 771 минг 305 сўм пенсия тайинланган.
Бироқ унинг собиқ Усмон Юсупов тумани “Автономов” номли совхозда 1997 йил 1 январдан 2002 йил 1 ноябргача ишлаган иш ҳақлари тўғрисидаги маълумотлар бўлмаганлиги сабабли бу вақтдаги иш стажи пенсия тайинлашда ҳисобга олинмаган.
Вилоят адлия бошқармасидан хабар беришларича, ушбу ҳолат юзасидан туман адлия бўлими Миришкор тумани маъмурий судига ариза билан мурожаат қилган. Аризада бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Миришкор тумани бўлимининг Н.Ғаппоровага пенсия тайинлашда инобатга олинмаган иш стажларини ҳисобга олмасликдаги хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиб, унинг ушбу йилларда ишлаган иш стажларини пенсия тайинлашда ҳисобга олиш мажбуриятини юклаш сўралган.
Натижада суд томонидан ариза қаноатлантирилди ва ҳисобга олинмаган иш стажлари пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган бўлди.
НАСРИДДИН