Мутолаа учун тавсия
Ўзбек романчилигининг забардаст вакилларидан бири Одил Ёқубов (1926-2009)нинг "Биллур қандиллар", "Муқаддас", "Муҳаббат" қиссалари, "Эр бошига иш тушса", "Улуғбек хазинаси", "Кўҳна дунё", "Диёнат" каби романлари халқимиз томонидан севиб ўқилади.
Адибнинг қиссаларини дастлаб мактаб юқори синфида ўқиб юрган кезлари мутолаа қилган бўлсам-да, талабалик вақтида қайта ўқишга эҳтиёж сезганман. Уларда ҳаёт мазмуни севги ва садоқат, меҳр ва муҳаббат билан сайқал топиши кўрсатиб берилган. Ёшликдаги беғубор туйғулар, поклик ва ҳалоллик, хиёнат ва худбинлик, ҳаёт сўқмоқларидан ишонч ва собитқадамлик билан одимлаш кераклиги ифода этилган.
"Муқаддас" қиссасида Муқаддас ва Шарифжоннинг севгиси, Шарифжоннинг худбинликлари тарихи баён қилинган. Воқеалар ёшларнинг олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари вақтида содир бўлади. Абитуриентларнинг ҳаяжонлари, хурсандчилик ва хафагарчиликлар, ўқишга киришдаги таниш-билишчилик ва бошқа иллатлар ишончли тарзда ёритилган.
Одил Ёқубовнинг тарихий шахслар ҳаётига оид романлари диққатга сазовор. "Улуғбек хазинаси" романида Улуғбек, Абдулатиф, Али Қушчи образлари орқали илм-фан ривожи, фитна ва падаркушлик, ҳокимият учун курашлар ифодаланган. Улуғбек ҳаётининг сўнгги йилларидаги олим ва ҳукмдор сифатидаги хусусиятлари кўрсатиб берилган. Абдулатифнинг падаркушга айланиши сабаби унинг ёшликдаги тарбияси, шайх Низомиддин Хомуш каби жоҳил кишилар таъсирига тушиб қолгани, сершубҳа шахсга айлангани ва ўзини "ота томонидан қадрланмаган ўғил" ҳисоблаши билан боғлиқ дейилади. Али Қушчининг садоқати ва Мавлоно Муҳиддиннинг сотқинлиги орқали устоз-шогирд муносабатлари кўрсатиб берилади. Илм-фан ва илм дурдоналари жоҳил кишилар қўлига тушиб қолишининг ачинарли оқибати кўрсатиб берилган.
"Кўҳна дунё" романида эса улуғ алломалар Беруний ва Ибн Сино ҳаёти ҳамда бошидан ўтказган қийинчиликлари, инсоний фазилатлари, ҳукмдорлар билан муносабати ва илм-фанга қўшган ҳиссаси ёритиб берилган. Муаллиф турли образлар орқали инсоннинг ҳаётдаги ўрни, ўз тақдирини белгилашдаги иштироки, адолат ва ҳақиқатнинг туб моҳиятини англашга ҳаракат қилади. Султон Маҳмуд Ғазнавийни гоҳ шафқатсиз ҳукмдор, гоҳ ожиз банда сифатида тасвирлайди. Пири Букрий каби инсонлар ҳеч қачон, ҳеч кимга яхшиликни раво кўрмаслигини кўрсатиб беради. Беруний ва Ибн Синодек даҳолар етишиб чиқишини бутун инсониятнинг бахти деб кўрсатишга ҳаракат қилади. Бу кўҳна дунё сирларини Беруний, Ибн Сино ҳам англаб етмаган деган хулосага келинади.
Пиримқул Қодиров (1928-2010) қаламига мансуб "Уч илдиз", "Қора кўзлар", "Олмос камар", "Юлдузли тунлар", "Авлодлар довони", "Она лочин видоси" сингари романлар ўзбек адабиётини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Адибнинг талабалар ҳаёти, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги "Уч илдиз" романини мактаб даврларида ўқиб, Маҳкам ва Гавҳарга ҳавас қилиб талаба бўлишни орзу қилганмиз. Асарда илмга иштиёқ, самимийлик, ҳақгўйлик, севгида садоқатли бўлиш, эзгу мақсад сари қийинчиликлардан қўрқмасдан интилиш Маҳкам қиёфасида талқин қилинган. Профессор Акбаров, Тошев, Умаров каби илм фидойиларига қилинган иғволар ва олий ўқув юртларида мавжуд тарафкашлик, сохталик, мансабпарастлик каби иллатлар қораланади.
Адиб уч илдиз деганда пухта, мустаҳкам билим олиш, жамият учун керакли комил инсон бўлиб шаклланиш ва севги-муҳаббат, диёнатда устувор туриб самарали, мазмундор ҳаёт кечиришни назарда тутади. Зеро, бу илдизлар қанчалик чуқур бўлса, шунчалик кенг шох ёяди, ҳосил беради ва узоқ яшайди.
Пиримқул Қодиров Мирзо Бобур шахсига бўлган қизиқиши ва ҳурмати туфайли "Юлдузли тунлар" романини ёзган. Воқеалар тарихий манбаларга асосланган ҳолда, Бобур мирзонинг ёшлик йилларидан бошланган бўлиб, шоҳ ва шоирнинг босиб ўтган йўли, қувонч ва изтироблари ёритиб берилган. Адиб Бобурнинг адабий характерини яратишда шоҳ ва маънавиятли инсон шахсияти билан боғлиқ бўлган зиддиятларни четлаб ўтмай, уларга холисона ёндашиб, шоҳ сифатидаги адолатпарварлиги ва ҳарбий юришлардаги қатъиятини ҳам кўрсатиб берган. Темурий шаҳзодалар ўртасидаги келишмовчиликлар, Бобурнинг Эрон шоҳи Исмоил ва Шайбонийхон билан муносабатлари ишончли тасвирланган. Романда туркий, афғон ва ҳинд халқларининг ўша даврдаги ҳаёти, урф-одатлари, иқтисодий ва ижтимоий аҳволи ҳам ёритиб берилган.
Адибнинг эътироф этишича, "Авлодлар довони" романи "Юлдузли тунлар"ни ўқиган юртдошларимизнинг талаб ва истаклари асосида ёзилган бўлиб, унинг мантиқий давоми ҳисобланади. Асарда Бобур фарзандлари Ҳумоюн, Комрон, Ҳиндол ва Аскарий ўртасидаги тахт учун курашлар ҳикоя қилинади. Ҳиндол мирзо Комрон мирзонинг навкари томонидан ўлдирилса, Ҳумоюннинг буйруғи булан Аскарий мирзо мажбуран Ҳаж сафарига жўнатилиб, Комрон мирзонинг кўзига мил тортилади. Бобурнинг опаси Хонзодабегим, қизи Гулбаданбегим ва бошқа сарой аёлларининг адабиёт, тарих илмидан яхши хабардор бўлгани асарда ўз ифодасини топган.
Романда Акбарнинг Ҳиндистон халқи ҳаётида тутган ўрни, миллий ва диний адоватларни бартараф қилиш борасида амалга оширган ишлари баён қилинган. Акбар ҳам отаси Ҳумоюн ва бобоси Бобур каби Самарқанду Андижонни кўришни орзу қилиб яшайди. Акбарнинг ўлимидан кейин ўғли Салим Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгир номи билан тахтга чиқади.
"Она лочин видоси" романида эса Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ ва келини Гавҳаршодбегим билан боғлиқ воқеалар қаламга олинган.
1941-2013 йилларда яшаб, самарали ижод қилган адиб Ўткир Ҳошимовнинг "Қалбингга қулоқ сол", "Баҳор қайтмайди", "Нур борки, соя бор", "Дунёнинг ишлари", "Икки эшик ораси", "Дафтар ҳошиясидаги битиклар" каби асарлари диққатга сазовордир. Унинг муҳаббатга бағишланган китобларида севги деб аталмиш туйғунинг қадимийлиги, уни ҳар бир қалб янгидан кашф этиши ва ҳазрати инсон бор экан, севги ҳам яшаши гўзал усулларда тараннум этилган.
"Қалбингга қулоқ сол" қиссасидаги Ёдгор образи орқали етимликнинг оғир изтироблари, улғайгандан кейин ҳам ҳаётда ўз ўрнини топиши қийин кечиши ва Азиза кабиларнинг макрига учраши тасвирланган. Айрим ўзига тўқ бой одамларнинг фарзандлар тарбиясига эътиборсиз ва ўз манфаати йўлида ҳар қандай қаллоблик, диёнатсизликка тайёр туриши қораланган. Ёдгор ва Чарос, Рустам ва Дилфуза муносабатлари орқали поклик, уят, ҳаё ва мангу муҳаббат мавзуси тарғиб қилинган. Қиссани ўқиб инсон қалб амри ва яхши умидлар билан яшаши зарурлиги, ҳаётда яхши одамлар кўплиги ва ҳар бир инсонга ҳаётда ўз ўрнини топиши учун имконият борлигига амин бўласиз.
Ўткир Ҳошимовнинг "Баҳор қайтмайди" қиссасини ўқимаган ёки шу қисса асосида тайёрланган видеофильмни кўрмаган юртдошимиз топилмаса керак. Қиссада Анвар, Алимардон ва Муқаддам образлари орқали дўстлик, муҳаббат, одамийлик, хиёнат, камтаринлик каби туйғулар ва шон-шуҳратга ҳавас қўйишнинг хунук оқибатлари ёритиб берилади. Асар "На қувончу, на ишончу, на кўнгилдан очма гап, Барчасидан ушбу кун йўқдир самар, кетмоқдаман..." дея ашулалар айтиб шуҳрат қозонган Алимардоннинг ачинарли қисмати ва фожиали ўлими билан якунланади.
"Икки эшик ораси"да Музаффар, Мунаввар каби мураккаб ва чигал тақдирли образлар орқали урушнинг инсонлар ҳаётига таъсири, уруш одамлар учун қашшоқлик ва оғир мусибатлар сабабчиси эканлиги кўрсатиб берилган. Ана шундай шароитда ҳам одамлар инсонийлик фазилатларини сақлаб қолгани, ўз тақдирини халқу Ватан тақдири билан боғлагани, умид ва ишонч билан яшагани ҳамда тинчликнинг қадрига етиш зарурлиги таъкидланган.
Ўткир Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари" асарига адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг "Дунёнинг ишлари"да ўзбекнинг муштипар, мушфиқ ва жафокаш онасига тирик ҳайкал қўйилган" деган таърифидан яхшироқ нисбат бериб бўлмайди.
"Дафтар ҳошиясидаги битиклар"нинг ҳар бир битиги бир асар мазмунини берадиган, бетакрор ва файласуфона ёзилган асардир. Бу битикларни шунчаки ўқиб бўлмайди, уларни уқмоқ ва англамоқ керак.
Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари айтган экан: "Агар ўлсам, мени асло қаро туфроқдан ахтарманг, Яшарман аҳли ориф кўнглини мангу макон айлаб". Шунга монанд, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров ва Ўткир Ҳошимовнинг ҳам асарлари асрлар ўтса-да ўзбек халқининг маънавий мулки бўлиб қолади.
Абдишукур ОМОНОВ