Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

19.01.2017


ҲАР ҚАНДАЙ ХАЛҚ ЎЗИГА МУНОСИБ ЙЎЛБОШЧИГА ЭГА БЎЛАДИ

Юртимиз тарихида ҳам ана шундай улуғ йўлбошчилар тарихий вазият тақозоси билан майдонга чиқиб, халқни озодликка, ёруғ кунларга олиб чиққан, кишиларнинг шаъни ва ғурури, инсоний ҳуқуқларини қайта тиклаган. Бу ҳақда сўз юритганда, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз XIV асрда Туркистон заминини мўғуллар зулмидан озод этиб, ана шундай буюк миссияни адо этганини ҳамиша ғурур-ифтихор билан эсга оламиз. XX асрнинг 90-йилларига келиб эса Ислом Каримов ана шундай ўта оғир ва масъулиятли вазифани ўз зиммасига олди.

80-йилларнинг сўнгида республикамиз фуқаролар уруши, қон тўкиш, миллатлар ва конфессиялараро можаролар ёқасида турган бир пайтда, воқеаларнинг худди шундай ривожи қўшни мамлакатларда кузатилган ўта оғир даврда айнан шу одамнинг жасорати, воқеаларни олдиндан кўра билиш қобилияти, кучли иродаси ва қатъияти сабаб халқимиз ва мамлакатимиз ачинарли қисматдан сақлаб қолинди.

1989 йил 24 июнда, республика раҳбари сифатида иш бошлаганининг иккинчи куни Ўзбекистон Министрлар Советида бўлиб ўтган Фарғона водийси областларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган кенгашда сўзлаган нутқидаёқ Ислом Каримовдаги ҳақиқий йўлбошчиларга хос фазилатлар ёрқин намоён бўлади. Аввало, янги раҳбар бошқалар каби ёниб турган ўткир масалаларга, республикадаги ўта танг аҳволга бепарво қаролмайди. Чунки унинг қалби, юраги халқ дарди билан, Ўзбекистон дарди билан ёнади. Унинг республиканинг янги раҳбари сифатида айтган қуйидаги сўзлари шунчаки сўз эмас, балки қатъий талаб сифатида янграйди. У республика манфаатини, мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартиришни раҳбар фаолиятидаги бош мезон деб билади ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилади: “Ишга бўлган, ўзимизга топширилган вазифага нисбатан муносабатни, дунёқарашимизни ва умуман, масъулиятимизни ўзгартира олсаккина ишларимиз йўлга тушиб кетади. Акс ҳолда, вазиятни издан чиқаришга интиладиган кучлар ё мени четга суриб қўяди ёки жуда кўп раҳбарларни ўзгартиришга тўғри келади”.

Ҳолбуки, Ислом Каримовга қадар республикамизни бошқарган раҳбарлар фаолиятида ўз халқининг эмас, балки фақат мустабид марказнинг иродаси, унинг манфаатлари бош мезон бўлиб келган эди. Шунинг учун ҳам улар ўзича мустақил ҳеч қандай иш қилолмас, бошқалардан ҳам ишни талаб қилишда уларда қатъият етишмас эди.

Марказдан келиб республикани бошқаришга интилувчи кимсалар, Ўзбекистонни ҳеч қачон билмаган, унинг тили, маданияти, бугунги куни ва ўтмишидан хабари йўқ, умрида бу юртни кўрмаган одамлар фақат қулларча таъзим қилинишини хоҳлашарди. Шундай кишилар сиёсат юргизишарди.

Иқтисодиётимиз бирёқлама тарзда, фақат хомашё етиштирадиган ҳолга тушиб қолган ва у комплекс ривожланиш йўлига, аҳоли эҳтиёжларини қондиришга ўтказилмаганди. Ғалати бир вазият вужудга келганди: республика жуда қимматли хомашё - пахта, нитрон, капролактам ишлаб чиқараётган бир пайтда уларни қайта ишлашдаги саёзлик, технология занжири ниҳоясига етказилмагани оқибатида айни шу хомашёдан ишлаб чиқариладиган газлама, сунъий тола ва тайёр маҳсулотларни четдан келтиришга мажбур эдик.

Устига-устак ўша вақтлар “пахта иши”, “ўзбеклар иши” деган сиёсий кампаниялар пайтида қизил империянинг марказий матбуоти эл-юртимиз шаънини таҳқирлаб, унинг бошига “қўшиб ёзиш”, “юлғичлик”, “кўзбўямачилик”, “боқимандалик” каби туҳмат ва маломатлар бўронини ёғдиргани ҳали кўпчиликнинг эсидан чиқиб улгургани йўқ.

Собиқ мустабид тузум давридаги пахта яккаҳокимлиги, мустамлака тузумига хос, бирёқлама ривожланган иқтисодиётнинг ҳалокатли оқибатлари аввало одамларнинг турмуш тарзида, энг ёмони, уларнинг жон бошига тўғри келадиган даромад даражасининг ўта пастлигида, томорқа ерларининг кескин камайиб боришида, миллатнинг саломатлиги, унинг генофондига салбий таъсирларнинг кучайишида, болалар ва оналар ўлимининг авж олишида, ўлкамизнинг экологик ночор ҳолатида ва бошқа кўплаб масалаларда яққол намоён бўлган эди.

Бугунги фаровон турмушимиз, тўкин дастурхонимиз, эришаётган ютуқ ва марраларимиз кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни, бунда Буюк Йўлбошчининг хизматлари нечоғлик улкан эканини яққол кўрсатиб беради. Дарвоқе, тинч-осойишта ҳаётимиз таъминланишида ҳам мамлакатимизнинг Биринчи Президенти хизматлари беқиёс бўлди. Зотан, бугун дунёнинг кўплаб давлатлари узоқ йиллар мобайнида урушдан боши чиқмай, иқтисодиёт издан чиққан, тараққиётдан асар ҳам бўлмай келаяпти. Оловли минтақада жойлашган бўлса-да, бир инсоннинг донолиги, узоқни кўра билиши туфайли Ўзбекистон дунёга тинч ва фаровон давлат сифатида танилди.

Шу сабаб Франциянинг “TV5Monde” телеканалида “Ислом Каримов чорак аср мобайнида ўз мамлакати барқарорлигини таъминлаган атоқли давлат ва сиёсат арбоби”, дея таъкидланган бўлса, Испаниянинг “La Gaceta” нашри Ўзбекистоннинг Биринчи Президентига “Минтақа барқарорлигининг кафолати”, деб таъриф берар экан, у нафақат ўз мамлакати, балки хорижий давлатларда ҳам катта обрў-эътиборга эга бўлгани, дунё аҳамиятига молик муҳим сиёсий масалаларнинг ҳал этилишида алоҳида ўрин тутганини қайд этади. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Ислом Каримовнинг фаол саъй-ҳаракатлари туфайли терроризм ва диний экстремизм сингари хавф-хатарларни енгиб ўтди, барқарор тараққиётга эришиб, дунё давлатлари билан тенг ҳуқуқли муносабатларни ўрнатди ҳамда буни қўллаб-қувватлади.

Мисолларга назар ташлайлик. 1999 йил 16 февраль воқеалари, 2000 йил Узун ва Сариосиё туманларидаги ҳаракатлар, 2004 йил Тошкент шаҳри ва вилояти, Бухорода амалга оширилган қўпорувчиликлар, 2005 йил Андижондаги воқеалар террорчилик ва диний экстремистик ҳаракатлар эмасмиди? “Ҳизбут-таҳрир”, “Туркистон ислом ҳаракати”, “Акромийлар” каби паст ниятли оқимларнинг талвасаси эмасмиди улар?

Улар юртнинг тинчлигига, одамларнинг дахлсизлигига рахна солишга бўлган уринишлар, оқибати қон тўкилиши, неча-неча болалар етим, оилалар эгасиз қолишига олиб келган ҳаракатлар эди.

Ана шундай ўта оғир вазиятларда ким одамларимизнинг кўнглини кўтарди, ким далда берди? Йўлбошчи сифатида ким ҳаммани тўғри йўлга бошлади?

Юксак минбардан туриб, “Ўзбекистонда ҳам алғов-далғов бўлишини, қон тўкилишини истаётган кучлар кўрсатсин башарасини”, дея пана-пастқамда туриб иш қилишга уста қотилларни мард бўлиб майдонга чиқишини сўраган ким эди?

Келишилган шартномани унутиб, ҳарбий базасидан бошқа мақсадларни ҳам кўзлаётган давлатнинг ҳарбийлари кимнинг қатъияти сабаб юртимиздан чиқариб юборилди?

Қудратли давлатларнинг сармоясидан озиқлантирилган ва ғараз ниятли кучларнинг манфаатига хизмат қилувчи “рангли инқилоб”лар Грузия, Украина, Қирғизистонда кўнгилдагидай амалга ошди-ю Ўзбекистонга келганда ўхшамай қолмаганмиди?

Ислом Каримов нафақат юртимизда тинчлик-осойишталикни  мустаҳкамлашда, балки минтақадаги вазиятни барқарорлаштиришда ҳам жонбозлик кўрсатди. Айнан унинг хизматлари самарасида минтақада ҳамжиҳатлик таъминланди, Афғон муаммосини атрофлича ҳал қилишга киришилди.

Қўшни Қирғизистонни олайлик. Бу мамлакатда икки марта инқилоб рўй берди, давлат раҳбарлари алмашди, жабр кўрган эса халқ бўлди. Шундай вазиятда четдан туриб, икки мамлакатни уруштириб қўйишга интилган кучларнинг режаси билан кишилар қирғин қилинди. Мамлакатнинг собиқ президенти Роза Отунбоеванинг ўша вақтда ҳам, кейинги пайтларда ҳам бир неча халқаро конференциялар чоғида “Агар 2010 йил июндаги қалтис вазиятда Ўзбекистон раҳбарининг пухта ўйланган ва узоқни кўра олган сиёсати бўлмаганида бошимизга қандай фожиалар тушишини ҳатто тасаввур қилиш ҳам мушкул”, дея билдираётган эътироф-баҳоси ўз-ўзидан айтилган эмас.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, мамлакатимиз мустақиллиги ва янги давлатчилигининг асосчиси, буюк сиёсатчи, тинчликпарвар ва халқпарвар давлат раҳбари, доно ислоҳотчи ва комил инсон. Бу таърифлар Ислом Каримовга берилган шунчаки баҳо эмас. Агар бошқа одамга нисбатан шундай баҳоларни қўллаганда, қуруқ маддоҳлик ёки муболағага йўйилиши мумкин эди, аммо бу таърифлар фақат ва фақат халқимизнинг Буюк Йўлбошчисига мос тушади, фақат унга ярашади.

Ўзбек халқига тинчлик-омонлик керак. Бу Буюк Йўлбошчимизнинг хитоби. Сабаби, тинчлик-осойишталик бўлсагина, юртда тўкинлик, барака бўлади. Тўйлар тўйга уланади. Фарзандлар етук вояга етади, келажаги буюк давлатни барпо этишга муносиб ҳисса қўшади. Кўраяпсизми, биргина тинчлик-осойишталикни тилаб қилган дуоларимиз, ниятимиз замирида қандай эзгу мақсадлар мужассам.

Тинчликни, эзгуликни ниятлаган халқнинг эса иқболи порлоқ: лотинлар айтганидек, “Ҳар қандай халқ ўзига муносиб йўлбошчига эга бўлади”. Ниятимиз эзгу экан, Буюк Йўлбошчимиз қолдирган мерос ислоҳотлар йўли бундан кейин ҳам муносиб давом эттирилади.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo