Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

16.11.2018


ҲАР ҚАНДАЙ ЯНГИЛИК ИННОВАЦИЯ БЎЛОЛАДИМИ?

Вилоят ҳокимлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан ўтказилган семинарда ана шу саволларга ойдинлик киритилди. Тадбир мавзуси Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланди. Унда ҳудудий бошқармалар, фуқаролик жамияти институтлари масъуллари, ОАВ вакиллари ва олий ўқув юртлари талабалари қатнашди.

Маърузачилар мавзу юзасидан тақдимот ўтказишди. Таъкидланганидек, жорий йилнинг 21 сентябрида Президентимиз томонидан имзоланган фармонга асосан 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Унга кўра, ушбу муддатда мамлакатимизни жаҳон фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосида жадал равнақ топтириш асосий мақсад қилиб олинган.

- Дуч келган янгиликни инновация деб қабул қилиш ярамайди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Тўхтабоев. – Аввало бу янгилик илмий жиҳатдан асосланган бўлиши, амалда ҳам юқори самарадорлик касб этиши керак. Аслида инновация янгиликка интилиш демак, у илм-фан тараққиётига кенг йўл очади. Янги ривожланиш стратегияси ҳам шунга кенг шароит яратади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларига замонавий илғор технологияларни кенг жорий этиш кўзланган. Шу мақсадда мазкур стратегияни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Шунингдек, юртимизнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш стратегиянинг бош мақсади этиб белгиланди. Унга эришишда эса бир қатор асосий вазифалар санаб ўтилди. Ўзбекистонни 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киритиш шулардан биридир.

Тадбир давомида инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этиш, энг яхши деб топилган ихтиро ва конструкторлик ишланмаларини амалда фаол қўллаш, айни йўналишдаги изланишларни самарали молиялаштириш каби масалалар ҳақида ҳам сўз юритилди. Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш борасида билдирилган таклифлар келгусида алоҳида эътиборга олиниши қайд этилди.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олишди.

М.ШУҲРАТОВ

Report typo