Вилоятимизда ушбу нуфузли мукофот соҳибалари сони 16 нафарни ташкил этади.
- Бугун ушбу мукофотни қўлга киритиш, Зулфияхоним издоши бўлиш қизларимизнинг энг катта орзулари сирасига киради, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Рисолат Эшқобилова. - Бошқа ҳеч бир давлатда ўхшаши йўқ, иқтидорли қизларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзлайдиган мазкур мукофот учун анъанавий ўтказиб келинаётган танловга келиб тушаётган ҳужжатлар салмоғи ҳам шундан дарак беради.
Зулфия номидаги Давлат мукофотининг халқимиз ўртасидаги нуфузини ошириш, уни ёшлар орасида тарғиб этиш, мукофот соҳибаларининг ўзаро ижодий ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида 2004 йилнинг 2 апрелида "Зулфияхоним қизлари" клуби ташкил этилди ва тузилма Низоми тасдиқланди. Бугунги кунга келиб, шаҳар ва туманлардаги барча хотин-қизлар қўмиталари қошида ушбу клуб фаолият юритмоқда, ҳар бир мукофот соҳибаси клуб аъзоси ҳисобланади.
Қизлар учун Зулфия номидаги Давлат мукофотига эришиш юксак орзунинг ушалиши бўлибгина қолмай, янги чўққилар эшиги десак муболаға эмас. Бинобарин, бугун Зулфияхоним издошлари дея қарши олинадиган ушбу мукофот соҳибалари жамиятнинг ҳар жабҳасида фаол. Улар тенгдошларига ўрнак бўлиб, интилиш, изланиш, истеъдодни ўстириш намунаси сифатида намоён бўлишмоқда.
Излаганга толе ёр, деб бежиз айтмайдилар. Юртимизда ана шундай истеъдодли қизлар бор экан, улардаги шижоат, ёруғ келажакка бўлган ишонч ва интилиш асло сўнмайди.
Шоҳиста БОЗОРОВА