Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

12.06.2017


ҲАР БИР ҚИЗНИНГ ОРЗУСИ

- Зулфияхоним Шарқ аёлига хос юксак ибратли ҳаёт йўли билан барча хотин-қизларга ўрнак бўлиб яшаб ўтган ижодкордир, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Рисолат Эшқобилова. - Зулфиянинг ҳаёти ва ижоди маънавий жасорат, меҳр ва садоқат тимсолидир. У ҳаётлигида юзлаб ижодкор қизларни қўлларидан етаклаб адабиёт майдонига олиб кирган бўлса, бугунги кунда унинг барҳаёт сиймоси, умрбоқий шеърияти халқимизнинг маънавий баркамол, истеъдодли, иқтидорли қизларининг юрагида адабиётга, шеъриятга бўлган муҳаббатни, эзгуликка ошноликни тарбияламоқда.

Ўтган давр ичида вилоятимизнинг турли ҳудудларида яшаб, камол топаётган 18 нафар қиз маданият, санъат, фан, таълим ва адабиёт йўналишларидаги ютуқлари, ноёб истеъдоди учун ана шу юксак мукофот соҳибасига айландилар. Қолаверса, халқимизнинг ардоқли шоираси номидаги мукофот билан тақдирланган қизлар эндиликда етакчи илмий-инновацион марказлар, олий ўқув юртлари, турли идора ва ташкилотларда самарали фаолият олиб бормоқда. Уларнинг аксарияти йирик халқаро анжуманлар, санъат фестиваллари, спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб, Ватанимиз довруғини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда, ўрнак кўрсатишмоқда.

- Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлганимдан сўнг, Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетига имтиёз асосида ўқишга қабул қилиндим, - дейди Гули Нигор Авазова. - Университетга қабул қилинган илк кунларимданоқ  япон тилини ўрганишга бел боғладим. Ҳозирда бу тил бўйича 4- ва 3- даражадаги сертификат эгасиман. Талабалик йилларимданоқ Ички ишлар вазирлигига қарашли “Постда” газетасида мухбир вазифасида ишлай бошладим. Юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида эришилаётган ютуқлар, аҳоли манфаатларини кўзловчи, турмуш тарзини яхшилашга йўналтирилган қонун ва қарорлар ижросига бағишланган мақолаларим билан “Постда”, “На посту” газеталари, “Қалқон” ва “Шит” журналларида мунтазам чиқишлар қилиб бораман. 2010 йилда “Баркамол авлод – юрт таянчи” деб номланган республика кўрик-танловида 2-ўринни қўлга киритдим. 2014 йилда энг катта орзуларимдан бирига эришдим – “Олтин қалам” халқаро танловининг “Инсон ҳуқуқлари мавзусини энг яхши ёритгани учун” номинацияси ғолиби бўлдим. Жорий йилда эса “Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида” танловида ғолибликни қўлга киритдим. Болалигимдан шеърият шайдосиман. Зулфияхоним шеърларидан илҳом олиб ёзган ижодий ишларим “Ҳурлигингни куйлайман,  Ватан”, “Уйғон, кўнгил”, “Саодатга йўлловчи маскан”, “Тонг чорлови” ва  “Бахтим бешиги - дунё” деб номланган тўпламларимда чоп этилган. 2010 йилда “Гулнинг эртаги” деб номланган шеърий тўпламим нашр қилинди.

Зулфия номидаги давлат мукофотининг халқимиз ўртасидаги нуфузини ошириш, уни ёшлар орасида тар­ғиб этиш, мукофот соҳибаларининг ўзаро ижодий ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида 2004 йилнинг 2 апрелида Қўмита қошида “Зулфияхоним қизлари” клуби ташкил этилди. Бугунги кунга келиб, шаҳар ва туманлардаги барча хотин-қизлар қўмиталари қошида ушбу клуб фаолият юритмоқда, ҳар бир мукофот соҳибаси клуб аъзоси ҳисобланади.

Тўғри, юқорида таъкидлаганимиздай, мазкур мукофотга интилаётган қизлар сони йилдан-йилга ортиб бораётир. Бу жараёнда уларнинг фаоллигини, турли соҳада яхши натижаларга эришаётганини  кузатиш мумкин.

Шунинг ортидан муносиб рағбат олган қизларимиз келажакда Зулфияхоним сингари юртимиз равнақи йўлида астойдил меҳнат қила­дилар, деб ишонамиз.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo