Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ТАҲРИРИЯТ

04.04.2017


ҲАР БИР МАКТУБ – ЭЪТИБОРИМИЗДА

Яккабоғлик Абдураҳмон Омонов газетамизнинг жорий йил 23 февраль сонида эълон қилинган “Қачонгача буйруқ кутиб яшаймиз?” сарлавҳали мақолани ўқигани, унда ифодаланган фикр-мулоҳазалар ўзига ғоятда манзур бўлганини билдирган:

“Газетангизнинг 23 февраль сонида берилган “Қачонгача буйруқ кутиб яшаймиз?” мақоласини ўқидим, - деб ёзади у. – Жуда таъсирли чиққан. Мақола муаллифи Бекзод Ўктам минглаб одамларнинг кўнглидаги гапларни ифодалаган...”

Бу фикрларга мақола таъсирида ёзилган шеър ҳам илова қилинган. Унда муаллиф юртимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар ҳақида ёзар экан, барчани шу ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга, ташаббус кўрсатишга ундайди. Шу билан бирга, юртнинг ёруғ эртасига бўлган ишонч ҳисси ҳам ифодаланган:

Синовлардан, ўйловлардан ўтиб олдик олов бўлиб,

Олқишлашнинг йўлин тутган кимсалардан халос бўлиб.

Чигал тақдир йўлларида хўп тобланган халқимиз бор,

Нима яхши, нима ёмон, англаб етган элимиз бор...

Шунингдек, муаллиф туман газетаси – “Яккабоғ овози”да шеърият саҳифасини ташкил этиш, газета саҳифаларини кўпайтириш каби таклифларни ҳам билдиради. Ўйлаймизки, газета таҳририяти албатта бу таклифларни инобатга олади.

Газетхонларимиз орасида шеъриятга ҳаваси баланд бўлганлар кўпчиликни ташкил этади. Шундайлардан бири - Шаҳрисабз тумани Хўжабоғ қишлоғида яшовчи Қаюм Жабборов бизга ўз шеърларидан намуналарни йўллаган. Шеърлардан бирида шундай сатрлар бор:

Шукур дейман, шукрона дейман,

Аллоҳ берди шундай бир туйғу.

Майли, гарчи мен-ла эмассан,

Лек яшайсан қалбимда мангу...

Таҳририятимизга йўлланган яна бир ижод маҳсули элимизнинг севимли шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов хотирасига бағишланган. Шеър муаллифи Ўрол Хаитов шоир ҳақидаги фикрларини шундай ифода этади:

Муҳаббатни титратган,

Жаннатга йўл яратган,

Фалсафадан сўз айтган

Ўзбекнинг Абдулла Орифисиз...

Касби туманидаги 27-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Музайян Саиднабиеванинг “Нодир истеъдод соҳиби” сарлавҳали хатида Абдулла Орипов ижоди борасида сўз юритилади. Муаллиф шоирнинг элга манзур асарлари, жамиятдаги иллатларни дадил акс эттирган сатрларига тўхталади:

“Шоир шеърларининг мавзуси ранг-баранг. У қайси мавзуда қалам тебратмасин, ижод маҳсули ўзининг дардчил, фалсафий мушоҳадалари билан шеъриятимиз бўстонида ўз ўрнига эга бўлди. Унинг нодир истеъдоди шундаки, бошқалар кўрмаган ёки кўрган бўлса-да, пайқамаган жиҳатларни ўзига хос тарзда акс эттира олди...”

Албатта, бу фикрлар элимиз ўз севимли шоирини сира унутмаслиги, унинг умри асарларида бардавом эканидан яққол далолат беради.

Халқ шундай бир кучки, унинг қудратига ҳеч нима бас кела олмайди. Халқ иродаси ҳамма нарсадан мустаҳкам. Унинг манфаатлари учун бел боғлаб, хизмат қилиш эса олий саодатдир. М.Саиднабиеванинг “Халқ - қудратли куч” сарлавҳали хатида шу хусусда сўз боради. Муаллиф жорий Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида жойларда амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақидаги фикрларини ҳам билдирган:

“Айниқса, кекса отахону онахонларимизнинг қувончлари чексиз. Уларнинг нафақалари нақд пул шаклида берилаётгани фахрийларимизга катта енгиллик бахш этди. Бундай қувончли мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Юртбошимиз таъкидлаганидек, одамлар ҳаётидан рози бўлса, эртанги кунга умид, ишонч билан яшайди...”

Юрт тараққиёти кўп жиҳатдан ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама билимли, етук шахслар бўлиб вояга етишига боғлиқ. Ёшларимизнинг мактабда пухта билим олиши эса албатта устоз-мураббийларнинг маҳорати билан ўлчанади. Дарсларни замон талаблари асосида ўтиш, янги педагогик технологиялардан унумли фойдаланиш ўқувчиларнинг фанларга бўлган қизиқишини оширади. Яккабоғ туманидаги 39-мактаб ўқитувчиси Қўзимурод Даминов ва вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ўқитувчиси Обиджон Ҳусанов томонидан бизга йўлланган “Қолдиқли бўлиш ёхуд календарни ёд олиш мумкинми?” сарлавҳали хатда ҳисоб илмининг кўпчиликка номаълум томонлари ҳақида сўз юритилган. Календардаги маълум сананинг қайси йилда ҳафтанинг қайси кунига тўғри келишини қолдиқли бўлиш амали ёрдамида олдиндан аниқлаш имконини берадиган қизиқарли усулни ўқувчилар осон ўзлаштириши ва бу уларнинг фанга қизиқишларини ҳам ошириши таъкидланган:

“Психологларнинг фикрича, болалар ўзининг қайсидир амалини бошқаларга намойиш этишни жуда хоҳлашар экан. Шунинг учун бу жараённи ҳатто ўзлаштириши паст ўқувчилар ҳам қизиқиб ўрганиб олишади. Бу билан улар нафақат ҳисоблашни яхши ўзлаштиради, балки онгли равишда фикр юритишни ўрганади, тафаккури кенгаяди...”

Ёш авлод камолотида асосий аҳамиятга эга яна бир маскан – оила. Инсон тарбияни аввало оилада олади. Шу масканда унга инсонийлик сабоғи берилади, жамиятдаги ўрни ва мавқеи ҳам оиладан бошлаб шаклланади. Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Муҳаммади Қораевнинг таҳририятимизга юборган мактуби “Инсон тарбиясида оила ва маҳалла ҳамкорлиги” деб номланган. Унда фарзанд тарбияси, бунга масъул бўлган кишилар зиммасидаги бурч хусусида диний манбаларга асосланиб фикр юритилган.

“Агар фарзандга яхшилик ўргатилса, яхши инсон бўлиб, вояга етади, дунё ва охиратда бахтиёр бўлади, - дейилади хатда. - Ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бахтсиз бўлади. Донишмандлар фарзанд тарбияси ҳақида сўз юрита туриб, унга руҳий, ахлоқий, жисмоний, ақлий, нафсий, ижтимоий ва жинсий тарбия бериш лозимлигини таъкидлайдилар. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз “Ким фарзандига “Кел, мана буни ол”, десаю унга ҳеч нарса бермаса, у ёлғончидир”, дедилар...”

Бу фикрлар халқимизнинг азалий одат ва қарашларига уйғундир. Халқона қадриятлар эъзозланадиган, ўзаро меҳр-оқибатни кучайтирадиган айём – Наврўзи олам ҳам ёшлар онгига ижобий хислатларни сингдиради. Унда маҳалла-кўй, ҳамқишлоқлар бир жойга жам бўлади, беморлардан ҳол сўралади, кўмакка муҳтожларга ёрдам қўли чўзилади. Нишон туманидаги 35-ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси Рўзимамат Чориев бизга йўллаган  мактубида туманда ташкил этилган Наврўз тантаналари ҳақида ёзибди:

“Туманнинг Навбаҳор қишлоғидаги Нав-рўзтепада ташкил этилган байрам тантаналарида туман ҳокимлиги, ҳудуддаги корхона, 29 та маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари, жамоат ташкилотлари, муассасалар, тадбиркорлар ҳамжиҳатлигида Наврўз сайли кўтаринки руҳда ўтказилди... Бир томонда дор ўйинлари, яна бир томонда миллий кураш, яна бир тарафда миллий таомлар кўргазмаси, келин салом, бахшилар айтишуви, лапарлар, кураш мусобақалари барчани ўзига жалб этди...”

Наврўз ҳамал ойини бошлаб беради. У эса амал ойи, ҳаракат, меҳнат ойидир. Далаларда кўкламги ишлар бошланган айни паллалар деҳқонларимиздан янгича шижоат ва ғайрат талаб этиши табиий. Зеро, бу вақтда қилинган ҳаракат йил охирига бориб, албатта ўз баракасини беради. Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти сектор мудири Яраш Бўриев ва институт кичик илмий ходими Жамшид Абдуллаевнинг хати чигит экиш тадбирини ўз вақтида амалга ошириш ҳақида. Унда бу муҳим агротехник тадбирни ўтказишда қўл келадиган тавсиялар келтирилган:

“Чигит экишни қисқа муддатларда – 8-10 иш кунида тамомлаш зарур. Уруғларнинг яхши димланишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда чигит қўл билан сиқилганда ортиқча ҳаракатсиз ёрилиб, ниши юқорига чиқиши керак бўлади. Шу ҳолатда чигит экилганда унувчанлиги юқори бўлиб, тез орада ғўза ниҳоллари қийғос униб чиқади...”

Косон тумани Пудина қишлоғида яшовчи кекса агроном Нуриддин Руҳиддинов эса бизга чигитнинг униб чиқишини таъминлайдиган омиллардан бири – ерга заминоб суви беришнинг афзалликлари ҳақида ёзиб юборган. Бу усулнинг айниқса, куз-қишки ёғингарчилик кам бўлган йилларда аҳамияти катталиги таъкидланган.

Хуллас, бу каби мактубларнинг ҳар бири эътиборимизда. Уларда акс этган фикрлар, қарашлар, тавсиялар юртдошларимизнинг газетамизга бефарқ эмаслигидан далолатдир.

ТАҲРИРИЯТ

Report typo