Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

05.01.2023


ҲАР БИР ОДАМ ЎЗ УМРИНИНГ РАССОМИДИР

Сараланган сатрлар

"Маймун етаклаган одам", "Оғриқ лаззати", "Тобут", "Хароба шаҳар сурати", "Ўлик мавсум", "Шарпа", "Баҳовиддиннинг ити", "Қултой"...

Назар Эшонқул қаламига мансуб ушбу ҳикоялар ўзбек адабиётида чинакам янгилик бўлганини кўпчилик эътироф этади.

Аслида гап шакл, сўз қурилишида ёки фикрни қай услубда етказиб беришда эмас. Ҳамма гап янги фикрда, янгиланишга муҳтож қалб туғёнларини бошқаларга ҳам юқтира олишда.

Умримизнинг яна бир саҳифасини ёпиб, янги йилга бисёр мақсад-орзулар билан қадам қўярканмиз, қалбимиз тозариб, фикримиз кенгайишини исташимиз табиий. Шу маънода бугун Назар Эшонқул ҳикояларидан эътиборга молик лавҳаларни сараладикки, асар тўла мутолааси орқали янги одамга айланишингизга ишонамиз. Гарчи бу ҳикояларда бир қарашда тушкунлик, қора бўёқлар бўртиб кўринса-да, умидсизлик ичра яшаётган умид кўнглимизга ёруғлик олиб киради...

*  *  *

Инсонни хўрлаш мумкин эмас. Инсон фақат улуғланиши керак. Чунки у улуғ нарсалар яратишга қодирдир.

*  *  *

Санъат асарига шунчалик ихлосманд одамлар кўплигидан биз фахрланиб қўярдик. Дўстим санъатни севган халқ - буюк халқ деб исботлашга ҳаракат қиларди.

*  *  *

Сабоқдошларимиздан бири ҳазил аралаш: "Яқинда ўқитувчимиз бутун шаҳарни бошқаради", дерди. Аслида бу ҳазилда ҳеч бир муболаға йўқ эди. Устозни ҳар кўрганда ёки унинг маърузаларини лолу ҳайрон ва ошуфта бўлиб тинглаб ўтирган лаҳзаларда нафақат шаҳар, балки қалбимиз ҳам аллақачон забт этилганини ҳис этардик. Ўқитувчимиз назаримизда, қўл етмас юксакликда турар, уни забт этиш ва майда, баъзан ҳаддан ортиқ бачкана ташвишларга ўралашиб яшаётган бизнинг икир-чикирларга, ғийбату фисқ-фасодларга, жўн, ўткинчи умидларга ўралашиб яшаш мумкин эмасдай туюлар эди; у ўзи турган юксакликдан биз томонга боқмас, фақат унинг қиёфасида балқиган ҳидоят ва шамс нурлари музлаб ётган ва неча йиллардан буён офтоб тегмаган кўнглимиз кирларини илитар экан, бу шамс ҳаёт тафтини худди афсонавий Ҳотам бойликларини қашшоғу муҳтожларга бир-бир улашгандай шунчаки садақа қилиб кетар ва у олий ҳиммат, бетакрор саховат хожаси эди.

*  *  *

Тана ўлиб кетаверади. Ғоя янги авлод билан бирга янгидан туғилаверади. Уни кўмиб бўлмайди - уни кўмишган тақдирда ҳам у қабрдан чиқиб яна дунёни бошқараверади. Яқинда Т. Ўлди. Буни ҳаммаларинг биласизлар. Унинг арбоблик фаолияти деярли шармисор қилинди, уни Ватан  хоини деб аташгача боришди. Лекин янгилар ҳам унинг ғояси билан бошқаришга ўтишди. Ғояни ўлдириб бўлмайди, у янги авлод билан бирга янги мазмун кашф этиб туғилаверади.

*  *  *

Унинг нутқида кишини жазава ва васвасага туширувчи, жунунини қўзғовчи нимадир бор эди; у гапирар экан, ҳеч биримиз у гапираётган нарса ҳақида ўйламас, хаёлимизга Малмстиннинг "Йиғи" мусиқаси каби олис шовқин аралаш мубҳам жилвалар келар, у ҳаёт ҳақида гапирар экан, ўз-ўзидан биз ўлимнинг улуғлиги ва қудрати ҳақида ўйлардик; биз хаёл ва фикрларимизни бир жойга тўплашга қанчалик ҳаракат қилмайлик, устозимиз маърузалари бизни барибир ўша ақл-идрокдан холи олисликка етаклаб чиқиб кетаверар, гўё жами инсоният интилиб келган нарса мана шу маънисиз, мазмунсиз ва шаклсиз олисликда деб таъкидлаётгандай эди.

*  *  *

Нега дунё шунчалик ўзгарибди-ю сен бехабар қолибсан? Нега янги дунё бу қадар алоғ-чалоғ,  хатарли, қандайдир маҳшар   дунёсида юрганга ўхшайди одам? Ёки нариги дунёга бориб қолдими? Ким унинг бу саволларига жавоб бера олади? Ҳеч ким!

*  *  *

Излаган нарсасини тополмаган, дея охири асли мен ҳеч нарса изламаганман, дея ўзига-ўзи тасалли бера бошлаган, бироқ бу тасаллидан кўнглининг жуда катта қирлари ва қўрғонлари ўпирилиб тушаётганини билган, умри хазонлик сари юз тутган одамнинг юзигина ана шундай кўказак ва жиззаки бўлади.

*  *  *

Одам қандай ўйласа, шундай ёзади, аслида ҳам ҳар бир одам ўз умрининг рассомидир.

*  *  *

Зап одамлар бор-да дунёда, тўсатдан ўлиб қолсанг, суягинг чириб бўлгач йўқлаб келишади!

*  *  *

Гўзалликни бўғиб қўйиш ҳам, гўзалликка нисбатан куч ишлатиш ҳам Ер юзидан ҳаёт илдизларини суғуриб ташлаш билан баробардир.

*  *  *

Буюклик ва гўзаллик ҳамиша ёнма-ён турса керак.

*  *  *

Қараб турсангиз, гуллар ҳам бир-бири билан жуда берилиб гаплашаётганга ўхшайди, - деди яна хотини, - қулоғингга қиқир-қиқир кулганлари эшитилгандек бўлади, агар бирон гул тебраниб қолса, ҳаммаси бирга қўшилиб тебранишади.

- Гуллар ҳам худди биз каби яшайди. Тўғри, бизга қараганда қисқароқ, лекин яшайди. Олдинлари гулни маъшуқа қизга ўхшатишган. Қаранг, қандай гўзал.

*  *  *

- Одам гулни кўрганда кўнглида нимадир туғилади-ю, сўнг дарров йўқолади, афтидан, у йўқолмаса керак, бизнинг ўзимиз унутсак керак, - деди хотини яна гулзорга қараб.

Самандар хотинига ҳайратланиб қаради.

- Баъзида гулни кўрганда кўнглинг шундай яшнаб кетадики, бирдан яшариб қолгандай ҳис этасан ўзингни. Шунда ўзинг-ўзингга хунук кўриниб кетасан, бирдан бошқача яшагинг келиб қолади.

*  *  *

Ҳар бир инсон қалбида олам билан уйғунлашишга ташналик бор. Бу ташналик хунуклик ва турмушнинг кундалик туманлари ичида гарчи йўқолиб кетгандай туюлса-да, у бор, унинг борлигини билиш учун инсон ўз қалбини излаб кўриши керак; инсон умрининг мазмуни аслида ана шу ташналикдадир...

*  *  *

Қаёққа қарама, ёвуз ниятни кўрасан. Сизлар қилган ва қилаётган ишларни кўриб, одамзод ҳамон яшаб келаётганига ишонмай қоламан. Ахир сизларнинг кўнгилларингизда тирноқча эзгулик қолмаган бўлса, бошқа қандай хаёлга бориш мумкин. Олдинлари одамлар ишонишарди, яхши кунлар келишига, болаларига, қўшнисига, бир-бирига. Сизлар мана шу ишончни ўғирлаб қўйдиларинг. Энди одамлар ҳеч нарсага ишонмайди, ё тавба, ҳатто боласига ҳам. Орият, номус қолмади одамларда. Сизлар уларни иштон кийган ҳайвонга айлантирдиларинг. Қандай иснод! Тўрт кишига бошлиқ бўлиш учун хотинини қўшиб қўйишдан ҳам тоймайди булар. Ҳаммаси сенга ўхшаганларнинг касофати. Ё гапим ёлғонми, а?!

*  *  *

Бир вақтлар жуда мартабали бир дўстим бўларди, ўзи софдил эди-ю сал обрўталаб эди. У йигирма етти йил амал курсисини ҳеч кимга бермади; уста одам эди. У нима қиларди, денг? Юқоридан шунча хомашё бор, деб буйруқ келарди. Буйруқни инкор этиб ёки муҳокама қилиб бўлмасди, - биз ана шундай руҳда тарбиялаганмиз, - уни бажариш керак! Бажариш учун бутун корхона ишчилари ўн тўрт-ўн олти соатдан ишлашлари керак. Бу эса - биласизки, расман мумкин эмас. Тўғрироғи, мумкину яъни турли-туман ташаббуслар ташкил қилиб бажарса бўлади, бироқ ўн икки ой бундай қилиб бўлмайди. Одам машина эмас. Бу минглаб одамларни майиб қилиши мумкин. Йўқ десанг, курсини топширавер; бошқаси албатта шундай қилади. Битта сен ҳалол бўлганинг билан ҳаёт гўзал бўлиб қолмайди. Шунда менинг дўстим энг мақбул йўлни танлаган. Таъкидлайман, ўзи жуда софдил, оқибатли одам эди. У ҳамма ишни бажарилди деб, қоғозга қўл қўйиб бераверган. Бошқа корхоналарни ҳам бу ишга тортган, улар "биздан бугина, сиздан угина" деб ёзиб бераверган. Азбаройи одамларнинг тақдирини ўйлаб шундай қилган. Дўстим шу йўл билан ўзича буйруқлар мустабидлигига қарши курашган. Йигирма етти йил одамларни қоғозлар билан ҳимоя қилган. Охир оқибатда унинг ажали етиб ўлди. Кейин унинг гўрига тош отиш бошланди; у ҳимоя қилган минг-минглаб одамлар унга биринчи бўлиб тош отдилар.

*  *  *

Хўш, айтинг-чи, бу ерда нима яхшилигу нима ёмонлик. Буни қандай фарқласа бўлади. Бири одамларни ўйлаб, қонунни суиистеъмол қилди, иккинчиси қонунни ўйлаб, одамларни хароб қилди. Мен бу ерда қайси бири ёмонлик, қайси бири яхшилик, ҳеч фарқлай олмайман. Умрим давомида ҳам буни фарқлай олмадим.

*  *  *

- Эътиқодли одамлар тўғрироғи, эътиқоди  мустаҳкам одамлар яхшилик билан ёмонликни жуда теран англайдилар, - дедим ва гапимдаги баландпарвозликдан ўзим уялиб, тўхтаб қолдим.

- Эътиқод! - деди у ғуссали оҳангда, - агар бир умр эътиқод қўйиб, шунга ишониб, курашиб ёниб-куйиб эътиқод қўйган нарсангиз пуч, ёлғон ва пуфлаб шиширилган шардай омонат, сиз эзгулик деб сиғинган нарсалар асли разолат эканини англаб қолсангиз бундай демасдингиз; ана шунда умрингиз ёмонлик билан яхшиликнинг  фарқи қолмаган худди йўлдан чиқиб кетган шалдур-шулдур, бўм-бўш аравага айланарди. Сиз эса бўшлиқни тўлдириш ва аравага нимадир юклаш учун ҳар қандай ёвузликдан ҳам қайтмасдингиз. Шуми эътиқод?!

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo