Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ҲАР БИР ОИЛАНИНГ САОДАТИ ВА ИЗЗАТИ ШУ ХАЛҚНИНГ ИЧКИ ИНТИЗОМИ ВА ТОТУВЛИГИГА БОҒЛИҚ

Абдишукур ОМОНОВ

30.08.2019


ҲАР БИР ОИЛАНИНГ САОДАТИ ВА ИЗЗАТИ ШУ ХАЛҚНИНГ ИЧКИ ИНТИЗОМИ ВА ТОТУВЛИГИГА БОҒЛИҚ

Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг машҳур вакилларидан бири Абдурауф Абдураҳмон ўғли Фитрат 1886 йилда Бухорода туғилган. Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Чўлпон, Файзулла Хўжаев, Боту каби халқимизнинг асл фарзандлари билан замондош бўлган. Миллат ва тил  қайғуси, ҳурлик ва эркка оид ўлмас ғоялари учун қатағон қилиниб, 1938 йилда отиб ташланган.

Фитрат 1917 йилги инқилобдан кейин "Ҳуррият" газетасини ташкил этган. Маълум муддат Бухоро халқ жумҳуриятида маориф халқ нозири сифатида ишлаб, сўнгра Москва Шарқ тиллари институтида илмий фаолият билан шуғулланган. Унинг "Мунозара", "Юрт қайғуси", "Ўғизхон", "Абулфайзхон", "Або Муслим", "Темур сағанаси" каби асарлари диққатга сазовор. Бу асарларда Туркистонни ва туркистонликларни озод кўриш, халқни илмли ва маърифатли қилиш орқали тараққиётга эришиш мумкинлиги тарғиб қилинган.

"Оила" - ёш авлод учун ҳаётий қўлланма бўлиш билан бирга, миллатни озод, илмли, ахлоқли ва маънавиятли бўлишга ундовчи асардир. Муаллифнинг фикрича, оила асосини тўғри қурмасдан ва ёш авлодни тўғри йўлда тарбияламасдан туриб жамиятни тараққий эттириб бўлмайди: "Ҳар бир оиланинг саодати ва иззати шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса миллат оилаларининг интизомига таянади, мамлакат ва миллатлар ҳам шунча кучли бўлади. Агарда бир мамлакатнинг аҳолиси ахлоқсиз ва жоҳиллик билан оилавий муносабатларни заифлаштириб юборса ва интизомсизликка йўл қўйса, шунда бу миллатнинг саодати ва ҳаёти шубҳа остида қолади".

Фитрат ҳар жиҳатдан соғлом оила етиштирган фарзандларгина миллатни юксакка кўтара олишини, уни истибдоддан қутқаришини кўп бора таъкидлайди.

Асарнинг биринчи қисми уйланиш ва уйланмаслик, уйланмоқ зарур бўлганда қандай хотинни танлаш, бўлажак эр-хотин биринчи навбатда нималарга аҳамият бериши, маҳр ва тўй қандай бўлиши, оиланинг маишати ва идораси, иффат ва мўминлик, муросаю мадора, талоқ ва ҳомиладорлик даври масалаларига бағишланган. Иккинчи қисмда фарзанд, бадан тарбияси, ақлий, ахлоқий тарбия, мактаб, қизлар ҳам илм олишлари кераклиги, ота-онанинг ҳаққи, етимлар, хизматкорлар ҳуқуқлари ёритилган.

Фитрат миллат камчилиги сифатида иқтисодий саводсизликни қоралайди. Миллатимиз вакиллари бутун умр йиққан мол-дунёсини бир кунлик тўйга сарфлашини, қаердаги бемаза орзу-ҳавасларга берилиб исрофгарчиликларга йўл қўйишини қаттиқ танқид қилади. Тўйни кичик даврада исрофгарчиликсиз ўтказиб, ундан қолган маблағни ёшларнинг илм олишларига, соғлиғига сарфлаш фойдали экани уқтирилади.

Илмли ва тарбия кўрган аёллар эрларига ҳар томонлама мададкор бўлиши, болани иродали қилиб тарбиялашда ота-онанинг зўри эмас, балки болага бериладиган муайян эркинлик муҳим экани қайд этилади.

Назаримда Фитратнинг "Халқнинг ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши, заиф бўлиб хорликка тушиши, фақирлик жомасини кийиб, бахтсизлик юкини тортиб эътибордан қолиши, ўзгаларга тобе, қул ва асир бўлиши болаликдан ўз ота-оналаридан олган тарбияларига боғлиқ...", деган фикрлари ҳар бир юртдошимиз қалбида жаранглаб туриши керак.

Абдишукур ОМОНОВ

Report typo