Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • ҲАР БИР ШАҲАР ВА ТУМАНДА ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРНИ ЎҚИТИШГА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР ОЧИЛАДИ

Темур НИЗОМОВ

04.06.2021


ҲАР БИР ШАҲАР ВА ТУМАНДА ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРНИ ЎҚИТИШГА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР ОЧИЛАДИ

Таълим

 Вилоятимиздаги 15 та умумий ўрта таълим муассасаси негизида хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиб, уларга таянч олий ўқув юртлари - Қарши давлат университети ва Самарқанд давлат чет тиллари институтининг тегишли кафедралари бириктирилади.

 Республика ҳукуматининг жорий йил 19 майдаги қарори талабига кўра, хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида очилади. Ушбу таълим муассасаларидан 13 тасининг ихтисослиги инглиз тилини ўқитишдан иборат бўлади ва уларни Қарши давлат университетининг инглиз тили ва адабиёти ҳамда инглиз тилини ўқитиш методикаси ва амалиёти кафедралари ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

 Айни пайтда Яккабоғ туманидаги 14-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернат ва Шаҳрисабз шаҳридаги 14-сон умумтаълим мактаби негизида ташкил этиладиган муассасаларда инглиз тили билан бир қаторда тегишли равишда немис ва япон тиллари ҳам чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Шу боис бу мактабларга Қарши давлат университетининг инглиз тили ва адабиёти кафедрасидан ташқари мазкур олий ўқув юртининг немис тили ва адабиёти кафедраси ҳамда Самарқанд давлат чет тиллари институтининг Узоқ Шарқ тиллари кафедраси бириктирилади.

 Ҳукумат қарорига биноан хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятининг асосий йўналишлари ўқувчиларнинг асосий тил кўникмаларини (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) ривожлантириш учун шароитлар яратиш, шу жумладан, олий таълим муассасаларининг хорижий тиллар кафедраларини бириктириш орқали ўқувчиларнинг хорижий тилларни чуқур ўрганишини ташкил этишдан иборат бўлади. Шу билан бирга бундай мактабларда ўқувчиларни хорижий тилларга ўқитиш ва уларнинг билимларини баҳолашнинг халқаро тан олинган услублари жорий қилинади, шу жумладан, таълим жараёнида масофавий ва бошқа замонавий таълим шакллари кенг қўлланади ҳамда   бошқа фанлар хорижий тилларда ўқитилади. Бундан ташқари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчиларнинг камида иккита хорижий тилни мукаммал ўзлаштириши орқали уларнинг дунёқараши кенгайиши, салоҳияти ошиши ҳамда меҳнат бозорида рақобатбардошлиги оширилишини таъминлайди.

 Ҳужжатда хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларга бириктирилган олий таълим муассасаларининг асосий вазифалари ҳам белгиланган. Уларнинг биттаси ўқув жараёнини методик қўллаб-қувватлаш, ўқувчиларнинг асосий тил кўникмаларини мустаҳкамлаш ва қўллашда кўмаклашиш, шу жумладан, таълим жараёнига хорижий мутахассисларни жалб этишдан иборат бўлса, иккинчиси таълим жараёнига малакали профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабаларни жалб қилиш чораларини кўриш ҳамда улар иштирокида маҳорат дарсларини ташкил қилишни назарда тутади. Яна бир вазифаси хорижий тилларга ўқитиш курслари ва тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, ўқувчилар ўртасида кўрик-танловлар ва олимпиадалар ўтказишга қаратилган.

 Қарор билан тасдиқланган тегишли дастурга асосан 2021 йилда вилоятимизда хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларни техник воситалар билан жиҳозлаш учун маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча манбалари ҳисобидан 1 миллиард 935 миллион сўм маблағ ажратилиши керак.

 Темур НИЗОМОВ

 

Report typo