Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ҳусан ТУРСУНОВ

09.02.2017


ҲАР БИР ШАХС МУРОЖААТ ҚИЛИШГА ҲАҚЛИ, АММО...

Қадимги юнон файласуфларидан бири ҳуқуқ, эркинлик, бурч тушунчалари ҳақида фикр юритиб, шундай деган эди: “менинг ҳуқуқим бошқа бировнинг ҳуқуқи бошланган жойда тугайди”. Назаримда, бир неча асрлар олдин айтилган бу фикрнинг мазмуни, аҳамияти ва муҳимлиги бугунги кунда ундан-да кам эмас. Сабаби, ҳар биримиз кундалик турмушда, ўқишда ёки ишда бўладими, фуқаролик ҳуқуқларимиздан фойдаланиш билан бирга зиммамиздаги бурчимизни ҳам тўлақонли бажараяпмизми, ўз ҳуқуқ ва    эркинликларимизни амалга оширишда бошқа шахсларнинг қонуний манфаатларига путур етказиб қўймаяпмизми, ҳуқуқ ва бурч         масъулиятини бирдек ҳис қилиб, шунга амал қилаяпмизми, деган саволларни ўз олдимизга қайта-қайта қўйишимиз керакдай. Аслида ҳам демократия, ҳуқуқ, эркинлик чегара билмас тушунчалар эмас. Лекин бир ҳуқуқимиз борки, у ҳамма вақт, ҳамма жойда дахлсиздир. Бу ўз шаънимиз ва қадр-қимматимизни ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқдир. Бир бурчимиз борки, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзга фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурмиз. 

Конституциямизнинг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, 48-моддасига асосан эса фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлиги белгиланган.

Гап фуқароларнинг мурожаатларини тез, холисона ва адолатли ҳал қилишда қонунийликни таъминлаш ҳақида бораркан, бу борада кейинги йилларда қонунчилик базаси тубдан такомиллаштирилганини, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг масъулияти ҳамда жавобгарлигини оширишни таъминлашга қаратилган кескин чора-тадбирлар кўрилганини алоҳида қайд этиш лозим. 

Хусусан, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг ўрнига янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани муҳим аҳамият касб этди. Мазкур қонун билан мурожаатларнинг шакллари ва турлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқларининг кафолатлари, мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби, мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда давлат органларининг мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди. Шунингдек, қонунга жисмоний ва юридик шахслар оғзаки ёки ёзма мурожаат билан бир қаторда электрон шаклда ҳам мурожаат қилишлари мумкинлиги ҳақидаги норма киритилди.

Айниқса, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларининг кучайтирилганлиги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқини янада кафолатлади.

Аммо, очиғини айтганда, кўп ҳолларда ҳуқуқимизни билиб, ҳар қадамда уни талаб қиламиз-у, вазифангни ёки мажбуриятингни бажармабсан, буни нотўғри ёзибсиз, бунга асос йўқ-ку деганда ўзимизни оқлаш учун турли хил сабабларни излашга тушамиз. Тўғри, бугун фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда давлат идораларининг масъулияти ва жавобгарлиги янада оширилди. Лекин бу айрим кишиларнинг хоҳлаганича бировнинг устидан шикоят ёзиб, уни идорама-идора сарсон қилиш, мурожаатнинг асосий моҳияти қолиб, ўзга фуқаро ёки идора ходимининг шаънини топташ мумкин дегани эмас. Чунки қонунда нафақат мурожаатни кўриб чиқувчи масъул давлат идоралари ходимларига, балки ўз навбатида фуқароларга ҳам мурожаатчи сифатида муайян талаблар қўйилган.

Масалан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, мурожаат этиш ҳуқуқининг амалга оширилиши бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак бўлса-да, афсуски, баъзан айрим кишилар давлат идораларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўзи билган ҳолда атайин ўзганинг шаънини, қадр-қимматини ерга урадиган очиқдан-очиқ ҳақорат ва куракда турмас сўзлар билан бўрттириб шикоят ёзади-ю, лекин инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида Конституция ва қонунлар билан муҳофаза қилинганини, ёлғон маълумотлар баён этилган мурожаатлар учун жавобгарлик белгиланганини, ҳар қандай вазиятда ҳам, ҳатто мурожаат асосли бўлса ҳам ҳеч ким ўзга фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилиши мумкин эмаслигини ўйламайди. Шаън ва қадр-қимматга бўлган ҳуқуқ – бу ҳар бир инсоннинг, у қайси миллат вакили, ким бўлишидан, ижтимоий келиб чиқиши, диний эътиқодидан қатъи назар, табиий ва ажралмас ҳуқуқидир. Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, дунёнинг қайси бир минтақасида бўлмасин, ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга, ҳаттоки жиноят содир этган шахсга нисбатан ҳам унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатларни амалга оширишни қонун қатъиян ман этади.

Яна бир мулоҳаза, фуқаролар, ҳатто баъзида олий маълумотли, ҳаётда кўп тажриба орттирган айрим кишилар томонидан ёзилаётган асоссиз шикоятларни ўқиб, ўрганиб, ҳайрон қолади одам. Нима эмиш, фалончи ташкилот раҳбари ишимни ҳал қилмасдан, атайин ойлаб, йиллаб сарсон қилди, фалончи идора ходими фалончи билан ўзаро тил бириктириб, жиноят содир қилган, фалончи киши хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, ҳуқуқларимни поймол қилди, деган асоси йўқ қуруқ гаплар билан бошқа фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва обрўйига бўлган дахлсиз ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлинаётгани, охир-оқибат бундай мазмундаги мурожаатларни “шунчаки жаҳл устида ёзиш” ҳолатлари  одатий тусга айланиб бораётгани ачинарли ҳолатдир.

Албатта, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органлари ва муассасаларга ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Фуқароларни ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига мурожаат қилганлиги учун танқид қилиш ёки таъқиб этиш мумкин эмас. Аммо ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб у ёки бу давлат органига мурожаат қилган фуқаролар ҳам Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлигини асло унутмаслиги лозим.

Ҳусан ТУРСУНОВ,

Вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи

Report typo