Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

14.07.2018


ҲАР ЕРНИ ҚИЛМА ОРЗУ...

Санобар (исми ўзгартирилди) ҳам мўмай даромад ваъда қилган дугонасининг сўзларига ишониб, ёш боласини онасига қолдириб хорижга ишга кетди. Мусофир юртда, қийин аҳволда 12-15 киши битта хонада яшашди. Ноқулай меҳнат, об-ҳаво ва яшаш шароити, пала-партиш, носоғлом турмуш тарзи туфайли    соғлиғини йўқотди. Кун бўйи оғир шароитларда ишлаш ва етарлича тўйиб овқатланмаслик бора-бора иммунитетини кучсизлантириб, аҳволи кундан-кунга оғирлашиб бораверди. Чет элда тиббий хизматдан фойдаланиш жуда қимматлигини билган Санобар даволанишни хаёлига ҳам келтирмади. Натижада аҳволи кундан-кунга оғирлашаверди. Ортига қайтай деса, йўлкира керак... 

- Мусофирчиликдаги сарсон-саргардонлик кишининг иродасини букиб қўяркан, - дейди у. - 3 йил чет элда оғир шароитда ишладим. Аниқ ва узоқ муддатли ишимиз ҳам йўқ эди. Ким нима иш қил деса, шуни қилиб кетаверардик. Яшаш манзилимиз, доимий рўйхатимиз йўқлиги, мусофир бўлганлигимиз сабабли жуда қийин шароитда яшашга мажбур эдик. Охирги 3 ой ичида соғлиғим жуда оғирлашди. Йўталим кучайиб, иштаҳам йўқолди, тез-тез иситмалаб, мадорсизлана бошладим. Ҳамроҳларим мажбурлаб яқин атрофдаги тиббий муассасага олиб чиқишди. Шифокорларнинг кўрсатмаси билан анализ топширдим ва менда сил касаллиги аниқланганини билдим. Буни эшитган хонадошларим йиғилишиб, менга юртга қайтиш учун чипта олиб беришди. Шифокорларнинг эътибори билан соғлиғим қайта тикланмоқда. Тўғрисини айтсам, ушбу касаллик аломати борлигини билганимда жуда тушкун кайфиятга тушиб қолдим. Негаки тўлиқ маълумотга эга бўлмаганим сабабли, уни жуда хавфли касаллик деб билардим. Шу сабабли ҳаётим тугади, деб ўйладим. Бу нотўғри фикр экан. Ҳозир ўзимни анча яхши ҳис қилаяпман…

Бугун бутун дунёда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг тинчлигини бузаётган сил касаллиги ўзининг оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Ҳар йили дунёда     8-10 миллион киши сил касаллиги билан касалланиб, 3 миллиондан кўпроқ беморларда касаллик ўлим билан тугаши ачинарли ҳолдир. Бироқ бу бедаво дард дегани эмас.

- Сил касаллиги бедаводир, деб тушунувчиларнинг фикри нотўғри,  - дейди вилоят фтизиатрия диспансери бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Шокир Рўзиев. - Силни даволаш мумкин. Бемор шифокор томонидан тавсия этилган дориларни ўз вақтида қабул қилиши ҳамда даволаш курсини тўхтатмаслиги ушбу касалликдан мутлақо соғайишини таъминлайди.

Ҳозирги кунда вилоятимизда сил касаллигини эрта аниқлаш ва тўлиқ даволаш учун барча шароит яратилган. Бунинг учун кишилар ўзларида ушбу касалликнинг белгиларини сезганда тиббиёт муассасаларига қанча тез мурожаат қилишса, бутунлай соғайиб кетиш имконияти ҳам ошади. Ўз вақтида шифокорлар кўригидан ўтиб туриш касалликни эрта босқичларда аниқлаш ва уни осонликча бартараф этиш имконини беради.

Жаҳон жамоатчилигини ташвишга солаётган сил касаллигидан сақланиш учун аввало инсон ўз соғлиғига эътиборли бўлиши зарур. Тиббиёт фани эришган ютуқлар эса хасталикни бартараф этишга қодир. Ўзини, яқинлари, атрофдагиларни ўйлаган хаста киши албатта касалликдан фориғ бўлиш учун ўзида куч топа олади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo