Покистон ҳукуматининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда сув тошқинларидан кўрилган зарар миқдори 10 миллиарддан 12 миллиард 500 миллион долларгача етиши мумкин, дея хабар тарқатган Geo телеканали.
Республика ҳудудларида июнь ойи ўрталаридан буён давом этаётган муссон ёмғирлари ва кузатилаётган сув тошқинлари натижасида 1 минг 300 нафарга яқин одам ҳалок бўлди, 2 минг нафардан ортиқ киши жароҳат олган. Мамлакатнинг катта қисми, хусусан Балужистон, Хайбер-Пахтунхва ва Синд вилоятлари сув остида қолмоқда. Камида 1 миллион 460 минг уй қисман ёки тўлиқ шикастланган, 736 минг бошдан ортиқ чорва моллари ўлган.
"Юқори даражали қўмита молия, режалаштириш вазирликлари, Покистон давлат банки, даромадлар бўйича федерал кенгаш ҳамда бошқалар вакиллари иштирокида баҳолашича, камбағаллик ва ишсизлик такрор ортиб, 21,9 фоиздан 36 фоизга ўсган", дея хабар беради манба.
Ҳукуматдаги манбалар телеканалга маълум қилганидек, жорий молия йилида мамлакатда ялпи ички маҳсулот ўсиши ҳажми 5 фоиздан 2 фоизга қисқариши кутилмоқда.
Ўтган ҳафтада Покистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди, ҳукумат бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларни барча имкон даражасидаги ёрдамларни кўрсатишга чақирган.
Маълумотларга кўра, мамлакатда сўнгги 30 йилда йиллик ўртача ёғингарчилик 134 миллиметрни ташкил этган, жорий йилда эса бу кўрсаткич 388,7 миллиметрга етди. Покистон ҳукумати сув тошқинларидан 33 миллион аҳоли, яъни ҳар етти покистонликдан бири жабр кўрганини маълум қилган.