Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
8 октябрь, шанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

26.08.2022


Ҳар йилгидан-да ўзгача ва кўтаринки руҳда

Қашқадарёда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган асосий байрам тадбири 28 август куни Қарши шаҳридаги амфитеатрда ўтказилади.

Бу ҳақда хабар тарқатган вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати “...ҳар йилгидан-да ўзгача ва кўтаринки руҳда ўтказилиши кутилаётган мазкур байрам бутун Қашқадарё аҳли учун бир олам қувонч ва юқори кайфият улашмоғи лозим”лигини ҳам алоҳида таъкидлаган.

Маълумки, жорий йилда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида нишонланаётган Мустақиллик байрами воҳамиз шаҳар ва туманларидан биринчи бўлиб куни кеча Миришкорда ўтказилди. Кеча тантаналар эстафетасини Касби ва Шаҳрисабз туманлари қабул қилиб олди. Бугун навбат Ғузор, Қарши, Муборак, Яккабоғ ва Китоб туманларига.

27 август куни энг улуғ, энг азиз байрамимиз Шаҳрисабз шаҳри, Қамаши, Косон, Нишон ва Кўкдала туманларида кенг нишонланади.

Деҳқонобод туманида байрам тантаналари 29 август, Чироқчи туманида эса 30 августда бўлиб ўтади.

Айни пайтда воҳамизнинг барча ҳудудларида таниқли илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат арбобларидан иборат тарғибот гуруҳлари томонидан аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрамига бағишлаб маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Суратда: вилоятимизнинг асосий байрам тадбирига тайёргарлик жараёнидан лавҳа.

 

Report typo