Назорат ва натижа
"Сара уруғ - мўл ҳосил гарови". Бу бежизга айтилган нақл эмас, албатта.
Биламиз, деҳқончиликда ҳудуднинг об-ҳаво, тупроқ, сув шароитлари, агротехник тадбирлар билан бир қаторда, танланган уруғнинг сифати ҳам ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бошоқли дон экинлари етиштиришда ҳосилдорлик кўп жиҳатдан танланган уруғликнинг сифатига боғлиқ бўлади. Шунга монанд, мамлакатимизда бошоқли дон экинлари уруғчилигини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада кўплаб илмий тадқиқотлар ўтказилаяпти.
Бизда ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароити ҳисобга олинган ҳолда, белгиланган меъёрлар асосида уруғлик дон тайёрлаш тизими йўлга қўйилган. Аммо, камчиликлар ҳам оз эмас. Жумладан, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида уруғлик дон етиштириш билан боғлиқ кўплаб қонунбузилишлар қайд этилди.
Мисол учун, ўрнатилган тартибга кўра, уруғлик дон етиштиришга даъвогар фермер хўжаликлари тендер танлови асосида саралаб олинади. Тендер комиссияси келиб тушган аризалар бўйича белгиланган меъзонлар асосида уларнинг имкониятини ўрганиб чиқиши ва танлов ғолиблари билангина уруғлик дон етиштиришга шартномалар тузилиши лозим. Бунда туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи раислигидаги комиссия аъзолари томонидан ҳар бир иштирокчининг йиғма жилдлари шакллантирилиб, ким нима учун ғолиб бўлгани ёки аксинча кимга нима сабабдан паст балл қўйилгани ҳақидаги хулосалар тегишли ҳужжатларда қайд этилиши шарт.
Аммо, Яккабоғ туманида бу борадаги мавжуд ҳолат ўрганилганда тендер танлови белгиланган мезонлар асосида сифатли ўтказилмагани, тегишли ҳужжатлар шакллантирилмасдан туриб уруғлик дон етиштирувчи фермер хўжаликлари билан шартномалар имзолангани аниқланди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимининг тегишли қарорлари билан Яккабоғда 2021 йил ҳосили учун сувли майдонларда кузги бошоқли дон экинларининг районлашган 4 та, яъни, "Алексееич", "Таня", "Юка" ва "Гром" навлари жойлаштирилиши аниқ белгилаб берилган бўлса-да, туманда "Бунёдкор", "Краснодарская-99", "Ғозғон", "Первица", "Яксарт", "Бобур", "Крошка", "Ґисорак" каби навлар ҳам жолаштирилганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Бу билан мутасаддилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 апрелдаги тегишли қарори талабларини ҳам бузган. Яъни, мазкур ҳужжатда 2018 йил 1 сентябрдан битта вилоятда ўнтадан кўп, битта туманда бештадан кўп бошоқли дон экинларининг районлаштирилган навларини жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги аниқ белгилаб қўйилган. Яккабоғ туманида эса ушбу тартибга умуман амал қилинмаган ҳолда 11 та районлаштирилган бошоқли дон экинлари экилгани тушунарсиз.
Худди шундай ҳолат Косон ва Нишон туманларида ҳам кузатилди. Мисол учун, Косон туманида 5 та ўрнига 12 та, Нишон туманида эса 11 та нав экилган.
Ваҳоланки, Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан 2020 йил 14 июль санасида вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасига 2021 йил ҳосили учун тендер танловларини сифатли ва белгиланган талабларга мувофиқ ўтказиш тўғрисида ёзма кўрсатма ҳамда 2020 йил 11 сентябрь санасида бошоқли дон экинлари навларини тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилган тартибда жойлаштириш бўйича огоҳлантириш хатлари берилган эди. Масъул раҳбарлар эса барибир ўз билганича иш кўришган.
Айни вақтга қадар Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан бу борада камчиликларга йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазо чоралари қўлланилди.
Айни соҳада ўрганишлар давом эттирилмоқда.
Сарвиноз ИСМОИЛОВА,
Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари