Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ҲАР КИМ ЎЗИ УЧУН ТИРИШСА, ЎЗИ БОЙИСА, ШУНИНГ ҲИСОБИГА ДАВЛАТ БАҚУВВАТ, ҲУКУМАТ БОЙ БЎЛАДИ

НАСРИДДИН

14.07.2022


ҲАР КИМ ЎЗИ УЧУН ТИРИШСА, ЎЗИ БОЙИСА, ШУНИНГ ҲИСОБИГА ДАВЛАТ БАҚУВВАТ, ҲУКУМАТ БОЙ БЎЛАДИ

 Сараланган сатрлар 

Ўзбек ва қорақалпоқ - гўёки эт билан тирноқ, бир-биридан ажратиб бўлмайди. Чунки неча минг йиллардан бери бу икки халқнинг тутуми, одатлари, яшаш тарзи бир, иккисиям болам-чақам деб яшайди, не-не босқинлару истилоларни кўрган халқ сифатида тинчлик-осойишталик, хотиржамлик қадрини теран англайди. Ўзбек ва қорақалпоқ оилани муқаддас қўрғон сифатида эъзозлайди, халқ юксалиши оилада қарор топган қадриятларга боғлиқ эканини яхши тушунади. 

Машҳур қорақалпоқ ёзувчиси Муратбай Низановнинг "Ақчагул" асарида юқоридаги фикрларимиз ифодасини кўриш мумкин. Қиссада аёл матонати, сабр-бардоши, оила, рўзғор, болаларининг тўкис яшаши учун куйиб-пишиши, ўзини ўтга-чўққа уриши ҳақида сўз боради. Афсуски, эрининг боқибеғамлиги, масъулиятни ҳис этмаслиги, ҳаётга енгил-елпи қараши оқибатида гулдай аёлнинг умри хазон бўлади. Аммо ундан турмушнинг баланд-пастини таниган, хорижда ўқиб, ҳаётда ўрин топишга қодир оқил фарзандлар қолади. 

"Ақчагул" яшаш учун курашнинг гўзал намунаси экани билан ардоқлашга лойиқ асардир. 

* * * 

Кўпнинг кўнглини топиш осонми? Одамлар ҳам пул тўлагандан кейин яхши овқат есам дейди. Ақчагул бугун эринчоқлик қилса, эртага ўзига қийин. Харидорни бир қочирсанг, кейин бетини берман қаратолмайсан. 

* * * 

"Бошингда эринг соғ бўлса, очдан ўлдирмайди" дейишган экан қадимда. Аммо ҳозир замон ўзгардими, ишқилиб, бу ўчоқнинг ўтини сўндирмайман, деб жонини жабборга бериб югуриб юрадиган аввалги Нуржан энди йўқ. Ёки эри ҳам унга орқа қилиб ўрганиб қолдимикин? Куйиб кетган пайтларида сиртида тўнғиллаб-сўнғиллаб қўяди-да, сўнг дарров ёқасига туфлайди: 

- Туф-туф, тил-оғзимга тош! Топмаса-топмасин, эсон-омон бўсағадан кириб-чиқиб юрса етади. 

* * * 

Етимлик одамни тез улғайтирар экан. 

* * * 

- Қачондан бери ишимдан айрилдим деб қўл қовуштириб ўтирибсан! Ёки ҳукумат боқади деб умид қилаяпсанми? Ундан кўра ҳаракатингни қил, - дея уни овқат сотишга ўргатди. Шу ишни қилмаганида қариндош-уруғларнинг ҳаммасига бирма-бир қўл чўзиб чиққан бўларди. Бир нарса сўраб борсанг, улар ҳам бир-икки марта қуруқ қайтармас, лекин кейинчалик, сен ҳам тирик жонсан, ҳаракатингни қил, дейишмайдими? Ҳарқалай, вақтида қимирлаган экан. "Яхшидан шарофат" деб шуни айтади-да! 

* * * 

Қолган беш-олти йигит хотинларининг топганини еб, кун узоғи қарта ўйнашдан чарчамайди. Ўзлариникини ўзлари маъқуллашади. Дастлабки вақтларда улар ҳам оз-моз уялар эди, энди хотинлари: "Иш топиб ишласангиз-чи" деса: 

- Қўйсанг-чи, хотин, лўлиларнинг ҳам эркагини аёли боқади. Бизнинг бир лўличалик қадримиз йўқми? - деб баҳона қиладиган бўлишди. 

* * * 

Болаликда киши кўнглида қандайдир бир яхши кўриш сезими бўлади. Бу туйғу чин муҳаббатми ёки ўткинчи ҳолатми, аниқ бир нарса дейиш қийин. Ҳарқалай беғубор қалбларни бесаранжом этувчи бундай ҳиссиётга аниқ бир таъриф бериш мушкул. 

* * * 

Бўйи етган қиз кўз ёш тўкса уят бўлади. 

* * * 

Қовундан айрилгач, тузоқ қўйишдан нима фойда? 

* * * 

Отани обрўли қиладиган ҳам фарзанд, ер билан яксон қиладиган ҳам фарзанд. 

* * * 

От босмайман деган ерини уч марта босади. 

* * * 

- Бу замонда ойликли ишга кўз тикиб ўтирган одам бор эканми? - деди у хотинининг кўнглини кўтаришга уриниб. - Ҳозир ҳамма ўзини бизнесга ураяпти. 

- Ахлат титкилаш ҳам бизнес эканми? 

- Биз каби камбағалларга насиб қилгани шу экан-да… Биз фақат ахлат титкиламаймиз. Овул-эл оралаб йиғсак ҳам бўлади. Бир пайтлар   муаллим, музейларга ҳам эл оралаб мол тўплашган, дерди-ку. 

- Унинг йўриғи бошқа… 

* * * 

"Сапар шахсий автобус олиб, Тошкентдан Нукусга қатнатиб қўйибди", деган гап қулоғига чалинди. Ана буни бизнес деса бўлади. Нуржан бўлса бировга темир-терсак йиғиб бериб, у беражак уч-тўрт танганинг ишқида маст бўлиб, "бизнесга ўтдим" деб ўтирибди. Ҳа, тадбиркорлик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермас экан. Қолаверса, вақтида ҳаракат қилмадингми, бошқалардан орқада қолиб кетаверасан… Эй, нима бўлгандаям борига шукр! Уларнинг ҳам ҳаёти ўнгланиб кетар. Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ дейишган. 

* * * 

Элнинг улуғи бўлсанг кенг бўл, кечиримли бўл. "Катта - кўприк, кичик - кофир" дейишган. 

* * * 

"Қиз бола пойгакда ётса, уйдан давлат кўтарилади". Балки шунинг учун топганимиз-топганимизга етмаётгандир, деб ўйлайди ўзича. Лекин бир иримни деб ким ҳам қизини отасидан юқорига чиқарарди? Мусулмончилик, ота-онага ҳурмат қайда қолади унда? 

* * * 

У бир пайтлардаги Нуржанга сираям ўхшамасди. Ёшлигида қандай суқсурдай йигит эди! Бунинг устига, жуда ораста эди. Эрталаб-кечқурун қўлини содалаб ювиб, ора-сира мойнинг ҳидини олсин деб энгил-бошига атир сув ҳам сепиб қўярди. Хуллас, Нуржан ҳеч қачон бошқа тракторчилар каби қорамойга қоришиб юрмасди. Ёки яхши кўрган одамингнинг унча-мунча камчилиги ҳам кўзингга кўринмасмикин? 

* * * 

Ҳаётнинг аччиқ-чучугига, кези келганда йўлида учрайдиган ноҳақликларга бардош беришга ўзини чоғлаб ўсмаган эди. Бундай одам ўзини тез олдиради, хоксор бўлиб қолади. 

* * * 

Тортиб ичсанг той қолади, қўрқиб ичсанг қўй қолади. 

* * * 

Аёл кишининг ҳаддан ташқари ўзига зеб бериши ҳам ярамайди. 

* * * 

Амалнинг ўзига яраша ҳавоси бўлар экан. 

* * * 

"Одам боласи тенгликка кўнса ҳам, камликка кўнмайди" дейишган қадимгилар. Йўқ, бошга тушса, одам ҳаммасига чидаркан. 

* * * 

Бой ғайратли бўлса, хотини уятли бўлади. 

* * * 

Туғишганлар қанчалик обрўли, меҳрибон бўлишса ҳам аёли оқибатли бўлмаса, бир-бири билан маърака-маросимлардагина саломлашишдан нарига ўтмайдиган бегоналарга айланиб қолишар экан. 

* * * 

Тирик жонга томоқ керак. Кейинги вақтда қаёққа қарасанг, эркаги уйда ўтириб, аёли тирикчилик ташвиши билан елиб-югурганини кўрасан. "Элда одат бўлса, кампир,   орқамга мин" деганларидай, бу савдо Ақчагулнинг ҳам бошига тушди. 

* * * 

Шаҳарнинг йўриғи бошқа. Бу ерда кунига икки маҳал қозони қайнамайдиган оила йўқ ҳисоби. Бунинг устига, шаҳарликлар мошова, угра ош каби камтарона емакларни билишмайди ҳам. Уйда гўшт тугаса, хотинлар "масаллиқ йўқ" деб тиззасини қучоқлаб ўтираверади. Ақчагулнинг бундай одати йўқ. У етимликда ўсган, йўқчиликни кўп кўрган. Керак бўлса, қуруқ ошқовоқнинг ўзидан ҳам қорин тўйдиргудек овқат пишираверади. Шунинг ҳисобига болалари сира оч қолгани йўқ. 

* * * 

Арзайимнинг хорижга ўқишга кетиши Ақчагулни янаям шошириб қўйди. Қизи у ёқларда юрт кўриб, эл танийди. Вақти келиб, у ўзларини вайрона уйда яшашга мажбур қилган ота-онасидан гина қилмайдими? Тилида айтмаса ҳам кўнглида изза тортади. Замонга боқолмаган ота-онасидан нолийди. 

* * * 

Уй қуриш - файзли иш, бир бошланса, битаверади. 

* * * 

Ҳеч ким "мени ҳукумат боқади" деб кутиб ўтирмайди. Чинданам шундай қилиш керак экан. Ҳар ким ўзи учун тиришса, ўзи бойиса, шунинг ҳисобига давлат бақувват, ҳукумат бой бўлар экан. Одамлари бойиган сари мамлакатнинг ҳам қудрати ошиб бораркан. 

* * * 

Дунёда қиз учун онадан, она учун қизидан яқин сирдош топилмайди. 

* * * 

- Кечир, қизим, - деди Нуржан уйга қайтишаётганда. - Мен онангга лойиқ йўлдош бўлолмадим. Уни    бахтли қилиш қўлимдан келмади. Бир аёлни бахтли қилолмаган эркак эркакми?! 

Фарзандлар оғир тин олишди. Шу топда уларнинг дийдаси қота бошлаган эди. Ҳаёт курашлардан иборат эканлигини тушуниб ета бошлаган эдилар. Бу дунёда топиш билан бирга йўқотиш ҳам борлигини англаб етаётган эди улар. 

Аммо олдинда уларни ойдин келажак кутмоқда! Ўзлари орзу қилган келажак кутаяпти. Онаси кўрмоқни истаган ёруғ кунлар турибди бу йўлда. 

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

 

 

Report typo