Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

17.03.2020


ҲАР РЎЗ (КУН)НИНГ АҲВОЛИ НЕЧУК БЎЛУРИНИ ТОПДИМ...

Боқий қадриятлар

Янгиланаётган Ўзбекистонимизга унга ҳамоҳанг янги кун - Наврўз байрами кириб келмоқда. Баҳор ўз сепини ёйиб, табиат яшил либос кийди, ариқларда тириклик манбаи бўлмиш сувлар шилдираб оқа бошлади. Деҳқонлар далага чиқиб, бўлажак мўл ҳосил илинжида баҳорий юмушларни бажаришга енг шимариб киришдилар.

Наврўз минг йиллардан буён халқимизнинг боқий қадриятларидан бири сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Ўтмишда ижод қилган шоирлар ўз ғазаллари, достонларида Наврўз шаънига мадҳиялар айтишган ва бу анъана замонавий шоирларимиз ижодида ҳам давом этмоқда.

Қуёш тақвими бўйича янги йил киришини англатувчи халқ байрами - Наврўз қадим тарихга эга. Қомусий олим, буюк аллома Абу Райҳон Беруний бундан минг йил олдин ёзган "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" асарида Наврўзни таърифлаб берган эди. Наврўз ҳақидаги маълумотлар буюк форс шоири Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома", Абу Бакр Муҳаммад ибн Жафар ан-Наршахийнинг "Бухоро тарихи" ва бошқа қатор қимматли асарларда ҳам келтирилган. Маҳмуд Кошғарийнинг "Девони луғотит-турк" асарида баҳор ва Наврўзга бағишланган халқ қўшиқларидан намуналар берилган.

Ўзининг гўзал рубоийлари билан жаҳоний нуфузга эга бўлган Умар Хайём (1048-1131) эса ушбу баҳор байрамига атаб "Наврўзнома" асарини ёзган. Унда узоқ тарихимиз, Наврўз байрамининг келиб чиқиши, шунга боғлиқ урф-одатлар ҳақида ҳикоя қилинади.

"Наврўзнинг жорий қилиниши сабабини айтсак, у шундан иборатки, - деб ёзади Умар Хайём, - офтобнинг икки айланиши мавжуд, улардан бири қуйидагича: офтоб ҳар уч юз олтмиш беш куну кеча-кундузнинг тўртдан бирида Ҳамал буржининг биринчи дақиқасига чиқиб кетган пайтининг ўзида яна қайтиб келади ва ҳар йили бу давр камая боради.

Жамшид (қадимги Эроннинг афсонавий подшоҳларидан бири) бу кунни тушунгандан кейин Наврўз деб атади ва байрам қилишни одатга айлантирди. Подшоҳлар ва бошқа одамлар ҳам уни қабул қилдилар. Айтишларича, биринчи Ажам подшоси Каюмарс (зардўштийларнинг олам яратилиши ҳақидаги афсоналарига қараганда - биринчи одам, Фирдавсийнинг "Шоҳнома"сига кўра - биринчи подшоҳ) подшоҳ бўлгандан кейин йилнинг кунлари ва ойларига ном беришга ҳамда одамлар билсин деб йилнома жорий қилишга қарор қилган".

Масалан,  фарвардин ойида ўсимликлар ўсишининг бошланиши кузатилса, баҳорнинг ўртаси ордибехешт ойи дейилади. Ёз ойининг биринчисига тир ойи деб ном берилган. Шаҳривар - ёзнинг охирги ойи. Кузнинг бошланиши меҳр ойи билан боғлиқ. Дай ойи қишнинг биринчи ойидир. Шундай қилиб, 12 ойнинг ҳар бирининг ўз номи бўлган.

- Умар Хайём "Наврўзнома"сида, - дейди филология фанлари номзоди Асрор Самад, - Қуёш тақвимининг тарихини баён қилади. Шу тақвим бўйича эрон подшоҳларининг Наврўз кунини қандай белгилаганликлари ва байрамни қай тарзда ўтказганликларини тарихий далиллар билан баён қилган. Биз бу рисолада Наврўз байрами билан боғлиқ бўлган жуда кўп одатлар, мавзулар, афсоналарга дуч келамиз. Таққослаш асосида ҳозирги замонда ўтаётган Наврўз билан Умар Хайём тасвирлаган даврдаги Наврўз байрами орасида катта фарқлар мавжудлигини кўрамиз".

Масалан, буюк мутафаккир яшаган даврда байрам куни қиличбозлар, тирандозлар, чавандозлар чиқиши айём қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотган. Баҳорги тенг кунлик ўша замонда 14-16 мартга тўғри келган бўлса, ҳозир биз Наврўзни 21 мартда байрам қилмоқдамиз.

Шунингдек, Умар Хайём бу асарида нафақат этнограф, тарихчи, балки билимдон табиб сифатида ҳам кўзга ташланади. У инсон организмининг фаслдан фаслга ўтганда ўзгаришини ҳисобга олиб, энг зарур тиббий маслаҳатларни беради.

Наврўзни Ўрта Шарқ ва Марказий Осиё ҳудудларидаги форс тилида сўзлашувчи ҳамда уларга яқин яшаган туркий халқлар қадимдан байрам қилишган. Бу ҳудудларда зардўштийлик дини шакллангач,   Наврўзга шу динга хос урф-одат ва анъаналар кирган ва уни диний байрам сифатида ўтказиш одатга айланган. Кейинчалик ислом дини кириб келгач, Наврўзга ислом элементлари киритилмаган ҳолда уни халқ орасида байрам қилиш давом этган. Наврўздаги зардуштийлик анъаналари ҳам унутилган.

Йирик тасаввуф олими, фиқҳшунос ва муҳаддис ал-Ҳаким Термизий (859-932)нинг 80 та асари бизгача етиб келган. "Наврўзнома" рисоласи ҳам буюк аллома қаламига мансуб бўлиб, у аслида араб тилида ёзилган.

Барча фанларни яхши эгаллаган Ҳаким Термизий табиатни ҳам кузатиб, унинг барча сир-асрорларидан воқиф бўлган. Ўша замондаги подшолар ва деҳқонлар ҳар соҳада у билан маслаҳатлашиб иш тутишган. Унинг маслаҳатлари асосида экин-текин экиб, парваришлашган.

Бу ҳақда асар муаллифи шундай ёзади: "Наврўзи олам янги бўлиши бирлан шул йил ичинда бўладирган нарсаларнинг аломатларидин фаҳм қилиб, аҳволлардин хабар берур эрдим, то илми нужумни бир ҳафтага келтурдим ва ҳар рўз (кун)нинг аҳволи нечук бўлурини топдим ва тажриба қилиб, ушбу нусха (китоб)ни ёздим, токи мусулмонлар наф олсунлар, хусусан, деҳқонлар киштикор (экинлар)ларни шунга қараб эксалар, биладурларки, бу йил қайси экин яхши бўлур ва қайси экинлар қиммат ва қайси ғаллалари арзон бўлур, шунга қараб амал қиладурлар".

Бундан кўриниб турибдики, "Наврўзнома"да Наврўзи олам ҳафтанинг қайси куни кирса, табиатда ва одамларнинг ҳаётида қандай воқеалар юз бериши, дала ва боғлардаги ҳосиллар қандай бўлиши баён қилинган. Шунга монанд иккита мисолни диққатингизга ҳавола этамиз: "Агар Наврўзи олам якшанба куни дохил бўлса (кирса), дейди ал-Ҳаким ат-Термизий, - Шамс (Қуёш)га тааллуқли бўлур. Ул соли (йил) неъматлар кўп бўлиб, тўқлиқ бўлғай, фитна ва ёмонлик оз бўлғай, ғўзаларга яхши бўлғай, тоғлардаги  полизлар ва экинлар яхши бўлғай ва деҳқонларнинг экинлари биткай. Йилни аввалинда арзони (арзончилик) бўлғай, охиринда андак қиммати (қимматчилик) бўлғай, аммо тез ўтгай".

Ҳафтанинг сешанба куни кирадиган Наврўзи оламга эса шундай таъриф беради: "Ул йил фараҳлик (шодлик) бўлғай ва кундан-кун таомлар кўп бўлғай,    гаҳорполар (ҳайвонлар)га маъмурчилик бўлғай... Бу йилда ҳам неъмат кўп бўлғай ва нархлар арзон бўлғай ва гиёҳлар  бисёр бўлғай. Аммо бу йилда узум кўп бўлғай ва заифларнинг аҳволи танг бўлғай. Валлоҳу аълам биссавоб".

Ҳаким Термизийнинг Наврўзи олам ҳақидаги яна бир асари "Солнома" деб аталади. Бу рисола форс тилида ёзилган бўлиб, кейинчалик туркийга таржима қилинган.

Термизийнинг "Наврўзнома" асарида Наврўз ҳафтанинг қайси куни кирса, ўша йили қандай воқеа-ҳодисалар содир бўлиши баён қилинса, "Солнома"да эса Наврўзи олам қайси мучал йилида кирса қандай воқеалар рўй бериши ёзилган.

Рисола ҳар йили қандай воқеалар юз берганини кузатиш, сайёраларнинг жойлашуви ва уларнинг ҳолати ўрганилиши асосида яратилган. Ҳар бир йил биттадан ҳайвон номи билан аталган. Мучал йили, яъни мазкур ўн иккита ҳайвон номи билан бошланадиган йил ҳам 21 март - Наврўзи оламдан бошланади. Мучал ҳисобидан фойдаланган халқлар орасида ҳар бир йилнинг ўзига хос хусусиятлари - хосияти ёки кўнгилсиз томонлари борлиги ҳақида ҳар хил гаплар бор.

"Ал-аҳодис ан-Наврўзия" ("Наврўз ҳадислари") деб аталувчи 10 та ҳадис қадимий қўлёзмалар орқали бизгача етиб келган. Маълумки, ҳадис деганда жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари ва йўл-йўриқлари тушунилади. Ҳадис ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас манба ҳисобланади.

- "Наврўз ҳадислари"ни ўқир эканмиз, - дейди уни араб тилидан таржима қилган Неъмат Жабборов. - уларда Наврўз билан бевосита дахлдор фикрлар йўқлигини кўрамиз. Менимча, улар Наврўз муносабати билан тузилган бўлиб, моҳиятида баҳорги тенг кунлик пайтларида одамлар умрини беҳуда ўтказмай, бу ўн ҳадисни ўқиб, улардаги ибратли мазмунни ёд олсин ва унга амал қилсин, деган маъно ётади. Ҳадислар қандай мазмунга эга бўлмасин, улар ўтмишда ота-боболаримиз Наврўз   айёмларида одоб-ахлоққа оид ҳадисларни ўқиб, ўз маънавий оламларини бойитганларидан гувоҳлик беради.

1920 йилда юртимизнинг Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари қизил империя томонидан тугатилиб, шўролар ҳокимияти ўрнатилди. Большевиклар иттифоқ таркибидаги ҳар бир республика, миллат ўз динида эркин, асрий урф-одатлари, байрамларини бемалол ўтказиш имкониятига эгадирлар, деб ваъда қилган бўлсалар-да, бунга амалда риоя қилинмади. Чунки коммунистик тузумнинг мафкураси динни    инкор қилишга асосланган эди. Узоқ асрлардан буён халқ байрами сифатида нишонлаб келинган Наврўзга диний тус берилиб, элимизнинг ушбу  халқчил байрами четга сурилди.

ХХ асрнинг 80-йилларида совет  иттифоқи деб аталган улкан мамлакат турғунликка юз тутган, ривожланишдан орқада қолаётган эди. Боз   устига унинг таркибидаги  халқларда озодлик кайфияти кучайиб бораётганди. Бундай ҳолат оғир оқибатларга олиб келишини тушунган иттифоқ раҳбарлари мамлакатда қайта қуриш эълон қилиб, ошкоралик ва ҳурфикрлиликка йўл очиб беришга мажбур бўлишди. Наврўз азалдан байрам қилиб келинган иттифоқдош республикаларда, шу жумладан, Ўзбекистонда уни қайта тиклаш масаласи қатъий қилиб қўйилди. Илгари юқорининг босими остида Наврўзга диний байрам деб тасниф беришга мажбур бўлган олимлар унинг тарихини қайта варақлаб, ундан "диний" деган айбловни олиб ташладилар. 1989 йилда - шўролар ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Наврўз яна халқнинг анъанавий байрами сифатида қайта тикланди.

Кўп ўтмай пойдеворига зил кетган совет иттифоқи парчаланиб, Ўзбекистон истиқлолга эришгач, бағрикенг, танти, сабр-бардошли халқимиз асрлар оша эъзозлаган, ўша зулматли замонда ҳам унутмаган қадриятларимиз, шу жумладан, Наврўзи олам озод юртимизга ўзининг янги, беғубор таровати билан қайтиб келди. Қалбларимизни қувончу шодликларга лиммо-лим қилди.

Мана, кўп миллатли халқимиз улкан умидлар ва шижоат билан янги Ўзбекистонни қурмоқда. Юртимизга бағрини кенг очиб, бахт-саодат, тинчлик ва осойишталик нияти ила ташриф буюраётган Наврўзу олам бу йўлда барчамизга қўшимча куч ва ғайрат бағишлаши шубҳасиздир.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист

Report typo