Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилувчи энг муҳим ҳужжатдир. Унда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакат тараққиётини жадаллаштиришнинг муҳим йўналишлари ҳамда аниқ марралари белгилаб берилган.
Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш мақсадида давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлис ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Бу қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, мазкур йўналишда “электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш масалалари кўзда тутилган.
Ўқув-семинарда бу масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан амалга оширилаётган ишлар кўлами ва аҳамияти таҳлил қилинди. Келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Музаффар ТУРОПОВ