Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Моҳинабону УБАЙДУЛЛАЕВА

20.06.2017


ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ - ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ МЕЗОНИ

Ватанимиз тарихида, халқимиз ҳаётида янги тараққиёт босқичини бошлаб берган беш устувор йўналишнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш, шу орқали беш йил давомида амалга ошириладиган ушбу йўналишдаги ишларда халқимизнинг ташаббускорлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлаш мақсадида Ҳаракатлар стратегияси ва унда белгилаб берилган вазифаларнинг мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинмоқда.

Яқинда “Адолат” социал демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан  Деҳқонобод туманидаги саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ташкил этилган тадбир ҳам худди шу мақсадга қаратилди. Унда партиянинг вилоят ва туман кенгаши аъзолари, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари Б.Омонов, республика Маънавият-тарғибот маркази туман бўлими раҳбари О.Нормуродов, Қарши давлат университети катта ўқитувчиси Ф.Қодиров, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўқитувчиси Б.Имомов ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларга Ҳаракатлар стратегияси, унда белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти ҳақида тўлиқ тушунча берди. Ушбу ҳужжат ўзбек давлат бошқаруви мактабининг бой тажрибаси, ҳаётий қадриятлари ва, албатта, халқимизнинг хоҳиш-иродаси асосида ишлаб чиқилган ноёб тарихий ҳужжат бўлиб, унда белгилаб берилган ишларнинг тўлиқ амалга оширилиши Ватанимизнинг юксак тараққиётига хизмат қилиши таъкидланди.

– Мазкур дастурда белгилаб берилган вазифалар аввало инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, одамларнинг орзу-интилишларини юзага чиқаришга яқиндан кўмаклашиш, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ижобий ўзгаришларга эришишга хизмат қилади, – дейди партиянинг вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Рўйиддин Раҳимов. – Ҳаракатлар стратегиясининг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги ижроси юзасидан ўрганишларимиз шуни кўрсатаяптики, одамларимиз бу ислоҳотларга бефарқ эмас. Улар мазкур тарихий ҳужжатнинг моҳияти, мақсад-муддаоси унинг ўзи, оиласи, авлодлари ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ эканини англаб етишмоқда.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга маърузачилар томонидан жавоб берилди.

 

Моҳинабону УБАЙДУЛЛАЕВА

Report typo