Шу маънода 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш, шунингдек, кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида ишлаб чиқилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ҳаракатлар стратегиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан сайловолди жараёни, жамоатчилик, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда давлат органлари билан учрашувлар чоғида билдирилган мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилди.
Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир. Хусусан, унда мамлакатни ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши белгиланган.
Биринчидан, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш борасида давлат ҳаётида парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, "Электрон ҳукумат" тизимини такомиллаштириш, давлат хизматининг сифати ва самарасини ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш кўзда тутилди.
Иккинчидан, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида эса суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга асосий эътибор қаратилди. Бунда маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш кўзланди. Айни пайтда суд жараёнида тортишув тамойили тўлақонли жорий этилади, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифати тубдан яхшиланади. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимига, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Учинчидан, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга урғу берилди. Амалдаги юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини юксалтириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш қайд этилди. Хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттиришга, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали хорижий сармояларни фаол жалб этишга эътибор берилмоқда.
Маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этиш, туризм индустриясини жадал ривожлантириш мақсад қилинган. Шуниси аниқки, бу йўлда рақобатдош, экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар муҳим аҳамият касб этади.
Тўртинчидан, ижтимоий соҳани ривожлантириш масаласи ҳам Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топди. Унга кўра, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил кўпайтириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга оширишга диққат қаратилмоқда. Таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш бунда муҳим банд сифатида киритилди.
Шунга мувофиқ электр энергияси, газ таъминоти, ижтимоий ёрдам, таълим сифатини яхшилаш, катта ёшли авлодни қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда бўлади.
Бешинчидан, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишни давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил-қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини юксалтириш орқали рўёбга чиқариш кўзда тутилди.
Маълумки, юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшамоқда, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилмоқда. Зеро, энг катта бойлигимиз - халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётидир.
Миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора куча- йиб бораётган, турли минтақаларда янги-янги уруш ўчоқлари аланга олаётган, беқарорликлар ва зиддиятлар кўлами кенгаяётган ҳозирги шароитда юртимизда қарор топган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидай асраб-авайлашимиз ниҳоятда муҳим. Барча қўшнилар билан яқин муносабатларни олиб бориш, халқаро миқёсда тинчликсеварлик йўлидан оғишмаслик бош аъмолимиздир.
Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича Давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади. Уни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг бирламчи вазифаси ва устувор йўналиши ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, Ҳаракатлар стратегияси - ташаббуслар, ғоялар ва яратувчанлик стратегиясидир.
Биз энди қилиниши керак бўлган ҳар бир ишни тепадан буйруқ кутиб ёки кимдир айтсагина бажариш ғоясидан воз кечишимиз керак.
Мана, банкларимиз хонадонларга бирма-бир кириб, аҳоли тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича кредитлар тақдим этмоқда. Айтайлик, қуёнчиликни ривожлантириш ниятида кредит олган одам, қуённи ҳовлисига олиб келгандан кейин қандай парваришлаш ҳақида бош қотириши керак эмас-ку. Демак, одамларнинг келгусида шуғулланадиган касб-кори бўйича билимини ошириш, бунга тегишли мутахассисларни жалб қилиш, керак бўлса, зарур қўлланмаларни ҳам тайёрлаб беришимиз даркор. Даромадини ошираман, дея яхши ният билан иш бошлаётган, бироқ етарли тажриба ва кўникмага эга бўлмаган фуқароларимиз банкдан қарздор бўлиб қолмаслиги керак.
Улуғвор мақсадларни кўзлаб оила - маҳалла - таълим муассасаси ҳамкорлиги концепцияси ишлаб чиқилган эди. Хўш, ўша ҳамкорлик бугун қандай натижа бераяпти? Уни ҳаётга таъсирчан усулларда қўллашнинг тугал механизми мавжудми? Нега ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликни камайтира олмаяпмиз?
Афсуски, бу каби муаммоли масалаларни кўплаб келтириш мумкин. Бироқ ҳанузгача уларга ечим топишда янгича ёндашувга ўтилмаяпти. Йил бошидан буён Президентимизнинг қанча фармон ва қарорлари эълон қилинди? Қанча қонун ҳужжатлари қабул қилинди? Уларни агар маҳаллий раҳбарларимиз ўқиб-ўзлаштира олмаётган бўлса, оддий одамдан нимани кутиш мумкин? Энди раҳбарман дея кеккайиб юришнинг, одамларга тепадан қараш ва эскирган принциплар билан яшашнинг даври ўтди.
Хуллас, яқин беш йилликнинг бешта янги устувор йўналишини белгилаб, шу йўлда дадил одимлаётган эканмиз, бу каби ҳолатларга эътиборли бўлишимиз, хато ва камчиликларга йўл қўймай, шахсий ташаббус ва фаоллик кўрсатишимиз даврнинг устувор талаби бўлиб қолади.
Исломиддин АБРОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси