Қайд этиш жоизки, мамлакатимизнинг барча вилоятларида ўтказилаётган мазкур тадбирлар жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВ ролини юксалтириш, соҳа ходимларининг касбий билим ва тажрибаларини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Таъкидланганидек, мамлакатни сиёсий модернизациялаш жараёнида айнан ОАВ давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг транспарентлигини таъминлаб, жамият ва давлат ўртасида муҳим кўприк вазифасини ўтайди. Кенг омма иштирокида қонун лойиҳалари ва бошқа муҳим масалаларни муҳокама қилиш, қонун лойиҳалари устидан жамоатчилик экспертизасини амалга ошириш, марказ ва жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётига доир вазиятни ўрганиш, қонунчиликдаги баъзи камчиликларни аниқлаш ОАВнинг жамоатчилик назорати шаклларидаги муҳим вазифаларидан саналади. Демак, журналистлар ўз фаолиятида ахборот тақдим этишнинг замонавий усул ва шаклларини, жумладан, журналистик текширув каби жамоатчилик назоратининг кенг тарқалган турини янада фаол қўллаши зарур. Журналистик текширувлар жамият, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг эътиборини инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши ҳолатларига, жамият ва давлат фаолиятининг турли соҳаларида ҳали-ҳануз учраб турган салбий ҳодисаларга қаратиши мақсадга мувофиқдир. Зеро, давлат органлари фаолияти очиқлиги ва ушбу жараёнда ОАВнинг бевосита иштироки унинг универсал хусусиятлари - оммавийлиги, қамрови кенглиги, жамиятнинг барча қатламларига кириб бориши туфайли интеграцион жараёнларда катта роль ўйнайди.
Шунга мувофиқ, журналистларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича саводхонлигини ошириш, журналист кадрларни тайёрловчи олийгоҳлардаги машғулотларни амалиёт билан бевосита боғлаш, журналистлар ихтисослашувини ривожлантириш, айни пайтда касб этикаси қоидаларига қатъий риоя қилиш, хорижий тилларни ўрганиш зарур.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинарда Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, унда белгиланган вазифаларни атрофлича тушунтириш ва ОАВ олдидаги долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, зарур таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Б.ЎКТАМ