Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли 13-ҳарбий шаҳарчада ўтган тадбирда Бош прокурор ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурори Исмоилжон Абдуҳакимов, Ҳарбий прокурорнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича катта ёрдамчиси Фахриддин Бегашев, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Зайнобиддин Иминов, Қарши ҳарбий прокурори Жаҳонгир Ашуров жам бўлганларни бирма-бир қабул қилиб, мурожаатларни тинглашди.
Мурожаатлар асосан уй-жой, ипотека кредити олиш, ишга жойлашиш, ҳарбий қисм йўлланмасига эга бўлиш каби масалалар бўйича бўлди. Бандлик, банк-молия, халқ таълими, хотин-қизлар қўмитаси, Мажбурий ижро бюроси органлари вакиллари қабулга жалб этилгани кўплаб масалаларни жойида ҳал қилиш имконини берди. Қолган мурожаатлар ижрога йўналтирилиб, тегишли тушунтиришлар берилди.
- Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматчи, асли бухороликмиз, ҳозир яшаётган уйимизни эса ипотека кредити асосида харид қилганмиз, - дейди Наргиза Болтаева. - Лекин бешинчи қаватдаги уй шифтидан сув ўтиши кўнглимизни анча хижил қилаяпти. Бу бўйича тегишли ташкилотга чиққандик, улар "димоход"дан дейишди. Мана яқинда ёмғир ёққанда яна сув ўтди. Шу вақтгача ўз ҳисобимиздан 3 марта таъмирлатдик. Бунинг устига чиқиндини ташиб кетиш ҳам йўлга қўйилмаган. Тўққизта "дом" учун битта чиқиндихона бор, шундаям тўрт ойда икки марта чиқиндини олиб кетишди. Бугун шу масалаларда ёрдам беришларини сўрадим. Муаммо тез орада ҳал қилиниши айтилди.
Ҳеч кимга сир эмас, ҳарбий хизматчиларнинг янги хизматни ўташ жойларига, шу жумладан, иқлим шароитлари оғир бўлган узоқ гарнизонларга кўчиб ўтиши натижасида, уларнинг фарзандлари таълим муассасаларини доимий равишда ўзгартириб туришади, мазкур ҳолат эса улар томонидан олинаётган билимлар сифатига таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Шундан келиб чиқиб, давлат раҳбарининг 2018 йил 14 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида хизматлари эътироф этилган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун 5 фоизли қабул квотаси ажратилди. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ миқёсида эса бу йил 132 ҳарбийнинг фарзанди ана шундай тавсияномага эга бўлди. Тадбир давомида бир гуруҳ ўғил-қизларга ушбу йўлланмалар тантанали равишда топширилди.
- Қарши давлат университетининг рус тили йўналишига ўқишга кирмоқчиман, - дейди Шаҳноза Рўзиева. - Тавсияномалар олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун уч йилдан ошмайдиган муддатга берилади. Шунинг учун бу имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан.
Қабул давомида шунингдек, бўш иш ўринлари ярмаркаси, китоблар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратларда: сайёр қабулдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.