Мудофаа вазирлигига қарашли Қарши шаҳрида жойлашган N-ҳарбий қисм жамоаси Олий ҳарбий авиация билим юрти ва мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Шаҳрисабз тумани бўлими ҳамкорлигида тумандаги 70-ўрта мактабда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан устозларни улуғлаш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга садоқат туйғусини юксалтириш мақсадларини ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбир ўтказди.
Унда мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари, нафақадаги фахрий устозлар, ота-оналар, таълим муассасаси жойлашган Янги қишлоқ маҳалласи фаоллари, тумандаги жамоатчилик ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.
Тадбир аввалида йиғилганлар иштирокида ҳарбий қисм томонидан буюк саркардалар - Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди шарафига қайта жиҳозланган тарих фани синфхонасининг очилиши бўлди. Эндиликда “Ватанпарварлик синфи” деб аталадиган хонада буюк аждодларимизнинг жасорати ва ибратларини ўзида акс эттирган ёзувли лавҳалар, суратли кўргазмалар ўрин олган.
Шундан сўнг, ҳарбий қисм раҳбарияти устозларни 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклаб, касб эгаларининг дунёдаги энг бебаҳо бойлик - ақл-заковат ва илмни ҳамда боқий мерос - тарбияни униб-ўсиб келаётган ёш авлодга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётганликларини эътироф этган ҳолда уларга эсдалик совғалари улашди.
Тадбирда ҳарбийлар томонидан тантанали саф юриши, кўргазмали жанговар чиқишлар намойиш этилди. Устозларни, юртни, ватанпарварликни, тинчликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди. Ташкил этилган жанговар қуроллар кўргазмаси ёш авлоднинг ҳарбийлик касбига бўлган қизиқишини янада оширди.
Ўз мухбиримиз