1
Ҳаммамиз ҳам эртакларнинг сеҳрли оламида ўсиб-улғайганмиз. Аслида энг ҳаяжонли, унутилмас эртак болалик хотираларидир. Ҳар гал ниманингдир, кимнингдир турткиси билан хаёлан ўз ўтмишимиз қаърига шўнғиганимизда беихтиёр ширингина энтикиб қўямиз. Эсимда, битли қаландар ҳақидаги ривоятни отамнинг тилидан ким неча бор тинглаганман:
Бор эканда йўқ экан,
Битли қаландар бўлган экан.
У тепадан бу тепага борар экан:
- Тепа оға, тепа оға, сен нимадан кучли?
Кучли бўлсанг, ўт кўкарармиди?
- Ўт оға, ўт оға, сен нимадан кучли?
Кучли бўлсанг қўй қиртишлармиди?
- Қўй оға, қўй оға, сен нимадан кучли?
Кучли бўлсанг бўри ермиди?
- Бўри оға, бўри оға, сен нимадан кучли?
Кучли бўлсанг ит қувлармиди?
- Ит оға, ит оға, сен нимадан кучли?
Кучли бўлсанг эганг манглайингга
бир мушт уриб емиш берармиди?
- Эга оға, эга оға, сен нимадан кучли?
Кучли бўлсанг милтиғингни тасмасини сичқон кертармиди?
- Сичқон оға, сичқон оға, сен нимадан кучли?
Кучли бўлсанг мушукдан қўрқармидинг?
- Мушук оға, мушук оға, сен нимадан кучли?
- Кучли бўлсам, кучли, ўн икки қўй суюнчи...
Эртакни тинглаб, ҳаммадан кучли мушук оғага ҳавас қилардик. Тағин, ёз оқшомлари юлдузлар ғужғон ўйнаган фалакка кўз тикиб, онам айтган эртакларни тинглаганим сира хотирамдан кўтарилмайди. Эртакларнинг сеҳрли олами шунчалик жозибадормиди, у ниҳоясига етмасдан қовоғимизга уйқу инмасди. Бир гал болалик хотиралари қутқусидами, шахсий кутубхонам болалар бўлмасида саф тортиб турган уч жилдли “Ўзбек халқ эртаклари”ни варақлагим келиб қолди. Кўчада тенгдошлари билан копток тепиб қайтган набирам бир муддат менинг ҳаракатларимни ғалати кўргазма янглиғ кузатиб турди-да, кутилмаган савол берди:
- Бобо, бола китобимни нега ўқияпсиз?
Болаларча синчковлик билан берилган савол туфайли ҳайратга тушдим, қизиқ, ўзи нега бу китобларни варақлаб қолдим, инсонда китобга ошнолик эртакдан бошланиб, вақт ўтиб эртакларга қайта-қайта мурожаат этиш одатга айланиб қолармикан?
Отамиз кўп йил қишлоқ мактабига раҳбарлик қилгани боисми уйимизда тирбанд китоблар жавони бўларди. Тўғри, аксари жиддий асарлар бўлса-да, орасида болалар адабиётига тааллуқлилари ҳам бор эди. Ясон ва аргонавтлар, Геракл, Гаргантюа ва Пантагрюэль, Том Сойер, Геклберри Фин, Дик Сэнд, Чипполино, барон Мюнхаузен, Гўрўғли, Алпомиш, Кунтуғмиш, ўзбек халқ эртаклари персонажлари, Жоннук ботир, Тим лақабли ўрдакча, Қизил шапкача, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”си севимли қаҳрамонларимиз эди. Айрим асарларни биринчи бўлиб ўқиш учун ака-укалар ўртасида ҳақиқий жанг кетарди. Отамиз бизнинг одатимизни билгани учун шаҳарга тушса, ҳар биримиз учун, ёшимизга қараб китоб харид қиларди. Отамизнинг шу одати менга ҳам ўтган, қаерга йўлим тушмасин, албатта китоб дўконларини кўздан кечириб, ўзимни қизиқтирган асарларни қидираман, набираларимга ҳам энг аъло совға сифатида болалар адабиёти намуналарини харид қиламан.
Ҳар гал китоб дўконларининг болаларга аталган бўлмасини кўздан кечирганимда мени бир нарса ажаблантиради. Энг эътиборни тортадиган асарлар ўша-ўша, муаллифлар ҳам ўша-ўша.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари “Сеҳрли қалпоқча” нафақат ўзбек, балки жаҳон болалар адабиётида ҳам ўзига хос портлаш бўлганди. Асарнинг ҳеч кимга таниш бўлмаган муаллифи Жельсомино, Чипполино сингари умрбоқий қаҳрамонлар яратган буюк итальян болалар ёзувчиси Жанни Родари алоҳида эътирофига сазовор бўлиши бежиз эмас эди. Ҳалигача эсимда, ўшанда ўсмирлар ва болаларга мўлжалланган нашрларда ҳар куни мазкур асарнинг қайсидир хорижий мамлакат тилида чоп этилгани ҳақида янгидан-янги хабарлар чиқиб турар, олис, кўпчилик қаерда жойлашганини билмайдиган мамлакатнинг номи кенг оммага маълум бўлмаган ёзувчиси қисқа фурсатда жаҳон болаларининг севимли ижодкорига, асар бош қаҳрамони эса севимли персонажига айланиб қолди.
Мана, ўшанга ҳам ярим асрдан зиёд вақт ўтди. Аслида ўтган давр ўнлаб номларни, юзлаб қаҳрамонларни кашф этишга бемалол етиб ортарди. Лекин ҳалигача юртимизда Худойберди Тўхтабоев энг севимли болалар ёзувчиси, Ҳошимжон Рўзиев эса энг ёдда қоларли қаҳрамон бўлиб келмоқда. Бизнинг авлод хотирасидан муқим ўрин эгаллаган Зафар Диёр, Ҳаким Назир, Латиф Маҳмудов, Қуддус Муҳаммадий, Қудрат Ҳикмат, Шукур Саъдулла, Фарҳод Мусажонов даражасидаги болалар шоир ва ёзувчилари ҳамон етишиб чиқмаяпти.
2
Обдан ўйлаб кўрсам, болажон ижодкоргина болаларбоп адабиёт ярата оларкан. Бу хулосага ҳаётий тажрибаларим, кўрган-эшитганларим асносида келдим. “Болажон” телеканалида “Худойберди бобо меҳмонда” кўрсатуви намойиш этилаётганда, “қулоқсиз” фарзандингизни экран олдидан жилдиришга уриниб кўринг-чи, қўлингиздан келармикан? Бугун виртуал олам мирисидан кириб, сирисидан чиқадиган болани қайси куч оддий суҳбатни томоша қилиш учун телеэкран қаршисига михлаб қўйди, деб ўйлайсиз? Албатта, болажон адибнинг болалар ўртасида ўзини суҳбатдошлари билан тенгдошдек тутиши, болаларга хос мулоҳаза юритиши, ширинсуханлиги шундай кучни ўзида касб этаяпти.
Ўтган асрнинг 80-йиллари боши туманимизда аксар мактабларда таълим туркман тилида олиб борилгани боис машҳур туркман болалар шоири, Жанни Родари номидаги халқаро мукофот соҳиби Қаюм Тангриқулиев меҳмон бўлиб келди. Мен ўша пайтлар туман газетаси муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлар, оз-моз бадиий ижод билан ҳам шуғулланардим.
- Ёзувчининг тилини ёзувчи тушунади, меҳмонни зериктириб қўймай ўзингиз ҳамроҳлик қилинг, - дейишди туман маданият соҳаси мутасаддилари.
Қаюм оға билан мактабларда учрашувлар ўтказардик, кечки пайт у киши ижодхонамда тунарди. Бир куни эрта тонг меҳмондан хабар олишга келсам, ичкаридан кимгадир мароқ билан шеър ўқиб бераётгани эшитилди. Афтидан шеър ўрмон жониворлари ҳаётидан эди шекилли, Қаюм оғанинг товуши воқеалар ривожига монанд турланар, гоҳ йўғон, гоҳ мулойим, гоҳ ингичка тус оларди. Ҳайрон қолдим, отам тонг билан ишга кетган, акаларимдан биронтаси бўлса керак, десам, уларга ҳам ҳовлида қўзим тушмаганди. Сирли мухлис ким эканига қизиқиб ичкарига кириб, ҳайратдан лол қотдим. Тонгданоқ ҳали қўл-бетини ҳам ювмай изимга тушиб юрган уч ёшли тўнғич ўғлим, юзи кир-чир, бошига қаердандир топиб олгани – эскигина қалпоқчани кийган, Қаюм оғанинг ёнида чордона қуриб ўтирар, шоир эса энди унинг бошини силаб, “қалпоқли бола” ҳақидаги янги шеърини ёдаки ижод қиларди...
...Қамаши туманида Саодат Тожи деган хокисор болалар шоири яшаб ўтганди. Ҳаёти давомида болаларга аталган кўплаб китоблари нашр этилган шоирни қаерга бормасин кичкинтойлар даврасидан топардингиз. Эҳтимол у бундай давралардан янги шеър, эртакларига мавзу излагандир, буниси бизга қоронғи. Хуллас, бир куни уни болалар боғчасида учрашув ўтказишга таклиф қилишибди. Шоир табиатан болафеъл эмасми, икки соатларча тинмай тарбияланувчиларга ўз ижод намуналаридан ўқиб, эртаклар айтиб берибди. Ҳамманинг димоғи чоғ, хайрлашув олдидан боғча опалар шоирни бир пиёла чойга таклиф этишибди. Саодат ака унамабди. Шу пайт кутилмаган воқеа содир бўлибди, шоир учрашув давомида катта қўғирчоқ айиқнинг бошига кийдирилган шляпага ўқтин-ўқтин назар ташлаб қўйганини синчковлик билан кузатиб турган жажжигина болакай ўша бош кийимни кўтариб, унга яқинлашибди-да:
- Манг бобожон, бу сизга совға, -дебди...
- Саодат ака ўша шляпани бирон ўн йиллар бошидан қўймай кийиб юрганди, - деб ҳикоясини якунлаганди бу воқеани айтиб берган танишим...
3
Демакки, болаларбоп адабиёт яратиши учун ижодкорнинг ўзи болафеъл бўлиши керак. Жаҳон адабиётида ёрқин из қолдирган Шарл Перро, Гауф, Андерсен, ака-ука Гриммлар яратган эртак ва ривоятларнинг умрбоқийлиги, балки шундандир. Аммо кўпгина даҳо шоир ва ёзувчилар ижодида ҳам кичкинтойлар учун мўлжалланган ҳикоялар учраб туради. Масалан, дунё адабиёти йирик намояндаларидан Александр Пушкин, Лев Толстой, Жек Лондон, Редьярд Киплинг, Антуан Экзюпери... битикларини кўздан кечиринг, ўнлаб шундай эртак ва ҳикоялар саф тортиб турибди. Ўзбек адабиёти ҳам бу яхши анъанадан мустасно эмас. Ҳамид Олимжон қаламига мансуб “Ойгул ва Бахтиёр”, “Паризод ва Бунёд”, “Семурғ” достонлари, Ойбекнинг “Болалик”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” қиссалари, Шукур Холмирзанинг болалик ўйинлари ҳақидаги туркум ҳикоялари фикримизнинг далили бўла олади.
Бугун катталар учун ёзадиган ижод аҳли болалар қатламини мутлақ унутиб қўйди, десак сира хато қилмаган бўламиз. Болалар адабиёти деганда, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон, нари борса тағин уч-тўртта шоир ва ёзувчиларни айтмасак, бошқа жарангдор номларга дуч келмаймиз. Нега шундай? Интернет тизими болалар оламига, онгига чанг солаётган экан, унга рақобат кўрсата оладиган асарларни ким ёзади? Ўз ёшлигингизни бир зумгина эсланг, қўлимизга эртаклар китоби тушганидан ташқи олам биз учун унутилар, мутолаани тугатмасдан жилдни ёполмасдик. Гоҳо давраларда бугунги авлод кам ўқияпти, деб ёзғиришга ўтамиз. Аслида бундай дейишга ҳаққимиз борми? Йўқ, албатта! Болажонларни китобга муҳаббат туйғуси ҳамон тарк этмаяпти, аммо тараққиёт силсиласи унинг қалбидан “учар гилам”, “ёнар дарё”, “борса келар”, “борса келар-келмаслиги гумон”, “борса келмас” каби тушунчаларга ишонч туйғусини аллақачон супуриб ташлаган. Энди замонавий сюжетлар асосида асар ёзиб, замонавий қаҳрамонлар яратиш билангина болаларни эртаклар оламига етаклаш мумкин. Бироқ бу мушкул вазифанинг уддасидан чиқадиган ёзувчи ва шоирларимиз қани? Ушбу саволга муҳтарам адибларимиздан жавоб кутамиз.
Абдунаби АБДИЕВ,
Миришкор туманидаги 22-мактаб директори