Ҳужжатда қайд этилишича, келгусида Косон ва Муборак туманлари марказлари ҳамда Китоб-Шаҳрисабз ерости сув конидан сув олиш қувурига яқин бўлган қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилади. Бу борада Саудия тараққиёт жамғармаси ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорлик қилинади. Биринчи ташкилот ушбу лойиҳани молиялаштиришга 26,6 миллион, иккинчиси эса 16,25 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади.
Ўз навбатида Ўзбекистоннинг ҳиссаси солиқ ва божхона имтиёзлари кўринишида 8,1 миллион АҚШ доллари эквивалентини ташкил этиши кўрсатиб ўтилган. Шу тариқа умумий қиймати 50,95 миллион АҚШ долларига баҳоланган лойиҳа 5 йиллик муддат - 2019-2023 йилларда рўёбга чиқарилиши кўзда тутилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, ҳукумат қарори билан мазкур лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишининг асосий техник-иқтисодий параметрлари тасдиқланган. Маълум бўлишича, сарф-харажатларнинг катта қисми қурилиш-монтаж ишларини бажариш, бунинг учун зарур товарлар харид қилишга кетади. Машина ва механизмлар сотиб олишга ҳам салмоқли маблағ ажратилади.
Тегишли чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши Муборак ва Косон туманлари аҳолиси ва хўжалик юритувчи субъектларини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилашга имкон бериши лозим.
М.ШУҲРАТОВ