Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

26.02.2019


ҚАРИЙБ ЧОРАК АСРДА 4 МИЛЛИАРД КИШИ ОФАТЛАРДАН ЗАРАР КЎРГАН

Эътиборлиси, мамлакатимизда фуқаро муҳофазаси соҳасидаги ишларнинг қамрови, салмоғи йил сайин ошмоқда. Фуқароларни эҳтимолий фавқулодда вазиятлардан муҳофаза этиш бўйича ишончли тизим яратилган.

Бу борада 2000 йил 26 майдаги "Фуқаро муҳофазаси тўғрисида"ги Қонунни қайд этиш ўринли. Унда аҳолини ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш пайтида ёки шу ҳаракатлар оқибатида юзага келадиган хавфлардан ҳимояланиш усулларига ўргатиш, халқ хўжалиги объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолини, моддий ва маданий бойликларни хавфсиз жойларга эвакуация қилиш, фуқаро муҳофазаси ҳарбий тузилмаларининг шайлигини таъминлаш, радиацион, кимёвий ва биологик вазият устидан кузатиш ва лаборатория назорати олиб бориш, қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни ўтказиш каби тадбирлар фуқаро муҳофазасининг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси фуқаро муҳофазасига умумий раҳбарликни   Вазирлар Маҳкамаси амалга ошириб, Бош вазир мамлакат фуқаро муҳофазаси бошлиғи саналади. Тизимни  бошқариш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зиммасига юкланган.

Бу борада фуқаролар зиммасида ҳам алоҳида мажбуриятлар бор. Хусусан, улар фуқаро муҳофазаси тадбирларини бажаришда иштирок этишлари ва тегишли тайёргарликдан ўтишлари, фуқаро муҳофазаси сигналларини, умумий ва якка муҳофазаланиш воситаларидан фойдаланиш қоидаларини, жабрланганларга  дастлабки тиббий ва бошқа хил ёрдам кўрсатишни билишлари, фуқаро муҳофазаси объектлари ва мол-мулкини асраб-авайлашлари шарт.

Айтилишича, мамлакатимиз қутқарувчилари нафақат ўзимиз, балки   бошқа давлатларда рўй берган турли фавқулодда вазиятларда ҳам аҳолига ёрдам кўрсатиб келмоқда. 1999 йилда Туркиянинг Измит ва Адапазари вилоятлари ҳамда Сакария шаҳарларидаги зилзила оқибатларини бартараф қилишда дунёнинг 68 давлатидан қутқарувчилар иштирок этиб, шундан 8 та давлат вакилларининг меҳнатлари алоҳида эътироф этилган ва улар орасида ўзбекистонлик қутқарувчилар ҳам бўлган.

55 мингга яқин инсонни ҳаётдан олиб кетган, 3 миллиондан зиёд аҳоли бошпанасиз қолган Покистондаги зилзиладан талафот кўрганларга озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак, палаткалар ва бошқа беғараз ёрдам жиҳозлари ўз вақтида Ўзбекистондан ҳам етказиб берилган.

Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

 

Report typo