Акс-садо
ОАВда эълон қилинган, Шаҳрисабз туманидаги Танхоз кўприги ҳақидаги “Кўприкни сел олиб кетди. Таъмир иш бермади. Муаммо ечилармикин?” сарлавҳали танқидий чиқиш юзасидан туман ҳокимлиги қуйидагича муносабат билдирди:
“2019 йил апрель ойида тоғли ҳудудда ёққан кучли ёғингарчиликдан сўнг, Танхоз дарёсига сел келиб, Қарши-Чироқчи-Шаҳрисабз автотранспорт йўлининг 96-километрида жойлашган Танхоз кўприги талафот кўрган. Сел ва сув тошқинларига қарши курашиш вилоят комиссияси Танхоз кўпригига етказилган зарарни 485 миллион сўм деб баҳолаган ва кўприк ушбу маблағ ҳисобига қайта таъмирланган. Аммо бу йилги кетма-кет сел тошқинлари кўприкнинг таянч қисмига жиддий таъсир кўрсатган.
Ушбу кўприк вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ҳисобида бўлиб, у барча турдаги автотранспорт воситаларини ўтказишга мўлжалланган. Ҳозирда кўприкнинг техник ҳолати бу талабга жавоб бермайди. Транспорт қатнови хавфсизлигини таъминлаш учун эса ушбу кўприк капитал таъмирдан чиқарилиши керак. Бунининг учун вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси буюртмачи сифатида Қашқадарё кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси билан 2020 йилнинг 5 майида 4 миллиард 95 миллион 589 минг сўмлик капитал реконструкция ишлари учун қўшимча келишув имзоланган. Ушбу маблағ Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси томонидан ажратилиши режалаштирилган. Ҳозирда пудратчи томонидан кўприкни дастлабки таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Шунингдек, Ўртақўрғон қишлоғида яшовчи бир неча фуқаролар сел тошқинидан уйлари жиддий зарар кўргани ва ҳозирда ҳам ушбу уйлар Танхоз дарёсининг хавфли ҳудудида қолаётганини билдиришган.
Туман ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ ўрганиши чоғида 8 та турар жой дарёнинг муҳофаза зонасида эканлиги аниқланди.
Амалдаги қонун талабларига кўра фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун ушбу турар жойлар бузилиб, хавфсиз ҳудудга кўчирилиши керак.
Бу масала халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани Кенгаши сессиясига киритилиб ҳал этилади”.