Хўш, ёшлар қандай қилиб терроризм ва экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қоляпти? Бунинг учун террорчи ташкилотлар қандай воситаларни ишга солмоқда?
Шу саволлар атрофида фикр юритар эканмиз, аввало ғаламислар учун бу борада кўпроқ интернет қўл келаётганини таъкидлаш ўринли. Негаки, бугун тўғридан-тўғри катта аудитория излаб юришга ҳожат йўқ. Чунки, ҳозирда интернетга мурожаат қилмайдиган, ижтимоий тармоқларга кирмайдиган ёшлар кам топилади. Бу эса террорчи ташкилотлар учун ўз ғояларини тарғиб қилиш учун қулай фурсат ва улар ушбу имкониятдан кенг фойдаланиб келишмоқда.
Тўғри, интернет инсоният учун керак. Унинг ёрдамида кўчага чиқмай ҳам тармоқ орқали кўп юмушни бир зумда адо этиш мумкин. Ҳатто пул ишлаб топаётганлар ҳам йўқ эмас. Хуллас, интернетнинг ижобий жиҳатлари бисёр.
Лекин интернет кўплаб фойдали жиҳатлари билан бирга салбий оқибатларини ҳам намоён қилмоқда. Аҳолида, айниқса, ёшларда ахборот истеъмоли маданиятининг сустлиги, турли хабарлар оқимидан кераклигини ажратиб олишда билим, малака ва кўникманинг етишмаслиги баъзиларнинг ғаразли кимса ва оқимлар таъсирига тушиб қолишига, интернет қарамлиги касаллигига йўлиқишига сабаб бўлмоқда.
Биргина интернет ёрдамидаги алоқаларга тўхталсак, унда “топишган”ларнинг аксарияти бир-бирларини яхши билмайди. Содда қилиб айтганда, интернетда ўзини кекса деб таништирган одам реал ҳаётда ёш, аёл деб таништиргани эркак, оиласиз деб таништиргани бола-чақали, пулдор деб таништиргани қарздор, ҳомий деб таништиргани жиноятчи бўлиб чиқиши ҳеч гап эмас.
Интернет муносабатларининг аноним характерга қурилгани, яъни киши ўзининг ҳақиқий қиёфасини беркитишга асослангани кўплаб муаммо ва зиддиятларни, шу билан бирга тобеликни юзага келтиради. Зотан, интернетга қизиқувчи ёшлар руҳияти ўрганилганда, уларнинг орасида интернетга қарамлик касаллигига чалинганлар кўпчиликни ташкил этиши аниқланди.
Кўпгина социологлар интернет орқали ўсмирлар тезда виртуал жамиятга киришиб кетиши, яъни ижтимоийлашувини эътироф этадилар. Яъни ёш йигит ёки қиз реал ҳаётда ҳали кўпчилик билан танишиб улгурмай, компьютер орқали бутун дунё билан мулоқот қилиши мумкин. Интернет мана шундай улкан имкониятни тақдим этади. Лекин ҳали шахс сифатида шаклланмаган, ўзининг мустақил фикри ва соғлом дунёқарашида собитлик бўлмаган ёшлар учун интернет муайян даражада хавфли ҳудудга ҳам айланади. Сабаби, инсонлар билан муомала қилишда етарли тажрибага эга бўлмаган ўсмир билиб-билмай, турли деструктив гуруҳлар, бузғунчи кучлар, одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий тўдалар таъсирига тушиб қолиши мумкин.
Маълумотларга кўра, дунёда террористлар фойдаланадиган 5000 дан ортиқ интернет сайтлари мавжуд. Уларга хизмат кўрсатувчи порталлар сони ортиб бормоқда. Бундай интернет сайтларининг ўзига хослиги шундаки, тўсатдан пайдо бўлади, вақт ўтгач йўқолади. Уларнинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда номи ва шаклу шамойили тез-тез тусланиши ёшларни ўзига жалб қилишда қўл келади. Интернетнинг террорчи тўдалар учун қулай жиҳати ҳам шунда. Қўшимчасига унга кириш осон, фойдаланувчилар сони кўп, алоқанинг анонимлиги, ташқаридан бошқариш ва таҳрир қилиш имконияти чекланган, ахборотлар қисқа муддатда кенг маконда тарқалади, сарф-харажатлар кам.
Хўш, терроризм ва экстремизмни тарғиб қилувчи сайтларнинг умумий хусусиятлари нимадан иборат? Биринчи галда сайт материалларида террорчи ташкилотнинг мақсади, тарихи ва ижтимоий-иқтисодий, сиёсий мазмундаги маълумотларга кенг ўрин берилади. Ташкилот террорчилик фаолиятини олиб боришга мажбур бўлаётгани билан ўзини оқлайди. Амалга оширилаётган террор ва қўпорувчилик хуружлари маънавий-ахлоқий жиҳатдан хаспўшланади. Тузилма аъзолари ўзини “сиёсий жабрдийда” қилиб кўрсатишга уринади. Террорчилар “озодлик курашчилари”, “шаҳид даражасидаги кишилар” ва “буюк мужоҳид”лар сифатида мақталади. Ташкилот ўз фаолиятини оқлаб, расмий ҳукуматлар ҳаракатларини қоралайди. Муайян мамлакатда олиб борилаётган сиёсатга “ваҳшиёна” ва “адолатсиз” тус беришга зўр беришади. Эксремистик ғояларга мойиллик билдирган кишиларга махсус аудио ва видео материалларни эшитиб кўриш тавсия қилинади. Бундай материаллар мазмуни эса террорчилик амалиётларига жалб қилишни ўз ичига олади.
Шундай экан, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, дунёда терроризм таҳдидлари айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётгани уларга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганидан далолат беради. Бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади. Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир. Бу вазифа эса ҳар биримиз учун бирдай дахлдор.
Р.НОРБОЕВ,
вилоят ИИБ ТЭҚКБ ходими, майор