Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нафас ШОДМОНОВ

08.11.2018


ҲАРОМНИНГ КАСОФАТИ

Сир эмас, кейинги пайтларда матбуот ва ижтимоий тармоқлар орқали деярли ҳар ҳафта мамлакатимизда содир бўлиб турган коррупцияга доир жиноятлар ҳақида хабарлар тарқалиб турибди. Афсуски, бу иллатга мубтало бўлганлар ҳар бир соҳада учраяпти. Бу эса катта ўзгаришлар даврининг кўнгилларга бахш этаётган умид шўълаларига хиралик солмоқда. Бошқа томондан аниқланаётган ҳолатлар коррупцияга қарши кураш жамиятимизда жиддий тус олгани, ижтимоий муҳитимиз соғломлашиши сари дадил қадам қўйилганини англатади, кишига таскин беради. Бироқ...

КЎЗИ ОЧЛИКМИ Ё МАЪНАВИЙ ИНҚИРОЗ?..

 Барибир ўйга толасан, нега жамиятимизда коррупция бу қадар илдиз отиб улгурди экан? Наҳотки, мамлакат тақдири учун муайян масъулият зиммасида бўлган кишилар виждон ва диёнатни унутди? Наҳотки, улар ўз вазифаларининг моҳиятини тушуна олмайдиган даражага тушиб қолган бўлсалар?                

Бунинг бир қанча объектив ва субъектив сабаблари борлиги ҳаммамизга маълум. Шулардан бири сифатида, эски тузум даврида халқни камбағаллаштириш ҳисобига одамлар онгида очкўзлик – кўзи очлик психологиясининг чуқур сингиб кетиши натижасида хусусий мулк тўплашга озгина имкон бўлиши билан маънавий олами ҳам қашшоқлашган кишилар, ҳар қандай тубанликдан қайтмай, унга ўзини урганини кўрсатиш мумкин. Бундай кишилар мансаб ва ваколатли  органлар орқасидан хусусий мулк орттиришга имкон бўлишини яхши тушунар эдилар ва шу йўлдан бордилар ҳам. Бундай шароитда бошқа соҳалардаги катта-кичик коррупция кўринишлари кенг тарқалиб кетишини айтмаса ҳам бўлади.

Коррупциянинг келиб чиқишига юртимизда “ўтиш даври”да кечган чуқур иқтисодий-сиёсий инқирозларни асосий сабаб қилиб кўрсатиш билан ўзимизни овутиб келдик. Натижада ҳамма иш “ижтимоий келишувлар” орқали битадигандек кўриниб, шунга қандайдир даражада ўрганиб қолдик. Бу келишувлар, кўпинча, тўғрини эгри, эгрини тўғри қилиб кўрсатиш, қора қолиб, оқни айблаш, ёлғон маълумотлар фаоллашувига, қонунлар фақат “мақсадли” ишлашига олиб келди ва таназзулга бошлади. Ташаббускорлик, илмий-ижодий тафаккур, келажакка ишонч руҳи аста-секин сўниб борар, бу катта оқимга қарши туришга ҳеч кимнинг юраги дов бермас эди.

ОГОҲЛИК ҚЎНFИРОFИ

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг мазкур қонун қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ўзини шу мамлакат фуқароси ҳисоблайдиган ҳар биримиз учун жиддий огоҳлик қўнғироғи бўлиб янгради. У кўзимизни каттароқ очиб,  оламга қараш, тараққиётимиз олдига ғов, тўсиқ қўяётган, бор ютуқларимизни емириб бораётган иллатга қарши, энг аввало, уч жабҳа пок виждон билан кучларни бирлаштириб курашиши кераклигини кўрсатмоқда. Улар: ҳокимият, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва таълим муассасаларидир. Қадимги аждодларимиздан бири бу учликни инсондаги бош-тана, ақл-заковат ва кўнгил учлигига ўхшатган экан. Улардан бири заиф бўлса ҳам кишининг камолга, тараққийга етиши мумкин эмас.

Яқинда ижтимоий тармоқларда мазкур “учлик”нинг бошида туриши лозим бўлганлардан бири, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани ҳокимининг 400 минг АҚШ долларини пора сифатида олаётган пайтда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олингани хабари тарқади. Аввалроқ бошқа ҳоким кабинетидан бир миллион доллар чиққани айтилган эди. “Учлик”нинг бошқа аъзолари орасидан ҳам бу иллатга чалинганлар эшитилиб турибди. Ҳатто ҳуқуқ-тартибот идоралари мансабдорлари, масъул ходимлари орасидан порахўрлик билан қўлга тушганлар қонун олдида жавоб бермоқда. Давлат шундай масъулиятли вазифаларни ишониб топширган кишиларнинг бундай жирканч ишларга қўл уриши қайси инсоний мезонга тўғри келади? “огоҳлик қўнғироғи”ни аслитда аввало улар ҳис этиши керак эмасмиди?!

“КЎЗИ ТЎҚ КИШИ ПОРА ОЛМАЙДИ...”

Бундай қилмиш ҳамма замонларда, кўп ёки оз бўлишидан қатъи назар, қоралаб келинади. XII асрда яшаган улуғ шоир ва давлат арбоби Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” достонида шундай сатрларни келтиради:

Кўзи тўқ киши ишта олмас урунч,

Урунч олса ҳожиб, бўлур бег кулунч.

Мазмуни:

Кўзи тўқ киши ишда пора олмайди, ҳожиб пора олса, бег кулгуга қолади.

Яна бир ўринда достон қаҳрамони Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга айтилган сўзларида бу масалага қайтилади:

Ўзунг бўлса ҳожиб, урунч олмагу,

Чиғай, тул, етимлар сўзин тинглагу.

Мазмуни: Ўзинг ҳожиб бўлсанг, пора олмаслигинг лозим; камбағал, тул ва етимлар сўзини (додини) тинглашинг керак.

Ҳожиблик вазифаси давлат хизматчисини англатади. Давлат хизматида бўла туриб, камбағал, етим-есирлар додини тинглаш, уларга ёрдам бериш ўрнига улардан урунч – пора олиш бегни – давлатни, унинг сиёсатини кулгига  қолдиради. Шундан келиб чиқилса, коррупция нафақат ахлоқий, балки сиёсий масала ҳам бўлиб чиқади. Шунинг учун ҳам давлат бу жиҳатни диққат марказидан қочирмайди, коррупцияга қарши аёвсиз курашади.

НЕГА ХОДИМНИНГ БЎЙНИ СИНДИ?

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, коррупцияга йўл қўйган киши, ким бўлмасин,  халқнинг лаънатига учраб, обрў-эътиборини йўқотади. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий замонида бир ноқобил киши юқори мансабли садрга бир эшак бериб Хўжон шаҳри қозилигини олишга эришган экан. Бунга гувоҳ бўлган Саййид Абдулҳақ исмли шоир ўша эшакни ришва – пора сифатида берганни ҳам, олганни ҳам масхаралаб тўртлик ёзади. Шеърдаги “Агар хар намебуд, қози намешуд” мисраси халқ тилида достон бўлиб кетади. Бу ҳол, албатта, халқнинг ғазаби намойиши эди.

Яна бир ўринда Ҳазрат Навоий пора олувчига Яратганнинг ғазаби муқаррарлиги тўғрисида сўзлайди. Унга кўра, бир бузуқ аёл икки эр қилган. Эл унинг устидан қозихонага арз қилади. Қози аёлни чақиртиради. Аёл қозихонанинг бир ходимига пора бериб, жазодан қутилиш йўлини ўргатишни сўрайди. Пора олган ходим қозига борганда нима дейиши кераклигини аёлга ўргатади. Аёл ўргатилган сўзларни айтганида, бу фақиҳ ёки қози томонидан ўргатилганини англаган қози Худодан порахўрни жазолашни, бўйни синиб ўлишини тилайди. Муҳокама тугаши билан порахўр отга минмоқчи бўлиб йиқилиб тушади ва бўйни синиб, ўлади.

ЗИЁКОРНИНГ ҚЎЛИ ДОF БЎЛСА...

Таълим соҳасида коррупциянинг учраши энг ачинарли ҳоллардан биридир. Бу тизим вакили учун таълим унинг шаъни, ор-номуси, виждони, муроди, насибаси ва жонидир. Унга тушган доғ ходимнинг насибасига завол етказади, хор қилади ва ҳаромга булғайди. Чунки у келажак авлодни, умуман, келажак ҳаётни бу касалликка мубтало қилади. Коррупцияда кўзи қотиб тарбияланган келажак кадридан нима кутиш мумкин? Афсуски, ҳали ҳамон олий таълим муассасасини бойлик орттириш ўрни деб тушунадиган, унинг илм ва маърифат фидойилари даргоҳи эканини ўйлаб ҳам кўрмайдиган, ўз шаъни ва ор-номусини билмайдиган, устозлик даъвосидаги, иззатталаб, ҳурматталаб корчалонлар талайгина ишлаб юришибди. Улар дунёни ўз қаричлари билан ўлчайдилар, ҳаммани ўз балчиқларига булғайдилар.

Коррупцияга йўл қўйган “устоз”ларни кечириб бўлмайди, албатта, лекин унга ўз фарзандини гирифтор қилаётган ота-оналарнинг аъмоли бадига қарши қандай курашиб бўлади? Қинғир йўллар билан саводсиз боласини олий таълим даргоҳига киритиб қўйган ва унинг сессиялардаги баҳосини “аъло” ёки “яхши” қўйдириш учун пулидангина эмас, виждонидан ҳам кечган ота-оналар озми? Уларнинг орасида ўқитувчига нисбатан қўли узун, ўқитувчини ҳар қандай йўл билан жазолаб қўйишга имкони бор ота-оналар ҳам бор. Агар уларнинг фарзандига баҳо қўймаса, аввал, турли танишлари орқали устозлар кўнглини топишга уриниш, бунга эриша олмаса, виждонсизлик билан турли таҳдидлар йўлига ўтишлари ҳам мумкин. Ахир, ўқитувчи ҳам инсон, у ҳам ўз ҳаётини, оиласини ва севимли касбини ўйлашга мажбур. Қолаверса, ҳақиқий ўқитувчилар баҳо қўймаслик ортидан нимадир моддиятни кутмайди, табиатан, қаттиқ тартиб-қоидаларга ўрганмаган, қатъияти суст, бир оз содда, кўнгилчан ва андишали бўладилар. Кимки бу касбни қисмати деб билса, унга фидойи бўлса, афсуски, бундай характердан бошқача бўлмайди. Акс ҳолда шогирдга яқин бўлиш, яқин бўлмаса устоз бўлиш мумкин эмас. Уларни шу жиҳатдан ҳимояга муҳтож дейиш мумкин. Уларнинг ана шу соддалигидан, кўнгилчанлигидан ўз қора ниятларида фойдаланувчи қатъиятлилар эса талайгина ва улар яна ўқитувчини айбдор қилиб кўрсатишга ҳам қодирлар. Шуларни ҳисобга олса, таълимда коррупциянинг содир бўлишида кимнинг ҳиссаси кўпроқ эканини ўйлаб кўришга тўғри келади.

ҲАЛОВАТ ВА САОДАТ УЧУН

Хуллас, кўзимизни каттароқ очиб оламга қарайдиган давр келди. Дунёда ўзбек деган халқнинг нечоғлик юксак маънавиятли эканини, унинг иродаси билан вужудга келган давлат шу халқнинг фахри, тараққиётга йўл очган, буюк келажакка кўз тиккан юрт эканини намойиш қилиш бизнинг зиммамизга тушган. Насллар орасида бизнинг ана шундай шарафли ўрнимиз бор. Бунда шуни унутмаслигимиз лозимки, пок иймонли аждодларимиз луқманинг ҳалол бўлиши эзгу мақсадларга етиш учун қилинадиган дуолар ижобатини таъминлашига ишонганлар ва ҳаромнинг ҳар қандай кўринишидан ҳазар қилганлар. Ҳаромнинг касофати кишининг уч нарсасига – шаънига, ризқига ва наслига зарар бериши ҳам кўп бор таъкидланган. Шаънимиз булғаниб, хор бўлишдан, ризқимиз тор бўлиб қийналишдан асрашини, авлодларимиз биздан норизо бўлиб, юз ўгирмаслигини,  кўнглимиз хотиржамлиги ва ҳаловатини, юксак мақсадларимизга етиб, саодатли ҳаёт кечиришни  истасак, коррупциядан йироқ бўлмоғимиз шарт!

Нафас ШОДМОНОВ,

филология фанлари доктори

 

Report typo