Таъкидланишича, мазкур қарор давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Шунингдек, юртимизга туристлар оқимини кўпайтириш, кириш туризмини миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилиш кўзланган.
Қарорда айтилишича, “Қарши” халқаро аэропорти “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси таркибидан чиқарилади ва халқаро аэропортларни бошқариш бўйича махсус компания бошқарувига берилади. Бундан ташқари, аэропорт ҳудудида “Очиқ осмон” режими жорий этилади. Бунинг учун лоукостер авиакомпаниялари жалб қилинади. Шу мақсадда 2018 йил 1 июлгача бўлган муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида “Қарши” халқаро аэропортини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.
Қайд этиш жоиз, “Очиқ осмон” режими амал қиладиган аэропортга хорижий авиаташувчилар ҳеч бир чекловларсиз парвозларни амалга ошириш имконига эга бўлади. Эътиборлиси, айни пайтда мамлакатимизда бундай мақомга эга бўлган бирорта ҳам аэропорт йўқ.
Маълумот учун, ҳозирги кунда “Қарши” халқаро аэропортининг ўтказиш қуввати соатига 200 йўловчини ташкил этади. У 2006 йилда Япония ҳукумати кредити ҳисобидан реконструкция қилинган эди.
МИРЖАҲОН