Шунга мувофиқ, мазкур линияда бир йилдан ошиқ вақт давомида қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди ва айни пайтга келиб модернизация ишлари тўлиқ ниҳоясига етказилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар бермоқда.
Узунлиги қарийб 124 километрдан иборат ушбу йўналишда вокзаллар янгидан қурилиб, станциялар реконструкция қилинди. 2 та кўприк, 20 га яқин сунъий иншоот бунёд этилди. Мавжуд темир йўллар модернизация қилиниб, атрофи панжара билан ўралди. Битта ним тортиш станцияси қурилиб, ишга туширилди. Бу борадаги ишларни амалга оширишда 300 нафардан зиёд тажрибали мутахассислар фаол иш олиб боришди.
Айни вақтда мазкур йўналишда электровоз ҳамда Afrosiyob замонавий электр поездини техник синовдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Яқин вақт ичида ушбу йўналишда электровозларнинг доимий ҳаракати йўлга қўйилади.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, “Қарши-Китоб” темир йўл линиясининг электрлаштирилиши Тошкент - Самарқанд - Қарши - Китоб йўналишида ягона туристик йўналишни яратиш имконини беради.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ