Қарши шаҳар маъмурий судининг Қарши компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида ўтган сайёр суд мажлисида ҳам айни шу каби ота-оналар жавобгар сифатида қатнашди.
Албатта, фарзандининг коллежга келиши, билим олиши, ҳунар ўрганиши энг аввало ота-она учун муҳим. Хўш, фарзандлари мазкур коллежда таҳсил олаётган 52 нафар ота-она нега таълим жараёнига беэътибор бўлишди? Бунинг учун имкониятлари йўқ эдими? Ёки фарзандининг ўқишига атай қаршилик қилишдими? Ё бўлмаса ўқувчининг ўзи касб-ҳунар ўрганишга рўйхушлик билдирмадими?
Н.Саидова муқаддам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 47-моддаси 2-қисми билан жавобгарликка тортилган бўлишига қарамай бу сафар ҳам ўғли 15 кун давомида сабабсиз дарс қолдирганига бепарво бўлди. Судда эса ўғлининг сабабсиз дарсга келмагани сабаблари ҳақида аниқ асос, уни исботлайдиган ҳужжат тақдим қилолмади.
Қарши шаҳридаги Чақар маҳалласида яшовчи Н.Бўриеванинг фарзанди эса 120 соат дарс қолдирган. Она қизининг касаллигини, уни шифохонада эмас, табибга даволатгани, шу сабаб бирорта асосли ҳужжати йўқлигини рўкач қилди.
Суд мажлисида унга мамлакатимизда бепул тиббий хизмат кўрсатилиши хусусида маълумот берилди ва келгусида фарзандини оилавий поликлиникага олиб бориши лозимлиги айтилди. Қизининг сабабсиз дарс қолдиришига йўл қўйгани учун эса энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида жаримага тортилди.
Коллежнинг 3-босқичида таҳсил олаётган яна бир ўқувчи огоҳлантиришларга, гуруҳ раҳбарининг тинимсиз унинг уйига боришига қарамасдан мунтазам дарс қолдириб келаётганди. Унинг онаси Д.Воҳидова эса фарзандининг коллежда ўқишига масъул эканини хаёлига келтирмади. Чақирув қоғози юборилган бўлса-да, сайёр суд мажлисида қатнашмади.
Суд томонларнинг важ ва даъволарини, профилактика инспектори ҳамда гуруҳ раҳбари фикрларини тинглаб, Д.Воҳидовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 47-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жарима қўллашга қарор қилди.
Ота-онанинг фарзанди одидаги бурч ва мажбуриятлари бор. Бу Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқ белгиланган ва унга амал қилмаслик мақтов келтирмаслигини юқоридаги мисоллар тасдиқлаб турибди.
Шавкат РЎЗИЕВ, коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари