Долзарб статистика
Вилоятимизда доимий аҳоли сони 2024 йил давомида 78,7 минг нафарга кўпайиб, жорий йил 1 январь ҳолатида 3 миллион 639,3 минг кишига етган.
Вилоят статистика бошқармаси демография ва меҳнат статистикаси бўлими томонидан эълон қилинган дастлабки маълумотларга кўра, ўтган йил давомида Қашқадарёда туғилишлар сони 100,9 минг, ўлимлар сони 15,5 мингтани ташкил этган. Ҳар 1000 нафар аҳолига туғилиш коэффициенти 28 промиле, ўлим коэффициенти 4,3 промилега тенг бўлиб, иккаласи ҳам 2023 йилдаги кўрсаткичларга нисбатан мос равишда 0,9 ва 0,4 промилега камайган.
Айни пайтда 2024 йил давомида воҳамизга 11,1 минг киши доимий яшаш мақсадида кўчиб келиб, 17,8 минг киши худди шу мақсадда кўчиб кетган. 2023 йил билан таққослаганда ҳар 1000 нафар аҳолига кўчиб келиш коэффициенти 2,6 промиледан 3,1 промилегача, кўчиб кетиш коэффициенти 4,6 промиледан 4,9 промилегача кўпайган.
Қашқадарё доимий аҳолисининг 42,7 фоизи (1 миллион 553 минг нафари) шаҳарларда, қолган 57,3 фоизи (2 миллион 86,3 минг нафари) қишлоқларда яшайди. Аёллар (1 миллион 793,9 минг нафар)дан кўра эркаклар (1 миллион 845,4 нафар) сони 51,5 минг кишига кўпдир.
Доимий аҳоли сонининг вилоят ҳудудлари бўйича тақсимланишига назар ташлайдиган бўлсак, энг кўп аҳоли (319, 4 минг киши) Косон туманида яшайди. Иккинчи ўринда - Қарши шаҳри, вилоят марказида ўтган йилнинг тўртинчи чорагида аҳоли сони 300 минг нафардан ошиб, 1 январь ҳолатида 300,8 минг нафарга етди. Қамаши тумани (299,8 минг нафар) учинчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Вилоятимизда доимий аҳолиси сони энг кам ҳудудлар сирасига Муборак (95,2 минг киши) ва Миришкор (132,3 минг киши) туманлари ҳамда Шаҳрисабз шаҳри (150,1 минг киши) киради. Дарвоқе, Шаҳрисабз шаҳри, Шаҳрисабз тумани ва Қарши шаҳрида вилоятимиз ҳудудлари орасида энг паст туғилиш коэффициентлари (ҳар 1000 нафар аҳолига мос равишда 23,8, 24,4 ва 24,6 промиле) қайд этилган. Бу борадаги энг юқори кўрсаткичлар эса Кўкдала (33,1 промиле), Чироқчи (30,7 промиле) ва Қамаши (30,2 промиле) туманларида кузатилган.
Ўз мухбиримиз
