Саноат истиқболлари
Қашқадарё ва республикамизнинг яна 10 та ҳудудида тез орада терини қайта ишлаш ҳамда тайёр чарм-пойабзал, мўйна ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зоналари пайдо бўлади.
Ҳукуматнинг шу йил 27 сентябрдаги қарорига мувофиқ, воҳамиздаги бундай кичик саноат зонаси (КСЗ) Қарши шаҳрида барпо қилинади. Унинг майдони ҳозирча 1 гектар этиб белгиланган, кейинчалик ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ва ўсиш нуқталаридан ҳамда маъмурий-ҳудудий бўлиниши жиҳатидан келиб чиқиб, КСЗ ер майдонига вилоят ҳокимлиги томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишилган ҳолда ўзгартириш киритилиши мумкин.
КСЗни ташкил қилиш учун Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги бир ой муддатда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги кичик саноат зоналарини бошқариш дирекциясига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида транспорт ва муҳандислик-коммуникациялар тармоқлари мавжуд ёки уларни ўтказиш осон бўлган, фаолият юритмаётган ишлаб чиқариш майдонини ажратиши зарур. Вилоят ҳокимлиги эса Қурилиш вазирлиги ва "Ўзчармсаноат" уюшмаси билан биргаликда кичик саноат зонасининг архитектура-режалаштириш ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда келишиб, тасдиқланишини таъминлаши лозим.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги тегишли вазирлик, корхона ва ташкилотлар билан биргаликда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари белгиланган муддат ва тартибда қурилиши ёки модернизация қилинишини ҳам таъминлаши шарт.
Маълумотларга кўра, махсус кичик саноат зонаси ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар турлари - табиий ва сунъий чарм ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, пойабзал, чарм-атторлик, мўйна ва жундан тайёрланган маҳсулотлар, желатин, фурнитуралар, аксессуарлар, бутловчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш таклиф қилинаяпти. Шу боис қарорда ўзлаштириш учун таклиф қилинаётган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда тадбиркорлик субъектларига етказиш хусусида батафсил сўз юритилиб, лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларини жалб этиш, улар билан тизимли ишларни олиб бориш, кичик саноат зонаси ҳудудида ишлаб чиқаришларни жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомаларини сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектларига бизнес-режаларини ишлаб чиқишда кўмаклашишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Ўз мухбиримиз