Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • Қарши шаҳрида жойлашган Президент мактабига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда

Ўз мухбиримиз

27.07.2021


Қарши шаҳрида жойлашган Президент мактабига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда

Жорий ўқув йилидан фаолият бошлайдиган Қарши шаҳридаги Президент мактабига ўқиш учун рўйхатдан ўтган 11 минг нафардан зиёд талабгор ўқувчилар тест синовларида қатнашмоқда. 

Маълумки, Президент мактабларига кириш имтиҳонлари икки босқичдан иборат. Айни пайтда биринчи саралаш босқичи давом этмоқда. Иккинчи, яъни якуний имтиҳонлар 20-23 августда бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

Бу йил вилоятимиздаги Президент мактаби 5-10-синфлар учун ўқувчилар қабул қилади.  "Президент мактаблари тўғрисида"ги низомда белгилаб қўйилганидек, йиллик қабул квотаси доирасида ҳар бир синфга 24 нафардан  ўқувчи тўғри келади. Демак, саралаш ва якуний имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган 144 нафар ўғил-қиз янги ўқув йилида таҳсилни Қарши шаҳрида замонавий услубда бунёд этилган Президент мактабида давом эттиради. 

Таъкидлаш жоиз, Президент мактабларида таълим жараёни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ҳисобга олинган ҳолда, умумий ўрта таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиладиган ҳамда тегишли вазирлик томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади.

Шунингдек, Президентнинг шу йил 19 июлдаги "Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан Президент мактаблари битирувчиларига қатор имтиёзлар ҳам берилмоқда. Жумладан, 2021/2022 ўқув йилидан Ўзбекистондаги хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган Президент мактаблари битирувчиларига тўлов-контракт суммасини қоплаш учун субсидия тўланади.

Бундан ташқари,  Президент мактаблари битирувчиларига давлат олий таълим ташкилотларига умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча давлат гранти асосида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз ўқишга кириш ҳуқуқи берилди.

Ўз мухбиримиз

БОБУРБЕК олган суратлар.

 

Report typo