Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

25.01.2024


Қарши шаҳридаги 7-автобус йўналишида брутто-шартнома тизими синовдан ўтмоқда

Матбуот анжумани

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ташкил этилган “Аҳолига хизмат кўрсатаётган транспорт воситалари хавфсизлиги ва қулайлиги” мавзусидаги матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Анжуманда тушунтирилганидек, брутто-шартномалар - бу йўловчи ташишни ташкил этиш модели бўлиб, йўловчи ташувчи сифат кўрсаткичи – ҳаракат жадвали ва  интервалларига риоя қилиши (автобус йўлга қайси вақтда чиқиши, қачон маълум бир бекатга келиши), шунингдек, санитария шароитлари (салон ва автобуснинг тозалиги, ҳайдовчиларнинг ташқи кўриниши)га қараб фойда олади.

- Миқдорий ва сифат кўрсаткичлари махсус дастурий таъминот ёрдамида назорат қилинади, - деди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Нарзулла Намозов. –  Тизим режалаштирилган рейсларнинг бажарилиши ва жадвалга риоя этилиши, шунингдек, сифат кўрсаткичлари бўйича ҳисоботларни тузади. Брутто-шартномаларни жорий этиш шаҳар аҳолисининг ҳаракатланишга бўлган транспорт талабини қондириш, давлат томонидан эса хизматлар сифатини назорат қилиш шартларидан биридир. Брутто-шартнома тизимига босқичма-босқич ўтказиш режалаштирилган Қарши шаҳар ичи 14 автобус йўналишларидан 7-“Каманди МФЙ - Болалар шифохонаси” автобус йўналиши 2024 йил 1 январдан брутто-шартнома тизимида иш бошлади. Шунингдек, тез орада 1- ва 22- йўналишли автобусларни ушбу тизимга ўтказиш мўлжалланмоқда.

Матбуот анжуманида автобус йўналишлари бўйлаб “ақлли” бекатлар ўрнатилиши бўйича ҳам маълумот бериб ўтилди.

- Ҳар бир бекатда мобил қурилмаларни қувватлантириш ва жамоат транспорти йўловчилари учун Wi-Fi тармоғига уланиш имконияти тақдим этилади, - деди ўз сўзида Нарзулла Намозов. - Автобуснинг кутилаётган етиб келиш вақтини кўрсатиш учун электрон таблолар ҳам ўрнатилади. Бекатларни видеокузатув тизими билан жиҳозлаш, шунингдек, уларнинг майдонини кенгайтириш ҳам режалаштирилган.

Матбуот анжуманида автобусларга эҳтиёж бор ҳудудлар кўплиги таъкидланиб, ўтган йили Хитойдан 100 та автобус олиб келиш режалаштирилиб, шундан 60 таси олиб келингани ва 2024 йилда яна 40 та автобус олиб келиш кўзда тутилаётгани ҳам айтиб ўтилди.

Матбуот анжумани қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo