Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 март, жума. 2025 йил                         Махсус версия RU

Т.НИЗОМОВ

13.03.2025


ҚАРШИ ШАҲРИНИНГ ЯНГИ БОШ РЕЖАСИ

вилоят марказини комплекс ривожлантиришга хизмат қилади

 Тараққиёт стратегияси

Яқинда ҳукумат қарори билан тасдиқланган Қарши шаҳрининг янги бош режасига кўра, вилоятимиз маркази кейинги 18 йил ичида Косон, Қарши ва Кўкдала туманлари ҳудудига қараб 7 минг 767 гектарга, яъни қарийб икки баравар кенгаяди.

Қарши шаҳрининг ҳудуди ҳозирги пайтда 8 минг 308,9 гектарни ташкил этса, 2030 йилнинг охирига қадар (биринчи навбатда) 11 минг 26,8 гектар, 2042 йил якунигача (ҳисоб даврида) эса 16 минг 73,6 гектаргача ўзгаради.

Шу йилларда шаҳар аҳолиси сони 300 минг кишидан мос равишда 400 минг ва 470 минг кишигача кўпайиши кутилмоқда, уй-жой фонди эса бугунги 3 миллион 992,27 минг квадрат метрдан биринчи навбатда 7 миллион 200 минг квадрат метр, ҳисоб даврида 10 миллион 810 минг квадрат метргача ошиши режа қилинган. Шунда уй-жой билан таъминланиш даражаси бир кишига ўртача 14,1 квадрат метрдан 2030 йилда 18 квадрат метр, 2042 йилда 23 квадрат метргача кўтарилади. Эътиборлиси, шаҳар уй-жой фондининг умумий майдонида 2-3 ва 4-5 қаватли      уйларнинг ҳиссаси кескин камайиб, 7, 12, 14 ва 16 қаватли уйларнинг ҳиссаси эса, аксинча, ортади, 9 ва 20 қаватли уйлар барпо этилади.

Қарши шаҳрининг бош режасига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий соҳа объектларига бўлган талабини амалдаги меъёрларга мослаштириш асносида соҳа кўрсаткичлари жадал суръатларда ўзгаради. Масалан, мактабгача таълим ташкилотларининг қуввати ҳозирги 11,8 минг ўриндан биринчи навбатда 22 минг,  ҳисоб даврида 29 минг 140 ўрингача, умумтаълим мактаблари қуввати эса мос равишда 38 минг ўриндан 64 минг ва 74 минг 260 ўрингача ошади. Худди шу тарзда шаҳардаги шифохона  ва поликлиникалар,  дўконлар ва умумий овқатланиш корхоналари, клублар ва маданият саройлари, театр ва кинотеатрлар, меҳмонхоналар ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналарининг ҳам хизмат қамрови кенгаяди.

Шаҳарда магистраль кўчаларнинг узунлиги (ҳозир - 88 километр) 2030 йил охирида 155,35 километр, 2042 йил якунида 291,33 километрни ташкил қилиб, йилига ташиладиган йўловчилар сони  (ҳозир 96 миллион нафар) яқин 6 йил ичида 160 миллион, 18 йилдан кейин эса 235 миллион нафаргача кўпаяди. Муҳандислик ва техник инфратузилма соҳалари (ичимлик суви, газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти, канализация) бўйича ҳам жадал ривожланиш назарда тутилган.

Қаршида экологик муҳитни яхшилаш, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатиш омилларини камайтириш мақсадида экологик талабларга мос равишда умумий фойдаланишдаги кўкаламзор ҳудудлар, майдони ҳисоб даврида 423 гектар, киши бошига 9 квадрат метр (ҳозирги ҳолати - 178,4 гектар ва 6,3 квадрат метр), санитар-ҳимоя ҳудудлар майдони 586,7 гектар, киши бошига 12,48 квадрат метрга (ҳозирги ҳолати - 166,5 гектар ва 5,88 квадрат метр) етказилади.

Республика ҳукуматининг жорий йил 24 февралдаги қарорида кўрсатиб ўтилганидек, Қарши шаҳри бош режасининг лойиҳаси "ЎзшаҳарсозликЛИТИ" бош лойиҳа институти давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишилган. Мазкур ҳужжатга асосан Қарши шаҳрининг бош режаси, унинг асосий ечимлари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари тасдиқланиб, вилоятимиз ҳокимлиги зиммасига қатор муҳим вазифалар, жумладан, уч ой муддатда Қарши шаҳрининг бош режа лойиҳасини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш юклатилди.

Т.НИЗОМОВ

Report typo