Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори, профессор Александр Максименко, олий ўқув юртигача тайёрлов ўқув-илмий маркази декани, профессор Виктор Пирожков ҳамда мазкур олий ўқув юртининг Тошкентдаги филиали раҳбари Абдулла Маргупов, шунингдек, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Россиялик меҳмонлар Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги “Нуристон” академик лицейида иш бошлаган махсус тайёрлов курси фаолияти, ўқув жараёни билан яқиндан танишди.
- Лицей ва касб-ҳунар коллежини тамомлаган 2000 нафардан зиёд талабгорнинг рус тили бўйича билимлари синовдан ўтказилди, улар орасидан энг яхши натижа кўрсатган 800 нафарга яқин ўқувчи саралаб олинди, - дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси мутахассиси Аброр Муртазаев. – Эндиликда улар вилоятимизнинг уч ҳудуди - Қарши, Шаҳрисабз ва Косонда фаолият кўрсатаётган ушбу ўқув курсларида таҳсилни давом эттиради. Марказларда ўқувчиларга алоҳида тайёргарликдан ўтган ўқитувчилар бир йил давомида сабоқ беради. Шу орқали кичик мутахассислар университетнинг Тошкентдаги филиалига кириш имтиҳонларига тайёрланиш имконига эга бўлишади. Бунинг учун ўқув курсларида барча зарур шарт-шароитлар мавжуд.
Таъкидлаш жоиз, махсус курсларни ташкил этиш учун айнан вилоятимиз танлангани бежиз эмас. Негаки ҳудуд нефть-газ конларига бой, воҳамизда ушбу стратегик муҳим хомашё-ресурсларини қазиб олиш, қайта ишлашга ихтисослашган бир қанча йирик саноат корхоналари ишлаб турибди. Келгусида бу йўналишда янги объектларни қуриб, фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Шу боис бугунги кунда уларни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш долзарблик касб этади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиали республикамиздаги нуфузли олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Мазкур муассасанинг асосий вазифаси – мамлакатимизнинг нефть-газ ва нефть-газ кимёси тармоғи учун умумэътироф этилган дунё стандартлари ва ўқитиш дастурлари асосида таълим олган олий маълумотли юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдир.
М.ЖЎРАЕВ