Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Одил АМИРҚУЛОВ

29.11.2018


Қарши тумани: 11 МАҲАЛЛА АҲОЛИСИДАН МУРОЖААТЛАР НЕГА КЎПАЙГАН?

Маълумки, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун шароитлар яратиб бериш, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш бу борада юқори самара беради. Шунга мувофиқ, жорий йилнинг ўтган даврида Қарши туманида аҳоли вакиллари иштирокида 350 дан ортиқ сайёр, 560 дан зиёд шахсий қабуллар ўтказилган бўлса, ўз  навбатида Президент виртуал ва Халқ қабулхоналаридан келиб тушган мурожаатларнинг 1442 таси ёки 74 фоизи ижобий ҳал қилинишига эришилди.

Жумладан, туман Халқ қабулхонасига Н.Исломова мурожаат қилиб, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ер ажратиш ҳақидаги аризаси туман ер ресурслари инспекцияси томонидан ҳал этилмаётганидан норозилик билдирган.

Ўрганишда аниқланишича, мазкур инспекция бошлиғи Х.Бўриев ва бошқалар ушбу мурожаатни кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилишда қонун талаблари бузилишига йўл қўйган.

Натижада туман ҳокими қарори билан Н.Исломовага 0,28 гектар иссиқхона қуриш учун ер майдони ажратиб берилиши таъминланди ва мурожаатни эътиборсиз қолдирган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида туман прокуратурасига таклиф киритилди.

Фуқаро Ш.Муҳаммадиевнинг мурожаати асосида ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича эса унинг отаси М.Муҳаммадиев номидаги ер участкасига 1980 йилда қурилган  бино-иншоотига бўлган мулкий ҳуқуқни тиклаш тўғрисида туман ҳокимининг 2018 йил 11 сентябрдаги қарори қабул қилиниб, "Ермулккадастр" ДК Қарши туман филиали томонидан бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар берилиши таъминланди.

Аксар масалалар туманнинг ўзида ҳал этилгани сабаб Президент виртуал қабулхонасига ҳудуд аҳолисидан бўлган мурожаатлар сони ўтган йилнинг 10 ойига нисбатан 848 тага камайган. Шу билан бирга, таҳлиллар Потрон, Ширкент, Янги ҳаёт, Гулистон, Шодлик, Жумабозор, Чўлибўстон, Ровот, Алишер Навоий, Пахтазор ва Қуйи Бешкент маҳаллалари аҳолисидан мурожаатлар сони кўпайганини кўрсатмоқда.

Унутмаслик зарурки, халқ билан доимий мулоқот қилиш, мурожаат ва шикоятларни тинглаш, камчиликларни шу ернинг ўзида бартараф этиш аҳолининг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Зотан, давлат раҳбари таъкидлагани каби халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак.

Одил АМИРҚУЛОВ,

Қарши тумани Халқ қабулхонаси мудири

Report typo