Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

18.09.2020


Қарши тумани: 3,5 ТРИЛЛИОН СЎМДАН ОРТИҚ МАБЛАҒ ҚАЙСИ СОҲАЛАРГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ?

Тақдимот

Қарши туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастури доирасида 2020-2022 йилларда мазкур ҳудудда умумий қиймати 3 триллион 589,6 миллиард сўмга тенг 360 та лойиҳа амалга оширилиб, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари тараққий эттирилади, ижтимоий соҳа объектлари янгиланиб, жиҳозланади ва кўплаб ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланади.

АСОСИЙ МАНБА - ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА КРЕДИТЛАР

Мамлакат ҳукуматининг жорий йил 27 августдаги қарори билан тасдиқланган ушбу дастурни молиялаштириш манбалари ҳақида гапирадиган бўлсак, туманни ҳар томонлама юксалтиришга энг кўп маблағ чет эл инвестициялари ва хорижий кредитлар (қарийб 47 фоиз) ҳамда юртимиз тижорат банкларининг кредитлари (36,5 фоиз) ҳисобидан йўналтирилади. Лойиҳа ташаббускорларининг ўз сармояси дастурга ажратилган пулларнинг 9 фоизи, республика бюджети маблағлари эса тахминан 6 фоизини ташкил қилади. Қолган қисми халқаро молия институтлари ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳиссасига тўғри келади.

- Дастур доирасида рўёбга чиқариладиган ташаббуслар орасида Файзобод қишлоғида жойлашган "LT Textile International" хорижий корхонаси томонидан бир йилда 15 миллион квадрат метр аралаш газлама ва 21 минг тонна аралаш ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган иккита йирик инвестиция лойиҳаси алоҳида ажралиб туради, - дейди Қарши тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари Сардоржон Абдуллаев. - Уларнинг умумий қиймати 100 миллион долларга тенг. Ушбу маблағ ҳудуд иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялар тарзида кириб келмоқда ва нафақат туман, балки бутун вилоят саноати ривожига хизмат қилмоқда. Шунингдек, мазкур корхона фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган пахта-тўқимачилик кластери - "Litay Textile Overseas" масъулияти чекланган жамияти ҳам 16 миллион доллар миқдорида инвестициялар киритиб, йилига 90 миллион дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мўлжалламоқда.

ГАЗОБЕТОНДАН ДОРИ-ДАРМОНГАЧА, ИССИҚХОНАДАН КЕМПИНГГАЧА

Умуман олганда, дастур доирасида 2020-2022 йилларда туманда қиймати 2 триллион сўмдан ортиқ 144 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, уларнинг 31 таси саноат, 50 таси хизмат кўрсатиш, 63 таси қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантиришга қаратилган. Масалан, индустриал соҳада ҳудуд учун анъанавий ҳисобланган нон ва қандолатлар, мебель, алюмин эшик ва ромлар, пишиқ ғишт, темир-бетон буюмлари каби маҳсулотлар билан бир қаторда ювиш ва тозалаш воситалари, савдо терминаллари (инфокиоска), иситиш қозонлари, газобетон, қоғоз, дори-дармон ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва кенгайтириш режалаштирилган.

- Илгари асосан мебель тайёрлаб сотган бўлсак, энди иситиш қозонлари ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйганмиз, - дея таъкидлайди "Турди Муаззам сервис" оилавий корхонаси раҳбари Адҳам Эгамбердиев. - Кичик саноат зонасида иморат қуриб, Хитойдан темирга ишлов бериш учун зарур бўлган замонавий дастгоҳ ва асбоб-ускуналар жамланмасини олиб келганмиз. Бунга банк кредити ва ўз маблағимиз ҳисобидан 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ кетган. Яқинда янги қувватларни ишга тушириб, бир йилда ишлаб чиқариладиган иситиш қозонлари сонини 500 тага етказишга ҳаракат қиламиз.

Дастурнинг хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантиришга доир таркибий қисмида ҳам алоҳида эътирофга лойиқ кўплаб лойиҳалар жамланган. Масалан, "Benefit g‘isht" МЧЖ 44 гектар майдонда экобоғ, "Хумо универсал бизнес центр" МЧЖ деҳқон бозори ҳудудида замонавий савдо маркази, "Sof xizmat ko`rsatish kompleksi" МЧЖ эса 120 ўринли меҳмонхона ва кемпинг барпо қилишни режалаштирган.

- Дастур бўйича қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга йўналтирилган ҳар учта лойиҳанинг биттасида замонавий иссиқхона ташкил этиш назарда тутилгани келажакда Қарши туманининг эртачи ва кечки сабзавотлар ҳамда цитрусли мевалар экспорти борасидаги салоҳияти янада ошиши учун қўшимча имкониятлар яратади, - дейди Ўзбекистон савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси сектор мудири Азиз Пирназаров. - Айрим иссиқхоналарнинг гидропоника усулига асослангани эса тадбиркорларимизнинг мазкур тармоққа жуда катта маблағ тикишга тайёрлигини билдиради.

ТУМАН МАРКАЗИ ВА ҚАРШИ-БЕШКЕНТ ЙЎЛИ БЎЙЛАБ 80 ТА КЎП ҚАВАТЛИ УЙ ҚУРИЛАДИ

Дастурнинг лойиҳалар сони бўйича энг йирик компоненти муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантиришни назарда тутади. Бу борадаги 168  лойиҳадан 83 таси электр энергияси таъминоти, 31 таси қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, 18 таси йўл-транспорт инфратузилмаси, 13 таси ирригация объектларини реконструкция қилиш, 10 таси ичимлик суви таъминоти ва канализация тармоқлари, қолганлари газ таъминоти, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда мелиорация объектларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш жабҳаларида амалга оширилади.

- 2020-2022 йилларда Бунёдкор маҳалласи ҳудудида бўш турган 1,5 гектар майдонда 8 та 7 қаватли, Қарши-Бешкент автомобиль йўлининг Қарши бош канали билан кесишган жойидан Бешкентнинг марказигача бўлган қисмида эса инфратузилма объектларини ўз ичига олган 72 та 5 ва 7 қаватли замонавий турар жойлар бунёд этилади, - дея аниқлик киритади туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Даврон Абдурашидов. - Равот, Сахтапиёз ва Чаман массивларида эса шу йилнинг ўзида 7 та 4 қаватли уй-жойни қуриб фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш учун замин яратиш нуқтаи назаридан йўл инфратузилмасининг яхшиланиши, хусусан, Қарши янги айланма йўли яна 4 километрлик қисмининг қурилиши, шунингдек, туман ҳудудидан ўтадиган  бошқа бир қатор умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари ва 121 километр ички йўллар ҳолатининг яхшиланиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан Бешкент шаҳрида 22 километр узунликдаги канализация тармоғининг барпо этилиши эса кўплаб мутахассислар томонидан нафақат аҳоли, балки ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун ҳам кўплаб қулайликлар яратадиган фойдали тадбир сифатида таърифланмоқда.

"МАҲАЛЛА" МАЖМУАСИ ВА STREET WORKOUT МАЙДОНЧАЛАРИ

Дастур доирасида ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс тадбирларга 138,5 миллиард сўм ажратилиб, 10 та мактабгача таълим ташкилоти ва 8 та умумтаълим мактабини кенгайтириш ва ҳолатини яхшилаш, соғлиқни сақлаш соҳасида кўп тармоқли марказий поликлиника филиалини қуриш, учта қишлоқ оилавий поликлиникаси ва яна бир қатор объектларни реконструкция қилиш, туман тиббиёт бирлашмаси учун рақамли рентген ва наркоз аппаратлари, бошқа замонавий жиҳозлар сотиб олиш режалаштирилган.

Ҳудудда маданият муассасалари ҳолатини тубдан яхшилашга ҳам катта маблағ - қарийб 30 миллиард сўм ажратилаётган бўлса, ушбу маблағнинг асосий қисми (70 фоизи) туман марказидаги  маданият ва истироҳат боғини давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, қолган қисми эса "Дашт" маданият маркази биносини капитал таъмирлаш ҳамда 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносини қайта қуриш ва жиҳозлаш, шунингдек, маданият бўлимига жойларда ўтказиладиган тадбирларни ўтказиш учун автотранспорт воситасини харид қилишга йўналтирилади.

Айни пайтда тумандаги 16 та маҳаллада футбол, волейбол, бадминтон, кўча гимнастикаси (Street workout) каби спорт турлари бўйича майдончаларни ташкил қилиб, 15 та умумтаълим мактабида давлат-хусусий шериклик асосида футбол ва фитнес клубларини очиш, 184 та спорт иншоотини "5 ташаббус" дастури бўйича спорт жиҳозлари билан таъминлаш, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳудудида қўшимча 1 та волейбол ва 1 та сунъий қопламали футбол майдончасини барпо этиш, БЎСМни зарур спорт анжомлари билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида ўз биносига эга бўлмаган 26 та маҳалла фуқаролар йиғини учун намунавий лойиҳа асосида янги бинолар қурилиб, 30 та МФЙ мебель жиҳозлари билан таъминланади. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими учун эса алоҳида "Маҳалла" мажмуаси барпо қилиниб, зарур анжомлар билан жиҳозланади.

Мамлакат ҳукумати томонидан аввал тасдиқланган кўпгина ҳудудий ривожлантириш дастурларидан фарқли равишда Қарши тумани дастурига камбағал оилаларнинг ишсиз аъзолари бандлигини таъминлаш параметрлари ҳам киритилган. Уларга кўра, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, томорқачиликни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва касбий малакасини ошириш учун субсидиялар ажратиш, кооперативга аъзо сифатида бириктириш, касб-ҳунарга тайёрлаш ва янги ташкил қилинган иш ўринларига ишга жойлаштириш орқали шу йилнинг охиригача "темир дафтар"га киритилган оилаларнинг 5 минг нафардан ортиқ аъзоси бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Темур НИЗОМОВ

 

Report typo