Инвестиция лойиҳалари
Қарши шаҳрида лойиҳа қиймати 1,2 миллион долларни ташкил қиладиган замонавий аквапарк ва соғломлаштириш маркази қурилиши бошланди.
Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғига туташ ҳудудда, вилоят мусиқали драма театри ва кўллар мажмуаси ўртасида бунёд этилаётган янги дам олиш маскани 1 гектар майдонни эгаллаб, учта очиқ ва битта ёпиқ сузиш ҳавзалари, баландлиги 10 метрга тенг "Сувли тепалик" ("Водная горка") аттракциони, кичик ўйин майдончалари, тренажёр заллари, кафе ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчаларидан иборат бўлади. Турли бичим ва шаклларда барпо қилинадиган очиқ "бассейн"ларнинг чуқурлиги 0,5 метрдан 1,8 метргача бўлиб, улар болалар, ўсмирлар ва ёши катта кишиларнинг чўмилиб, ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланмоқда. Стандарт катталикдаги (эни 12, узунлиги 25 метр) ёпиқ сузиш ҳавзасида эса сув спортининг кўплаб турлари бўйича тўгараклар ва секциялар очилиб, ўқув ва соғломлаштириш машғулотлари ўтказилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа ташаббускори - Тошкентда жойлашган "AQUAMAX" масъулияти чекланган жамияти вакилларининг айтишича, мазкур компания замонавий сузиш ҳавзаларини лойиҳалаштириш ва қуриш, улар учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозлар етказиб бериш ҳамда айрим турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг маблағи ҳисобидан Қарши шаҳрида бунёд этилаётган аквапарк ва соғломлаштириш маркази келгуси йилнинг март ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Ўз мухбиримиз