Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

31.08.2021


Қаршида байрам тантаналари

Халқимиз, мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк, оламшумул воқеа - Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги эълон қилинганига ўттиз йил тўлди.

Мустақиллик йилларида кўп миллатли Ўзбекистон халқи ўзининг буюк салоҳияти, мустаҳкам иродаси ва матонатини намоён этди, оғир синов ва машаққатларни мардона енгиб, катта тараққиёт йўлини босиб ўтди.

Юртимиз илгариги иқтисодиёти бир томонлама шаклланган, қолоқ республикадан барча соҳаларда жадал ривожланиб, фуқароларнинг ҳаёт даражаси, сиёсий-ижтимоий фаоллиги, онгу тафаккури тобора юксалиб бораётган, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида узоқ-яқиндаги барча мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенг миқёсда олиб бораётган замонавий, очиқ ва демократик давлатга айланди.

Айни жиҳат Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида жойлашган амфитеатрда мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" деб номланган вилоятимизнинг асосий байрам шодиёнасида ҳам ўз ифодасини топди.

Байрам чорловидан сўнг вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, барчани байрам билан муборакбод этди.

- Халқимизда азал-азалдан тўйга тўёна билан келиш, яхши кунни яқинлари, қадрдонлари билан баҳам кўришдек эзгу анъана бор, - деди Зойир   Мирзаев ўз сўзида. - Ана шу анъана ва қадриятларга таянган ҳолда меҳнат қилиб, барча соҳалардаги кўрсаткичлар бўйича юқори марралар кўзланмоқда.

Ҳозирда вилоятнинг 11 та туманида  4 та тўқимачилик, 12 та тайёр трикотаж, 8 та ип калава ишлаб чиқариш корхонаси қурилмоқда. Бунинг натижасида 7150 та янги иш ўрни яратилади ва пахтани қайта ишлаш даражаси вилоятда амалдаги 53,2 фоиздан 94,3 фоизга етказилади. 

Жорий йилда вилоятимиз учун давлат бюджетидан  2,4 триллион сўм маблағ ажратилиб, 2945 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, 520,1 миллиард сўм маблағ ҳисобига 781 та мактабда бунёдкорлик ишлари бажарилмоқда, шундан 98 та мактаб биноси янгидан қурилмоқда.

Шунингдек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга 432,4 миллиард сўм маблағ ажратилди.

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурига кирган 30 та маҳалла учун ажратилган 626,3 миллиард сўм ҳисобига 26 минг 225  хонадонга ичимлик суви кириб боради, 27 минг 721 та хонадонда электр таъминоти яхшиланади, 170 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинади, 15 та маҳалла биноси барпо этилади.

Яна бир муҳим масала,  аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида жами 2800 хонадондан иборат 107 та кўп қаватли уй қад ростламоқда.

Барчамизга яхши маълумки, бу йил қишлоқ хўжалиги соҳаси учун алоҳида синовли йил бўлди. Шунга қарамай, соҳа ходимларининг меҳнати ва ишга бўлган масъулият ҳисси билан дастлаб 2142 тонналик пилла хирмони ортиғи билан бунёд этилди. Мавсумда 324 минг тонналик залворли ғaллa режаси ҳам шараф билан уддаланди.

Бундай муваффақиятларга эришиш замирида вилоятда фаолият юритаётган 16 та пахта-тўқимачилик ва 18 та ғаллачилик кластери, 12 минг 265 та фермер хўжалигининг биргаликдаги саъй-ҳаракати, деҳқон ва миришкорларимизнинг қаҳрамонона меҳнатлари борлигини ҳис этамиз.

Вилоятимизда ёш авлодни тарбиялаш, уларнинг онгида она Ватанга садоқат туйғусини сингдиришда зиёлиларимизнинг, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим тизими ва ихтисослаштирилган мактаблар жамоаларининг меҳнати алоҳида таҳсинга сазовор.

Устозлари бераётган билимни пухта эгаллаб, буюк аждодларимиз Амир Темур, Абдулла Орипов, Жуманиёз Жабборов, Тожиддин Муродовга муносиб ворис бўлишни дилига тугиб, сидқидилдан ҳаракат қилаётган фарзандларимизнинг муваффақиятлари барчамизнинг кўнглимизни тоғдек юксалтирмоқда.

Яқиндагина Японияда ўтказилган "Токио-2020" олимпиадасида иштирок этган Райҳона Қодирова, куни кеча Паралимпия мусобақаларида узунликка сакраш бўйича кумуш медални қўлга киритган Асила Мирзаёрова ва парадюздочи Довурхон Караматовни қашқадарёликлар фахри  десак адашмаймиз.

Шунингдек, дунёдаги энг нуфузли олий таълим муассасаларининг 30 тасига бирваракайига кирган Юлдашев   Шуҳрат Шавкат ўғли ва 10 та олий ўқув юртига қабул қилинган Ўроқов Асадбек Рашид ўғлини аждодлар меросининг муносиб давомчилари дейиш мумкин.

Республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар, қурилиш ва бунёдкорлик ишларида қашқадарёликларнинг ҳам муносиб ўрни борлиги барчамизга ғурур, ифтихор бағишлайди.

Бундай муваффақиятларни қўлга киритишда жонбозлик кўрсатган, мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизнинг йил бошидан бери 8 нафари, Мустақиллик байрами арафасида эса яна 45 нафарига Ватанимизнинг юксак мукофотлари берилгани, 2661 нафар ҳамюртимиз "Ўзбекистон мустақиллигига 30 йил" эсдалик нишони билан тақдирлангани барчамизни янги марралар сари чорлайди.  

- Шу пайтгача Тошкентда бажариб келинган мураккаб қизилўнгач саратони операциясини жамоамиз билан муваффақиятли амалга оширдик, - дейди II даражали "Саломатлик" ордени соҳиби, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиали бўлим мудири Абдисалим Мўминов. - Кўриб турибсиз, янгиликлар кўп, соҳага эътибор катта. Орден эса бизни янада куч-ғайрат билан ишлашга ундайди.

Мустақиллик йилларида эришилган натижалар байрам дастурида ҳам ўз ифодасини топди. Даставвал Абдулла    Ориповнинг "Мен нечун севаман Ўзбекистонни" шеъри жаранг сочди. Миллий ва жаҳон куй-қўшиқлари, болакайлар айтган бахт, шодлик, ёруғ келажак ҳақидаги ашулалар билан саҳна файзга тўлди. Коронавирусга қарши курашган шифокорлар меҳнати саҳналаштирилган кўринишлар орқали эътироф этилди. Эл суйган санъаткорлар ижросидаги дилбар наволар барчага хуш кайфият, шодонлик улашди.

Амфитеатрда ҳукмрон бўлган байрам шукуҳи қалбларга кўчди. Энг улуғ, энг азиз айём тантаналари воҳамизнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Б.САЙФИЕВ

Суратларда: байрам тантаналаридан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo