Биринчи Президентимиз ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас ва ёрқин из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди.
Маълумки, мустақиллигимиз меъморига юксак ҳурмат-эҳтиром ифодаси сифатида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарор асосида пойтахт Тошкент шаҳри, Ислом Каримов туғилиб-ўсган Самарқанд ва биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятида Биринчи Президентимизнинг муаззам ҳайкаллари қад ростлаши белгиланган эди.
Шунга мувофиқ Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида Ислом Каримов ҳайкалини ўрнатиш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Шу муносабат билан ўтган тадбирда вилоят ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, фахрийлар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Маросим олдидан Қуръон тиловат қилинди.
Айни пайтда юртимиз тинчлиги, турмушимиз фаровонлиги, ҳаётимиз ободлиги, кун сайин бўлаётган тараққиёт мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримов номи билан боғлиқ экани таъкидланди.
- Қарши шаҳрида Ислом Каримов ҳайкали қад ростлаши негизида чуқур маъно мужассам, - дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов. - Чунки у киши бошчилигида мустақиллик сари дадил қадамлар айнан Қашқадарёдан бошланган, десак хато бўлмайди. Истиқлол йилларида вилоятимизда амалга оширилган тарихий янгиланишларнинг санаб адоғига етиш мушкул. Ўйлайманки, бу муаззам ҳайкал ўзбек халқининг Буюк Йўлбошчига чексиз ҳурматини ифода этади.
- Ислом аканинг бугун турли даражадаги раҳбарлар учун намуна бўладиган жуда кўп фазилатларини қайта-қайта эслагим, ёшларга такрорлагим келади, - дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсон Ражабов. - У киши халқ билан бирга яшар, одамларнинг оғир-енгилидан, ҳаётидан доимо хабардор бўлиб турар, барча соҳага эътибор қаратарди. Вилоятимизда қад ростлаётган Ислом Каримов ҳайкали унинг номи ва обрўсига мос бўлади. Унинг хотираси халқимиз қалбидан ҳеч қачон ўчмайди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилган танловда ҳайкалтарош Илҳом Жабборов ижоди 1-ўринга лойиқ кўрилди. Эътиборлиси, мазкур ҳайкалтарош Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдонига ўрнатилган Мустақиллик ва эзгулик монументи ҳамда буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳайкалларининг муаллифи саналади.
Шоҳиста БОЗОРОВА