Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

14.02.2020


ҚАРШИДА БОШЛАНҒИЧ РАҚС САНЪАТИ МАКТАБ-ИНТЕРНАТИ ОЧИЛАДИ

Ёшлар ва санъат

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Қарши шаҳрида, шунингдек, юртимиздаги яна учта вилоят маркази - Бухоро, Наманган ва   Урганчда ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатлари ташкил этилади.

Бу масканларда рақс санъатига иқтидори бўлган ёшлар саралаб олиниб, уларга келгусида мазкур йўналиш бўйича олий таълим муассасасида ўқишини давом эттириши ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун ихтисослик фанларидан чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирган ҳолда таълим берилади.

Янги мактаб-интернатларни очиш ва фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ чора-тадбирлар мамлакат Президентининг шу йил 4 февралдаги қарорида белгиланган. "Устоз-шогирд" анъаналарига асосланган рақс мактабларини яратишга қаратилган бу муҳим ҳужжат мазкур соҳада  халқаро стандартларга мувофиқ юқори  малакали мутахассислар ва кадрларни тайёрлаш, илмий салоҳиятдан самарали фойдаланган ҳолда илм-фанни жадал ривожлантириш мақсадида қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби негизида Ўзбекистон давлат хореография академияси ташкил этилиб, бу олий таълим муассасаси Маданият вазирлиги тизимида фаолият юритади.

Бошланғич рақс санъати мактаб-интернатлари айнан шу академия ҳузурида очилиб,  республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернати билан биргаликда хореография таълими соҳасида узвийликни таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, бу мактаб-интернатлар зиммасига ўқитишнинг замонавий ва илғор услубларидан кенг фойдаланиш, ўқувчилар иқтидорини ҳар томонлама ривожлантириш, таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни,   маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш каби вазифалар юклатилган. Бунга эришиш мақсадида болаларни ўқитишга етук ва малакали рақс санъати мутахассислари жалб қилиниб, уларнинг самарали меҳнат фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

Ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларига қабул 1-синфдан амалга оширилиб, таълим эса 1-4-синфларда олиб борилади. Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатига эса иқтидорли болалар ҳам биринчи, ҳам бешинчи синфдан қабул қилиниб, 1-11-синфларда ўқийди.

Қарор билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, вилоятимиздаги бошланғич рақс санъати мактаб-интернати Қарши ихтисослаштирилган маданият мактабининг бир қисмида ташкил этилади. Қўйилаётган талабга кўра, янги маскан жойлаштириладиган биноларни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш шу йилнинг апрель ойида якунланиши зарур. Мактаб-интернатни зарур асбоб-ускуналар ва анжомлар билан жиҳозлаш ва фойдаланишга топшириш муддати эса келгуси йилнинг август ойига белгиланган.

Ушбу мактаб-интернатлари биноларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишларининг молиялаштириш манбалари сифатида вилоятлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча даромадлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар кўрсатилган.

Ўз мухбиримиз

Report typo