Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

02.11.2023


ҚАРШИДА ХИТОЙДАН ОЛИБ КЕЛИНГАН ЯНГИ АВТОБУСЛАР ҚАТНАЙ БОШЛАЙДИ

Транспорт

Жорий йилнинг июль ойида Муротжон Азимов бошчилигидаги вилоятимиз делегацияси Хитой Халқ Республикасида бўлиб, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларга оид бир қатор ҳамкорлик келишувларга эришган эди.

Ана шундай келишувлардан бири  вилоят маркази - Қарши шаҳри аҳолиси учун 100 дона замонавий жамоат транспорти воситаларини олиб келишга қаратилганди.

Ушбу автобусларнинг 30 таси Қарши шаҳрига етиб келди. "Шарофиддин Нурилло" масъулияти чекланган жамияти томонидан харид қилинган мазкур  автобуслар барча замонавий қулайликларга эга.

Уларнинг ҳар бирида 24 тадан ўриндиқ мавжуд. Шаҳар ичидаги йўналишларда умумий йўловчи сиғими эса 60 кишини ташкил этади.

- Аслида бундай ҳажмдаги автобусларда ўриндиқлар сони анча кўп бўлади, - дейди жамият иш юритувчиси Акбар Турдиев. - Бироқ бу автобусларда асосий эътибор қулайликка қаратилган. Хусусан, унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз аравачаларида чиқиши ва салон ичида эркин ҳаракатланиши учун алоҳида жой мавжуд, шунингдек, ёши катта кишилар учун алоҳида қулайликка эга бўлган ўриндиқлар ўрнатилган.  Замонавий иситиш-совутиш тизимлари, кузатув камералари мавжуд. Ҳатто, бир кунда автобусга қанча одам чиқиб-тушганини қайд этиб борадиган алоҳида сенсор ҳам бор.

Акбар Турдиевнинг қўшимча қилишича, ушбу автобуслар яқин кунлардан бошлаб Қарши шаҳри ичидаги йўналишларда қатнай бошлайди. Келгусида вилоятимизга яна 70 дона худди шундай автобус олиб келиниши режалаштирилган.

Report typo