Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Қаршида хотин-қизлар учун ўзини ўзи ҳимоя қилиш бўйича бепул машғулотлар ўтказилади

Ўз мухбиримиз

23.11.2023


Қаршида хотин-қизлар учун ўзини ўзи ҳимоя қилиш бўйича бепул машғулотлар ўтказилади

Қашқадарё ва дунё

АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси Ўзбекистоннинг аёл ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятимизда хотин-қизлар учун ўзини ўзи ҳимоя қилиш бўйича бепул машғулотларни ташкил этмоқда.

- Уйда, ишда ёки кўчада бўлишингиздан қатъий назар, шахсий хавфсизлик Сизнинг ажралмас ҳуқуқингиз бўлиши керак, - дейилади элчихона тарқатган хабарда. - Афсуски, аёл ва қизларнинг ҳар учинчиси ўз ҳаётида, аксарият ҳолларда улар таниган инсонлар томонидан, жисмоний зўравонликка учрамоқда. Муаммо шу қадар кенг тарқалганки, эҳтимол, атрофингиздаги кимдир - оилангиз аъзоси, қўшнингиз, ҳамкасбингиз, дўстингиз ёки ҳаттоки ўзингиз ҳам - шунга ўхшаш зўравонликларга дуч келган бўлишингиз мумкин. Афсуски, кўчадаги безорилик ва таъқиблар бутун дунё хотин-қизлари учун аччиқ кундалик ҳақиқатга айланган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси "Sports Visitor" - АҚШ халқаро алмашинув дастурларининг битирувчиси ҳамда профессионал таэквондо мураббийи билан ҳамкорликда хотин-қизлар ўзларини ҳимоя қилишлари учун зарур бўлган кўникмалар ва ўзига бўлган ишончни ривожлантиришга қаратилган ўзини ўзи ҳимоя қилиш бўйича ўқув дастурининг биринчи босқичини Қашқадарё вилоятида бошламоқда.

Элчихона вакилларининг таҳририятимизга маълум қилишларича, мазкур ўқув дастури доирасидаги машғулотлар жорий йил декабрь ойидан бошлаб Қарши шаҳридаги сув спорти мажмуасида уч ой давомида ўтказилади. Ёши турлича бўлган хотин-қизлар учун алоҳида иккита гуруҳ (А гуруҳи - 13 ёшдан 17 ёшгача бўлган қизлар, B гуруҳи - 18 ёшдан ошган аёллар) тузилади. Ҳар бир гуруҳга фақатгина 150 та ариза рўйхатга олинади. Аризалар белгиланган муддат ёки 150 та ариза келиб тушгунга қадар қабул қилинади ва кўриб чиқилади.

Иштирокчилар ўзларини жисмоний зўравонликдан ҳимоя қилиш, яхши жисмоний ҳолат ва осойишталикни сақлаш учун бир қатор техника ва машқларни ўрганадилар. Шунингдек, улар низоларни ҳал қилиш, очиқ мулоқот ва стрессни бошқариш усулларини ҳам ўзлаштириш имкониятига эга бўлишади.

Ўз мухбиримиз

Report typo