Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 май, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

10.05.2024


Қаршида кучли шамол цирк чодирини йиртиб юборди

Қарши шаҳрида эсган кучли шамол вилоятимиз марказига гастроль сафари билан келган шапито цирки томошаларининг вақтинча тўхтатилишига сабаб бўлди.

Цирк ходимларининг айтишича, 9 майда кечқурун соат чамаси 3:30 да каттиқ шамол кўтарилганда улар баландлиги 9 метрга тенг цирк чодири қулаб тушишига йўл қўймаслик учун уни йиғиб олиб, ихчамлаштиришга ҳаракат қилишган ва қийинчилик билан бўлса-да, бунинг уддасидан чиқишган. Цирк ходимлари ва ҳайвонларга ҳеч қандай зарар етмаган, аммо каттиқ шамол чодирнинг бир қисмини йиртиб юборган. Уни тезда таъмирлаш имкони бўлмагани боис 9 ва 10 майда ўтказилиши кузда тутилган цирк томошалари бекор қилиниб, 11 майдан давом эттирилиши режалаштирилган.

Вилоят гидрометеорология маркази бош мутахассиси Абдуқаҳҳор Тожиев таҳририятимизга маълум қилганидек, 9 майда қечқурун Қарши шаҳрида шимоли-ғарбий томондан эсган шамол тезлигининг секундига 22 метргача кучайиши кузатилган.

Аниқланганидек, шу йил 26 апрелдан бошлаб Қарши шаҳрида вилоят мусиқали драма театри яқинидаги ҳудудда томошалар кўрсатган шапито цирки Чироқчи туманидаги Пахтаобод шаҳарчасида жойлашган “BABY-SIRK” масъулияти чекланган жамияти тасарруфида бўлиб, уни дорбоз Фурқат Абдураҳимов бошқариб келмоқда. 

 

Report typo