Қарши давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига виртуал саёҳат қилиш имконини берувчи odina360.qarshidu.uz сайти ишга туширилди. Мазкур сайт орқали музей жойлашган манзил ҳамда бўлимлар фаолияти, экспонатлар билан яқиндан танишиш мумкин.
Маълумки, музей Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги қарори ижроси доирасида ташкил этилган бўлиб, дастлаб Қарши шаҳридаги Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ ёдгорлик мажмуасида, иш юритган 2021 йилдан эътиборан эса Одина масжиди биносида фаолият кўрсатмоқда.
Музейнинг янги экспозицияси 11 бўлим, 4 та залдан иборат. Шу билан бирга, кутубхона ва ёшлар клуби ташкил этилган. Музейда “Совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши (1926-1936)”, 1937-1938 йиллардаги “Катта қирғин” оқибатлари”, “1940-1950 йилларда Ўзбекистон жанубида амалга оширилган сиёсий қатағонлар”, “1980 йиллардаги қатағон. “Пахта иши” кампанияси” каби кўргазмалар ўз аксини топган. 3 мингдан зиёд буюмлар, архив ҳужжатлари, газета-журналлар, фотосуратлар, нумизматика ашёлари, қўлёзма ва тошбосма китоблар ва дисклар мавжуд.
Маълумотларга кўра, сўнгги 3 йилда музейга 25 мингдан зиёд киши ташриф буюрган. Уларнинг асосий қисмини талабалар ва ўқувчи ёшлар ташкил этади. Мамлакатимизнинг турли вилоятларидан 8 мингдан зиёд, хорижий мамлакатлардан 600 га яқин меҳмон музей кўргазмаларини келиб кўрган.
Янги сайт мамлакатимиз яқин тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этувчи музей фаолияти янада оммалашишида муҳим ўрин тутади.
Б.САЙФИЕВ